Тошкентда давра суҳбати: меъморий ёдгорликлар тилга кирди!

alt
Тошкентда давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йилилиги ҳамда “Uzbekistan Today” ахборот агентлиги ташкил этилганлигининг 10 йиллигига бағишланди.

Тадбир “Uzbekistan Today” АА, Ўзбекистон Электрон ОАВ миллий ассоциацияси, ЮНЕСКОнинг республикадаги ваколатхонаси ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси илмий жамоатчилиги, давлат, жамоат, шунингдек, халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатининг очилиш маросими “Uzbekistan Today” ахборот агентлиги ташкил этилганлигининг 10 йиллигига бағишланган табрик билан бошланди. Агентлик фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилди. 

Давра суҳбати давомида  намойиш этилган фильм, лойиҳани амалга оширишда бевосита иштирок этган кўзга кўринган олимлар, шунингдек, халқаро жамоатчилик вакилларининг чиқишлари лойиҳанинг илк натижаларини ўзида қамраб олди. 

– Ўзбекистон эпиграфикаси бўйича чоп этилган китоб-альбомлар ушбу лойиҳанинг илмий ва маданий аҳамияти бўйича тенгсиздир, – дея таъкидлади Ахборот соҳасини ислоҳ этиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича комиссияси раиси, профессор А.Саидов. – Республика ҳукумати ушбу лойиҳани бошланишиданоқ қўллаб-қувватлаган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов унга алоҳида эътибор қаратган. Лойиҳанинг мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланиши ҳам бежиз эмас. Айнан мустақиллик йилларида мамлакатнинг буюк тарихий ва маданий меросини сақлаб бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ва чоп этилган Ўзбекистон эпиграфикасига бағишланган нашр бунинг яққол исботидир. 

alt
Суқрот: «Инсон дунёда ўзининг барча ҳолатларида ҳам азобланувчи ва у дунё орқали эга бўлган нарсалари устида абадий қолмайди. Қалбинг – ўзи топган нарсалар билан машғул …», – деди. 


(Ушбу ёзув Шоҳи Зинда мажмуасидаги Ширинбека оқо мақбараси пештоқининг ички пермитетри бўйлаб битилган)

Ўзбекистон обидаларидаги кўплаб битикларнинг доно мурожаат, панд-насиҳат, шеърий насиҳат, тарихий воқеалар тўғрисидаги маълумотларни қамраб олганлиги, ҳар бир инсонни таълим олиш, маърифатли бўлиш, тинчлик ва бунёдкорлик сари чорлаши уларнинг ниҳоятда муҳим аҳамиятли эканлигидан дарак беради, - дея фикр билдирди лойиҳани амалга ошириш бўйича Республика ижодий гуруҳи раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ф.Абдухолиқов. – Уларни ўрганиш ва аниқ ўқиш мақсадида ижодий гуруҳ олти йил давомида жуда катта ишни амалга оширди. Ва фурсатдан фойдаланиб, лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, республикамизнинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, шунингдек, ҳамкорларимиз Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик  мажмуаси маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази, Регистон ансамблидан фойдаланиш ва уни таъмирлаш мустақил дирекцияси олимлари ва агентлик журналистлари, шунингдек, “Darakchi inform servis” МЧЖга, бундан ташқари ажойиб ноширлик ижроси билан ушбу 12 жилдни чоп этганлиги учун «Кolor Pak» МЧЖга ижодий гуруҳнинг барча қатнашчилари номидан миннатдорчилик билдирмоқчиман, - дея қайд этди Фирдавс Абдухолиқов. 

Бу йил лойиҳанинг биринчи босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри, бундан ташқари Самарқанд вилоятининг икки тарихий меъморчилик мажмуалари – Регистон ва Шоҳи Зиндага бағишланган жилдлар нашр қилинди. 

Ўзбекистоннинг қадимий, хусусан меъморий обидаларининг тақдири осон кечмаган. Турли хил вазият ва воқеалар сабаб улар йўқ қилинди ёки жанговор атеистлар томонидан яширилди. Айрим намуналар уларни келажак авлодга етказиш мақсадида ҳаттоки ерга кўмиб қўйилди. Шундай йўл билан нафақат тарих, балки эпиграфика ҳам бир қисми ҳисобланган асрлар хотираси ва қадимий маданият йўқ бўлиб кетди. Кўплаб битикларнинг мазмуни фақатгина Ўзбекистон аҳолиси ва меҳмонлари учун эмас, балки мутахассислар учун ҳам ҳалигача сир бўлиб қолмоқда. Мустақиллик ушбу ёдгорликларнинг мамлакатда, ҳудудда тутган ўрнини ўз жойига қайтарди. Бундан ташқари аждодларимизнинг жаҳон тамаддуни хазинасига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг айнан суверенитетни қўлга киритиши ва маданий ҳамда тарихий меросга эътибор сабаб ушбу обидаларни китоб ва альбомларга киритиш имкониятини тақдим этди. 

Замон биз учун ўрта асрлар меъморчилигига оид ҳайратланарли дунёни сақлаб қолган. Улар миллионлаб инсонлар, шу жумладан дунёнинг барча бурчакларидан ушбу муқаддас диёрга маҳобатли бинолар, обидалардаги бежирим хаттотлик битиклари билан тўлдирилган нафис безакларни ушлаб кўриш истагида ташриф буюрувчиларнинг нигоҳларини асир қилган. Жуда кўпчиликда улар нима ҳақида сўзлайди деган савол туғилганлиги, табиий. Бугун “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркум нашрни ўқир экансиз, ўзбек олимлари меҳнати сабаб ана шу ноёб сирларни “фош қилиш” имконияти юзага келди. 

Эпиграфика ёдгорликлари маданий мероснинг нафақат Ўзбекистон Республикаси ёки ислом олами, балки бутун дунё тамаддунини ўзида акс эттирувчи энг ёрқин ва яққол намунаси ҳисобланади. Бундан ташқари Ўзбекистон обидалардаги битиклар сони бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирида туради. Бироқ турли сабабларга кўра ушбу битиклар ҳалигача ўрганилмаган ва нашр этилмаган. Масалан, ҳисоб-китобларга кўра, Амир Темур даврига оид ёдгорликлардаги битикларнинг бор-йўғи 10% ўқилгани, ўрганилгани ва қисман чоп қилинганлигини айтишнинг ўзи етарли. Шу сабабли маданий меросимизнинг энг ёрқин ва аҳамиятли саҳифалари фанга, халқимиз ҳамда мамлакатимиз меҳмонлари учун номаълумлигича қолиб келган.

alt
“Эй, мукаммал мадҳ (мақтов)ни тафаккур қилувчи одам!” (Ўрда, Қўқон)


Тадқиқотлар жараёнида меъморий ёдгорликлардаги 1500дан ортиқ битиклар (уларнинг кўпчилиги илк марта) ўқилди ва таржима қилинди. Жумладан, улар орасида 200дан ортиқ шеър, панд-насиҳат, доно ҳикматлар, 150дан ортиқ уста ва хаттотлар исмлари, 300 та диний ва 150 та бағишлов матнлари, 150 та хронограмма, 100 та тарихий саналар, 100 та ҳукмдорларнинг фармойишлари ва бошқалар мавжуд.

“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси ҳукумат кўмагида мамлакат ҳудудида жойлашган меъморий обидалардаги эпиграфика ўрганилаётгани ва бир тизимда умумлаштирилаётганлиги билан ягона ҳисобланади. Бу каби лойиҳа ислом дунёсидаги бошқа бирор давлатда амалга оширилмаган.

Алоҳида қайд этиш керакки, кўп йиллар давомида мутахассислар ушбу битикларни тадқиқ қилишга уриниб келмоқдалар. Маҳоратли усталар томонидан битилган асрий монограмма ва бошқа матнларнинг тўғри талқини борасида юзага келган илмий мунозаралар бугун ҳам давом этмоқда. Аммо қадимий ўзбек заминида жойлашган тарихий обидалардаги битикларни ўрганиш шу пайтгача тўлалигича амалга оширилмаган, шу билан бирга чоп ҳам этилмаган.  
Олиб борилган иш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эпиграфик битиклар сақланиб қолган меъморий обидалар мавжуд барча вилоятларни қамраб олди.

alt
“Оқил ўз амалига суянади, жоҳил эса ўз орзу-умидига”. (Оқсарой, Шаҳрисабз)


Тақдим этилган туркум йирик лойиҳанинг биринчи босқичи якунларини ўзида мужассам этган бўлиб, бу борада ишлар яна давом эттирилади ва кейинги жилдлар бутун Ўзбекистон обидаларидаги ўрганилмаган китоба битикларни қамраб олади. Умумий ҳисобда 25 жилдлик материаллар қилиниши мўлжалланган. 

– Ўзбекистон меъморий обидаларидааги эпиграфик битикларни қидириш, ўрганиш ва нашр қилиш бўйича жуда улкан ишлар олиб борилди, – дея таъкидлади Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзе. – Лойиҳа муаллифлари бундан аввал мутахассислар томонидан ўқилмаган ва тадқиқотчилар учун номаълум бўлиб қолган эпиграфик материалларни илмий муносабатга олиб киришга муваффақ бўлишди. Жуда қийин ва синчковлик билан амалга оширилган бу иш Марказий Осиё халқлари маданияти ва тарихини ўрганишда муносиб ҳиссадир. Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, ислом санъати ва маданиятига оид ёдгорликлар сақланиб қолган мамлакатлар ичида Ўзбекистон бундай кенг миқёсли лойиҳани амалга оширган биринчи бўлди.   

– Эпиграфик битиклар бўйича нашр қилинган китоб-альбомлар республиканинг мехморий ёдгорликлари билан танишиш, аждодлар томонидан қолдирилган битиклар мазмунини билиш учун ноёб имкониятни тақдим этмоқда, – дея таъкидлади ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори Жон Макгрегор. – Амалга оширилган қийин иш нафақат сизнинг мамлакатингиз, балки бошқа давлатлар учун ҳам аҳамиятли. Унинг давом эттирилиши жуда муҳим. 
– “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси доирасида нашр қилинган бир нечта китоблар билан диққат билан танишиб чиқдим, – дейди “Ҳудудий мулоқот”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мьюша Север. – Ҳайратимни акс эттиришга сўз етмайди. Бу ҳақиқатдан ҳам илм хазинаси, узоқ ўтмишдан мактублар. Мен бундан кўпроғини айтишим мумкин, яъни бу Шарқ ва Ғарб ўртасига қўйилган ғишт ва ўзига хос кўприкдир. Бу кўприкнинг нариги томонида Ғарб шарқнинг ҳали ўрганилмаган гўзаллигини кўриши, эзгулик ва бунёдкорлик, тинчлик ва иноқликка чорловчи меҳрибон ҳамда доно чақириқни эшитиши мумкин. 

Дмитрий Петров, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили:

– Тадбир жуда юқори даражада ташкил қилинган. Биз учун жуда қизиқ бўлди, кўплаб янгиликларни билиб олдик. “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси ноёб ва жуда фойдали. 
21.10.2016 | 983
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика