​Тожик - афғон чегара ҳудудларидаги нобарқарор вазият

Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, Тожикистон Республикаси томонидан бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан, тожик-афғон чегарасидаги вазият нобарқарор ҳолатда қолмоқда. Бунга бир нечта омиллар, жумладан, Афғонистон шимолидаги ҳарбий-сиёсий вазият, наркотик моддалар ишлаб чиқариш лабораторияларининг мавжудлиги ва наркотик савдо йўлининг шу ҳудуддан ўтиши, ноқонуний қуролланган гуруҳлар, контрабанда билан шуғулланувчилар ва турли радикал экстремистик гуруҳларнинг кўпайиши таъсир этмоқда.

Бугунги кунда, тожик-афғон чегарасида Тожикистон чегара қўшинларига ноқонуний қуролланган гуруҳлар ва контрабанда билан шуғулланувчилар томонидан қуролли ҳужумларини ортиши кузатилмоқда.

Хусусан, 2015 йил сентябрь ойида 12 кунлик “қўлга олиш” режасига асосан, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги, Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ва Мудофаа вазирлигининг бўлинмалари иштирокида Хатлон вилоятидан ўтувчи ва Душанбе билан Тоғли Бадахшонни боғловчи автомагистрал йўлига 30 га яқин блокпостлар қўйилган. Мазкур режага асосан 25 та жангари йўқ қилиниб, 125 таси қўлга олинган, 600 та ўқ отар қуроллар ва 11 мингдан ортиқ турли ўлчамдаги (калибр) ўқ-дорилар қўлга киритилган. Ушбу вазифани бажаришда 14 та ҳарбий хизматчи ва “Альфа” гуруҳи командири полковник Р.Амакиев ҳалок бўлган .

Тожикистон Стратегик тадқиқотлар марказининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида 1,5-2 минг, Қундуз вилоятида 4-5 мингга яқин жангарилар асосан “Толибон” ҳаракати, “Туркистон ислом ҳаракати” ва “Жамоати Ансоруллох” жангари гуруҳлари вакилларидан иборат.

Шунингдек, Тожикистон чегара қўшинлари қўмондонининг маълумотига кўра, 2015 йилда тожик-афғон чегарасини турли жиноий гуруҳлар томонидан 106 маротаба бузишга ҳаракат қилинган, шундан 30 та қуролли тўқнашувда 135 та шахс ушланиб, улардан 13 та ўқ отар қуроллар ва 520 та бошқа турдаги қуроллар ҳамда 4 минг 676 кг наркотик моддалар ушлаб қолинган .

2016 йилда 151 та чегарани бузиш ҳолати қайд этилган, шундан 19 та қуролли тўқнашувда 8 нафар тожик чегарачилари ҳалок бўлган, 121 нафар давлат чегарасини бузган шахслар ва чегара режимини бузган 189 киши ҳибсга олинган. Жиноятчилардан 19 та ўқ отар қурол, 415 та турли ўлчамдаги (калибрли) ўқ-дорилар ва 275 кг портловчи моддалар ҳамда 700 кг ортиқ наркотик моддалар, 15 кг героин, 95 кг опий, 593 кг наша мусодара қилиниб, 400 та каннабис бутаси йўқ қилинган.

Шунингдек, Тожикистон ва Афғонистон ҳуқуқ-тартибот органлари 2016 йилда 11 та махсус операцияни ҳамкорликда ўтказиб, ушбу махсус операциялар давомида 11 нафар жиноий гуруҳ аъзоларидан 446 кг. наркотик воситалар, 331 кг. опий моддаси, 800 литр прекурсорлар қўлга олиниб, героин ишлаб чиқарадиган 1 та лаборатория йўқ қилинган.

Душанбе томонидан тожик-афғон чегара йўналишидан келиши мумкин бўлган хавфни олдини олиш мақсадида чегараларни мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, 2015 йилда Тожикистон Республикаси қуролли кучлари томонидан 32 та махсус операция ўтказиб, тожик-афғон йўналишига чегара қўшинлари билан Мудофаа вазирлиги қўшинлари биргаликда жами 16 минг ҳарбий хизматчи ёрдамида чегарани қўриқлашни кучайтирган. 2015 йил РФ Кулябдаги 149-мотоўқчи гвардия полкини Душанбега 201-ҳарбий базасига кўчирди. ТР Мудофаа вазирлиги ушбу ҳарбий қисм ўрнига ўзининг мотоўқчи бригадасини жойлаштиришга сабаб, Кўлоб туманидан тожик-афғон чегарасигача бўлган масофа 30 км ташкил этади. Ушбу мудофаа сектори мотоўқчи бригадаси зиммасига юклатилди .

2016 йилда чегара ҳудудини назорат қилиш мақсадида чегара қўшинлари таркибига махсус разведка бўлинмаси ташкил қилиниб, унга юқори тайёргарликка эга бўлган шартнома асосидаги 500 та ҳарбий хизматчилар жалб қилинган.

2016 йил давомида Тожикистон чегара қўшинлари ва бошқа ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳамкорликда 29 та махсус операция ўтказилган. Мазкур операцияларнинг 12 тасини чегара қўшинлари ва миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биргаликда амалга оширган. 2016 йил сентябрь ойида Ички ишлар вазирлиги томонидан “Нелегал-2016” махсус операциясининг биринчи босқичи якунига кўра, Тожикистон фуқаролиги бўлмаган (республика ҳудудида яшаш қоидаларини бузган) 15 минг 74 нафар шахс аниқланган, шундан 285 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, 47 нафари суд қарори асосида мамлакатдан чиқариб юборилган.

Душанбе томонидан чегара хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хорижий давлатлар билан ҳамкорликда тактик ўқув машғулотлари ўтказиш баробарида моддий ёрдам ҳам олмоқда.

Хусусан, тожик-афғон чегара йўналишидан юзага келиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш мақсадида 2015 йилда РФ 201-ҳарбий базасини Ми-8, Ми-24 ҳужумкор вертолётлари билан, 2016 йилда эса 200 та ҳарбий техникалар билан кучайтирган. КХШТга аъзо давлатлар томонидан 2016 йил “Поиск-2016” , шу йилнинг сентябр ойида ТР Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, чегара қўшинлари ва махсус қўшинлари билан 201-база ҳамкорликда “Ляур” полигонида тактик машғулотлар ўтказилган.

Шунингдек, Пекин ва Душанбе ҳамкорликда терроризмга қарши курашиш марказини ташкил қилиш мақсадида 2014 йил апрель ойидан 2020 йилга қадар жами 100 млн. долл. миқдорида маблағ ажратган.

ХХР томонидан ТР Қуролли кучларига 2012 йилда 14 млн. долл., 2015 йилда 15 млн. долл. миқдорда грант ажратилган маблағлар эвазига 15 та зирҳли ҳарбий автомобиль, Тоғли-Бадаҳшон автоном вилояти, Мурғоб тумани ва Тўхтамиш аҳоли яшаш жойларида (тожик-афғон йўналишига) стационар бошқарув пунктлари чегара разведка қидирув гуруҳлари учун бинолар қуриб фойдаланишга топширилган.

ХХР ва ТР ҳамкорликда Афғонистон шимолидаги нобарқарор вазиятдан келиб чиқиб, тожик-афғон чегара йўналишида 2015 йил июнь ойида икки давлат махсус бўлинмалари 250 га яқин ҳарбий хизматчи иштирокида, 2016 йил 20-24 октябрь кунлари Тоғли-Бадахшон автоном вилоятида 10 минг ҳарбий хизматчи билан биргаликда вертолёт авиацияси, зирҳли техникалар, артиллерия, ўқ отар қуролларини қўллаган ҳолатда катта масштабда тактик ўқув машғулоти ўтказилган.

Шу билан биргаликда, ЕИнинг 2016 йилда ТР чегара хавфсизлигини таъминлашга грант маблағи 8 млн. долл.ни ташкил этган.

АҚШ томонидан 2016 йил ҳисобига тожик-афғон чегарасида терроризмга қарши курашиш учун берилаётган молиявий ёрдам ҳажми 50 млн. долл. қийматига тенг бўлган. 2015 йилда Ички ишлар вазирлиги ва Чегара қўшинларига 5,7 млн. долл. қийматида 87 та “Toyota Hilux” русумли юк ва йўловчи ташийдиган машина ҳамда 2016 йилда 3 млн. долл. қийматида “J8 Jeep Wranglers” русумли 50 та ҳарбий машина берилган.

Юқорида қайд этилган маълумотлар асосида хулоса қилиш мумкинки, бугунги кунда тожик-афғон чегарасидаги вазият нобарқарорлигича қолмоқда. Бунинг асосий сабаблари АИР ҳокимиятидаги сиёсий нобарқарорлик, наркотик моддалар ишлаб чиқариш лабораторияларининг мавжудлиги ва асосий наркотик савдо йўлининг шу ҳудуддан ўтиши ҳамда табиий географик жиҳатдан (тоғли ҳудуд) мураккаблиги туфайли назорат қилиш, ҳарбий ҳаркатлар олиб бориш бир қанча қийинчилик туғдирмоқда.

Умуман олганда Тожикистон Республикаси тожик-афғон чегара ҳудудида вазиятнинг кескинлашишини олдини олиш мақсадида давлат чегараларини мустаҳкамлаш чораларини, шунингдек, мазкур чегара ҳудудларида ноқонуний қуролланган гуруҳлар ва контрабанда билан шуғулланувчиларга қарши кураш тадбирларини кучайтирмоқда. 

Бундан ташқари, КХШТ доирасида тактик ўқув машғулотлар, РФ ва АҚШ давлатлари билан ҳам биргаликда турли хил тренинг машғулотларини ўтказиб, ушбу мамлакатлардан моддий техник ёрдам олишни давом эттирмоқда. 

Яқин истиқболда радикал экстремистик гуруҳларнинг фаоллашуви, наркотик моддалар савдосининг ўсиши ва бошқа омиллар таъсирида тожик-афғон чегарасидаги нобарқарорлик сақланиб қолади.

Бундай вазиятда ташқи акторлар, асосан РФнинг КХШТ доирасидаги фаолиятининг фаоллашуви кузатилиши мумкин. Москва вазиятдан унумли фойдаланиш мақсадида Тожикистондаги ҳарбий базасини янада кучайтириш эҳтимоли ортади. 

Бундан ташқари, мазкур ҳудудлардаги вазиятнинг кескинлашиши ХХР манфатларига ҳам тўғри келмайди. Шу сабабдан, ХХР томонидан ТРга ҳарбий техник ёрдам бериб, биргаликда тактик ўқув машғулотларини ўтказиб, “Бадахшон-Шинжон Уйғур автоном райони” йўналиши бўйича хавфсизлик чораларини кучайтириши мумкин.

И.О.Бабажанов,
мустақил тадқиқотчи
06.01.2017 | 536

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг