Соғлиқни сақлаш тизимидаги «Ишонч телефонлари»га ишонса бўладими?

Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасидаги ҳолат:
altСоғлиқни сақлаш бошқармасидаги «Ишонч телефони»га сим қоққанимда гўшакни бошлиқнинг ёрдамчиси кўтарди. Ўзимни танитдим. Тизимда ташкил этилган «Ишонч телефонлари» фаолияти билан танишмоқчилигимни билдирдим.

– Бошлиқнинг номига хат билан чиқинг! – қисқа қилди у ва гўшакни қўйди.
Бордим. «Ишонч телефони» бўйича масъул кишига рўбарў қилишди.

А.Эргашев бошқарманинг 2-махсус бўлими бошлиғи:
– Рости гап, «Ишонч телефони»га мени масъул этиб тайинлашлари худди томдан тараша тушгандек бўлди, – деди у. – Аслида бу иш назорат инспекциясининг вазифаси. Шунинг учун ҳам буйруқ билан танишиб чиқиб, розилик билдирмадим. Аммо бу билан ҳеч нарса ўзгармади ҳам. «Ишонч телефони»га келсак, унга оид дафтар юритдик, аммо рисоладагидек эмас.
 
Маълумот ўрнида: 2010 йилнинг 15 июлида Соғлиқни сақлаш вазирининг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббий муассасалардаги «Ишонч телефонлари»нинг фаолият тартиблари ва улар устидан назорат ўрнатиш Йўриқномасини тасдиқлаш тўғрисида»ги 210-сонли буйруғи қабул қилинганидан роппа-роса 19 кун ўтиб, яъни 4 август куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ички, 347-сонли буйруғи қабул қилинган. Аммо амалга оширилиши лозим масалага масъул тайинланмаган. Натижада вазир буйруғи қоғозда қолиб кетган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилояти бўйича назорат инспекцияси бошлиғи Б.Сиддиқовнинг 2010 йил 28 октябрда бошқарма бошлиғи З.Раҳмоновга йўллаган 124-сонли хатида айнан шундай дейилади: «...ВҲССБнинг 4 августда 347-сонли буйруғи чиқарилгани ҳолда, буйруқ ижросини таъминлаш учун масъул ходим тайинланмаган, бошқармада алоҳида автомат жавоб қайтарувчи (автоответчик) телефон аппарати ўрнатилмаган. «Ишонч телефони» ташкиллаштирилмаган. ОАВ орқали эълон қилинмаган. Буйруқ қуйи муассасаларга етказилмаган...».
 
Кўриб турганингиздек, вазир буйруғи қарийб 105 кун ижро этилмаган. Инспекция бошлиғининг мазкур хатидан сўнг, яъни 2010 йилнинг 1 ноябрь куни иккинчи, 452-сонли қўшимча буйруқ қабул қилиниб, аввалгиси тўлдирилган. Унга кўра, ташкил этилган «Ишонч телефони»га 2-махсус бўлим бошлиғи масъул этиб тайинланган.

Хўш, шундан сўнг аҳвол ўзгардими?

Айтиш жоизки, шундан кейин бошқарманинг нашри ҳисобланган ойда икки марта чоп этилувчи «Шифокор ва ҳаёт» газетасининг 1-15 ноябрдаги 21-сонида «Соғлиқни сақлаш соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ва тиббиёт ходимларининг ноқонуний ҳаракатларини олдини олишни такомиллаштириш мақсадида вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасида 234-32-34 рақамли «Ишонч телефони» фаолият кўрсатмоқда» деган эълон берилган.

«Ишонч телефони» орқали олинган маълумотларни таҳлил этиб бориш назорат инспекцияси зиммасига юклатилган. Далилларга қараганда, «Ишонч телефони» ташкил этилгач, унга бор-йўғи 13 киши мурожаат қилган.

Дафтарда қайд этилган бошқа мурожаатлар мазмуни «Бош врачга етказилди» ёки «айтилди» сингари мавҳум қайдлар ёзиб қўйилган, холос.

Айтгандай, «Ишонч телефонлари» бошқарманинг вилоят миқёсидаги ҳар бир муассасасида, шунингдек, туман бирлашмаларида ҳам ташкил этилган. Лекин...

Бошқармада-ки вазир буйруғига муносабат шу бўлса, қолганлар ҳақида... шундай бўлса-да, уларнинг айримлари билан қизиқиб кўрдик.

Тўғри, «Ишонч телефони»га шахсан раҳбарнинг масъул бўлиши, бу яхши, аммо раҳбар кези келганда соатлаб йиғилишда, тадбирларда, кунлаб бошқармада ва бошқа жамоат юмушларида ушланиб қолиши мумкин-ку! Ундай пайтда мурожаат қилувчи кимга дил ёради?

Биз шу куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалида, вилоят эндокринология, онкология диспансерларида бўлдик. Уларда ташкил этилган «Ишонч телефонлари»нинг фаолияти билан танишдик. У ерда аҳвол деярли бир хил.

Масалага жиддий ёндашмоқ лозим. Акс ҳолда «Ишонч телефони»га бўлган ишончсизликлар ортиб кетади. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Таҳририятдан:
Кузатаётган бўлсангиз, оммавий ахборот воситалари – телевидение, радио, матбуот нашрлари орқали турли тизимларнинг «Ишонч телефонлари» ҳақидаги эълонлар мунтазам бериб борилмоқда.

Мақсад – мазкур тизимлар фаолиятидан фуқароларнинг қай даражада қониқиш ҳосил қилаётгани ёки аксинча ҳолатларни аниқлаб, фаолиятсизликка барҳам бериш, қонунбузилишларни бартараф этиш ва муаммоларга вақтида ечим топишдан иборат.

Шундай экан, «Ишонч телефонлари» фаолияти билан боғлиқ юқоридаги ҳолатлар юзасидан вилоят ҳокимлигининг соғлиқни сақлаш бошқармасидан жавоб кутамиз ва мавзуга яна қайтамиз.

Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидан келган жавоб:
«Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 20 ноябрдаги 333-сонли буйруғи ижроси бўйича Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2013 йил 1 июндаги 210-сонли буйруғи чиқарилиб, вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасаларига етказилган ва ушбу буйруқлар ижроси назоратга олинган. Бошқарма қабулхонасидаги 234-32-34 рақамли телефон «Ишонч телефони» деб белгиланган ва мунтазам ишлаб келади.

«Ишонч телефони»га келган маълумотлар учун алоҳида қайд журнали юритилиб, келиб тушган маълумотлар ижроси билан масъул ходим А.Эргашев шуғулланади. Шу билан бирга, ушбу буйруқ ижроси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилояти бўйича Назорат инспекцияси томонидан мунтазам назорат қилиб борилади.

2014 йил давомида ушбу «Ишонч телефони»га 13 та мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси қайд этилган ва тегишли тартибда ижро қилинган ҳамда муаллифга хабар етказилган».
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган жавоб:
«Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг тўлақонли ижросини таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида марказий аппаратда ҳар ҳафтада, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларида ҳамда жойларда ҳар ойда ўтказиладиган кенгашларда ушбу масала муҳокамаси йўлга қўйилган.

Натижада вазирлик тизимидаги ДПМларда электрон ҳужжатлар алмашинуви вазирлик портали орқали амалга оширилиши таъминланмоқда. Жумладан, «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун талабларининг ижроси вазирлик сайти ва ягона Давлат интерактив хизматлар портали орқали амалга оширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 15 июлдаги 210-сонли буйруғига асосан, ҚҚР ССВ, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларида 14 та ва барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида «Ишонч телефонлари» ташкил қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 2013 йилда фуқаролардан жами 9452 маротаба мурожаатлар қабул қилинган (2012 йилда 8907 та).

Шунингдек, вазирликни «Ишонч телефони»га (8-371-239-47-95) жорий йилнинг 17 декабрь куни ҳолатига 241 та мурожаатлар қабул қилинган. «Ишонч телефонлари»га қабул қилинган мурожаатларнинг аксарияти:
− даволанишга ёрдам сўраб;
− дори ва тиббий воситалар билан таъминланиш ҳақида;
− тиббий маслаҳат сўраб;
− имтиёзли йўлланма (ордер) сўраб;
− тиббиёт ходимларининг фаолиятидан норозилик ҳақида ва бошқалар.

Вазирлик тизимидаги «Ишонч телефонлари»га жисмоний ва юридик шахслар томонидан келаётган мурожаатлар бўйича берилган саволларга жавоб қайтарилиб, шу билан бирга, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараган ходимларга интизомий жазо чоралар кўрилган».

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ.
19.12.2014 | 2914

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика