Наманган аҳолисининг 200 мингдан ортиғи спорт билан мунтазам шуғулланмоқда

alt
Наманган вилоятида 2016 йил якунлари бўйича спорт соҳасида қўлга киритилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар сарҳисоб қилинди.

Вилоят ҳокимлиги катта залида бўлиб ўтган йиғилишда вилоятда фаолият кўрсатаётган 40 та спорт федерацияси ва ассоциациялари, ташкилот ҳамда корхоналарнинг раҳбарлари иштирок этдилар.

Таъкидлаш керакки, 2016 йилда вилоят спортчилари томонидан халқаро ва юртимиз бўйлаб ўтказилган нуфузли мусобақаларда 294 та олтин, 370 та кумуш ва 431 та бронза медаллар қўлга киритилди. Энг қувонарлиси, Бразилияда бўлиб ўтган ёзги олимпия ўйинларида бокс  йўналишида Муроджон Аҳмадалиев бронза медални қўлга киритди ва худди шу давлатда ўтказилган Паралимпия ўйинларида Нозимахон Қаюмова найза улоқтириш бўйича рекорд ўрнатиб, олтин медалга эгалик қилди.

Йиғилишда федерация раҳбарларининг ҳисоботи тингланиб, айрим спорт турлари бўйича юзага келган масалалар ечимига урғу қаратилди.

Қизғин мулоҳазалар асосидаги йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳилола Юсупова соғлом жамиятни шакиллантиришда ёш авлодни спортга кенг жалб этиш, айниқса, аёллар спортига янада кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтди.

Маьлумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда вилоятда 8509 та спорт объектларида 203 минг 235 нафар наманганликлар спортнинг 54 тури бўйича  амалий машғулот олиб боришмоқда.

Йиғилишда олдинда турган нуфузли беллашувларга тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Ўртага ташланган барча масалалар, таклиф ва фикрлар асосида тегишли қарор қабул қилинди.

Темурмалик ВОҲИДОВ
08.01.2017 | 162

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика