​Шавкат Мирзиёев спорт бўйича йиғилиш ўтказди, аммо футбол масаласи кўтарилмади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 31 октябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, тегишли вазирлик ва қўмиталар раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Йиғилишда спорт соҳаси учун малакали кадрлар ва мураббийлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти фаолиятини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнига янги инновацион технологияларни жорий қилиш, илмий изланишлар учун махсус лабораториялар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Жисмоний тарбия институтини замонавий спорт таълим муассасасига айлантириш, ўқув дастурларини замонавий илм-фан ютуқлари асосида ташкил этиш бўйича 2018-2020 йилларга мўлжалланган дастур тузиш зарурлиги таъкидланди. 

Йиғилишда бу борада йўл қўйилган камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 39 та спорт иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари жадвалдан ортда қолгани, сузиш ҳавзаларини замонавий анжомлар билан жиҳозлаш кечиктирилгани танқид қилинди. Бу камчиликларни бартараф этиш, йил охиригача қурилиш ишларини якунлаш бўйича топшириқлар берилди. Спорт мажмуаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ёшларни уларга янада кенг жалб этиш зарурлиги қайд этилди. 

Спорт мактаблари, республика олий спорт маҳорати мактаблари ҳамда спорт федерацияларининг иқтидорли ёшларни кашф этиш борасидаги ҳамкорлиги, селекция ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани танқид қилинди. Бу борада аниқ шаффоф механизм яратиш ва барча ҳудудларни қамраб олиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Мамлакатимиз спортчиларини нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан, бўлғуси Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда спорт ташкилотлари ҳамкорлигида иқтидорли спортчиларни саралаш ва терма жамоаларни шакллантириш, спортчиларнинг маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, уларнинг нуфузли мусобақалардаги муносиб иштирокини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Йиғилишда халқаро мусобақаларда қўлга киритилаётган медаллар фақат бокс, дзюдо, оғир атлетика ва спорт курашлари билан чегараланиб қолаётгани танқид остига олинди. Гимнастика, трамполин, енгил атлетика, таэквондо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, велоспорт каби бошқа салоҳиятли спорт турлари бўйича ҳам кўпроқ ютуқларга эришиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди. Халқаро спорт федерациялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятининг қуйи бўғинлари ишини кучайтириш, аҳоли барча қатламларини спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш ва бошқа долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди. 

Тегишли қўмита ва мутасаддилар олдидаги вазифалар белгилаб берилди. 
01.11.2017 | 311
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика