​Патронаж ҳамширалар хизматга тайёр

Вилоятимиздаги тиббий - профилактика муассасаларида патронаж ойлиги давом этмокда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тиббий - ижтимоий тадбирлардан кўзланган мақсад аҳолига кўрсатилаётган тиббий профилактика ишларини янада такомиллаштириш, ҳомиладорлар, фертиль ёшидаги аёллар, болалар, ижтимоий ёрдамга муҳтож беморлар ҳолидан хабар олиш ва уларга тиббий санитария ёрдами кўрсатиш ишларини янада яхшилашдан иборатдир. 

Урганч шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиникада ҳам ушбу тадбир уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Мазкур шифо муассасаси энг замонавий  тиббиёт воситалари билан жиҳозланган. Тиббиёт муассасаси 14 та маҳалла аҳолисига тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Шифокорлар ва патронаж ҳамширалар вилоят марказидаги 5-сонли маҳаллада яшовчи Маткаримовлар оиласига кириб келганларида хонадондаги тозалик, покизаликдан диллари янада яйраб кетди. 

Шифокор Зулхумор Жабборова Онабиби онанинг соғлигини диққат билан кўздан кечирди. Онахоннинг соғлиги кўнгилдагидек бўлиб, у бардам ва тетик эди. Поликлиника бош ҳамшираси Муборак Оллаберганова ва патронаж хамширалар Ўғилжон Исмоилова, Нодира Йўлдошевалар ҳам Онабиби она билан дилдан суҳбатлашдилар. 

Шунингдек, ҳамширалар оиланинг ёш келинчаги Зарнигор Илҳомбекованинг ҳам ҳомиладорлик     даври яхши ўтаётганлигини қайд этишди. 

— Патронаж ҳамширалар, шифокорларимиз доимо хонадонимизга келиб, оила аъзоларимиз    соғлигидан хабар олиб туришади. Зарур маслаҳат ва тавсияларини беришади. Ёшим етмиш бешда. Узоқ йиллар таълим тизимида фаолият юритдим. Бугун кексалик гаштини сурмоқдаман, — дейди меҳнат фахрийси Онабиби Маткаримова.

3-сонли оилавий поликлиника жамоаси мутахассислари маҳаллаларда бўлиб, соғлом турмуш тарзи қоидалари ва уларга амал қилиш ҳар бир кишининг соғлигини мустаҳкамлашда, турли касалликларнинг олдини олишда ёрдам беришини таъкидламоқдалар.  

— Шифокорлар маҳалламизда бўлиб, айниқса, бўлажак оналарга маслаҳатлар беришмоқда.  Бу эса  саломатлигимизнинг мустаҳкам бўлишида, соғлом фарзанд дунёга келишида алоҳида аҳамият касб этади, — дейди 9-сон маҳаллада истиқомат қилаётган Сабоҳат Қиличева. 

Тиббий патронаж ойлигида инсон саломатлигини асрашга йўналтирилган қатор тадбирлар ўтказиляпти. Шу йилнинг 11 августига қадар давом этадиган ушбу ойликда тиббиёт муассасалари, хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, таълим тизими ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан тадбирлар ўтказилади.
 
О.ХУДОЙБЕРГАНОВ
24.07.2016 | 725

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг