​Timelapse ўзи нима ёхуд гўзал Самарқанддан ажойиб таймлепс



Юртимизда тобора оммалашиб бораётган янги атама Timelapse ҳақида нима биламиз? Аслида унинг маъноси нима ва уни қай йўсинда тайёрлаш мумкин? Самарқандлик ёш иқтидор эгаси Феруз Рустамов мазкур саволларга жавоб беради.

"Шу кўринишдаги менинг биринчи видеолавҳам Регистонда суратга олинган. 15 сониялик видеолавҳа 7 соат мобайнида бир жойда муқим туриб, суратга олинган. Ўзимча қилган тахминларимга кўра, мен олган лавҳа ижтимоий тармоқларда тез орада оммавийлашиб, мени машҳур қилиб юбориши керак эди. 

Бироқ мен кутган натижа юз бермади. Менинг ушбу лавхамни Minaret tour сайёҳлик агентлиги кўрган ва худди шунга ўхшаш роликни юртимиздаги 4 тарихий шаҳрида олишни менга таклиф қилишди. Ушбу таклифдан бошим осмонга етди ва зудлик билан лойиҳани амалга ошириш учун гуруҳ йиғдим. 

Гуруҳимиз 3 нафар кишидан иборат: мен, оператор ва режиссёр. Евгений Сорочин – оператор ва барча ишларимда моҳир ёрдамчим, албатта, Зафар Дўсанов – суратга олган барча лавҳаларимизни жой-жойига саранжом қилиб берувчи.

Биз дастлаб суратга олиш жараёнини Тошкентда бошладик. Кейин бир сафарнинг ўзида Бухоро ҳамда Хивани суратга олдик. Айниқса, тунги пайтларда суратга олиш жараёни бизга бир қатор муаммоларни туғдирар эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бир неча маротаба олдимизга келиб, тунги пайтда видеокамералар кўтариб, нима иш қилаётганимизни суриштиришар эди. Биз эса бу пайтларда фақат ҳақиқатни айтар эдик.

Timelapse (таймлепс) – бу бир нечта фотосуратлар жамламасидан тайёрланган видеолавҳа бўлиб, ушбу суратлар видеокамера бир жойда муқим турган ҳолатда узоқ вақт мобайнида олинади. Натижада кун мобайнида олинган лавҳа атиги икки дақиқалик роликка жойланиши мумкин. 

Инглиз тилидаги Time-lapse сўзи Time (вақт) ҳамда Lapse (ўтиш) ибораларидан олинган. Яъни, вақтнинг аста-секинлик билан ўтиши лавҳага олинади.

Менинг шундай даражага чиқишимга катта ҳиссасини қўшган устозим Бобур Раҳимовга алоҳида миннатдорлигимни билдирмоқчиман, негаки уларнинг таълимисиз бундай видеолавҳаларни ярата олмаган бўлардим.

Ўзимнинг барча ишларимни Инстаграмдаги @feruz_rustamov саҳифамга жойлаштириб бораман".

alt
31.07.2016 | 1149

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика