Томошабин кинотеатрга қайтади...ми?

Катта ёшли кишилар билан кино мавзусида суҳбатлашиб қолсангиз, аксарияти “ёшлигимизда маҳалламизда клуб бўларди, каттаю кичик бориб кино кўрардик”, дейди. Ёки юртимизнинг таниқли театр актёрлари келиб, спектакль намойиш этгани, ижодий учрашув ўтказганини завқ билан гапиради. 

Ҳозир ҳам ўша клуб, кинотеатр борми, деб сўрасангиз, жавоблар деярли бир хил: “Кинотеатр тўйхона бўлиб кетди”, “Клуб ўрнида савдо дўкони, ошхона қурилди”, “Хусусийлаштириб олганидан кейин ўз билганича фойдаланяпти” ва ҳоказо. 

Бу фикрларнинг барчасида жон бор. Ҳақиқатан ҳам, жамоа хўжаликлари балансида бўлган клублар хўжаликлар тугатилаётганда хусусийлаштирилиб, уларнинг деярли барчаси бузилиб кетди. Туман, шаҳарлардаги кинотеатрларнинг тақдири ҳам шундай бўлди. Фаолият йўналишини ўзгартирмаслик шарти билан сотиб олган тадбиркорлар ҳам кейинчалик бу талабни унутиб қўйди. Аниқроғи, ҳеч ким сўрамай қўйгач, энди кинотеатрга эҳтиёж қолмади, деган важ билан улар ҳам ўз билганича иш тута бошлади. 

Ана шундай муносабат туфайли бугун Самарқандда фаолияти сақланган атиги 13 кинотеатр рўйхатда туради. Ҳа, фақат рўйхатда туради, аслида аксарияти фаолият кўрсатмайди. Вилоятда 16 шаҳар ва туман борлигини ҳисобга олсак, демак, айрим туманларда кинотеатрнинг ўзи йўқ. 

Биргина Самарқанд шаҳрида “Шарқ юлдузи” кинотеатрини ҳисобга олмаганда, бошқа муассасаларда қачон кино намойиш этилгани одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетган. Шаҳарда вазият шундай бўлгач, туманлардаги аҳволни тасаввур қилаверинг. Ҳаммамиз биладиган ўша ҳолат – юқоридан топшириқ бўлгач, мактаб ёки коллеж залида ўқувчилар учун фильм намойиш этилади. Йилда бир-икки бор жойларда ташкил этиладиган кино фестиваллари доирасидаги фильмлар намойишининг томошабинлари ҳам яна ўша ўқувчилар, талабалар. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили 3 августда ижодкор зиёлилар билан ўтказган учрашувида миллий кино санъатимиз, хусусан, шундай оғриқли масалалар ҳақида ҳам фикр юритилган эди. Орадан уч кун ўтиб, 7 августда давлатимиз раҳбарининг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Йил якунида, яъни 29 декабрь куни Президентимиз яна ушбу масалага эътибор қаратди – миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари дунё миқёсида турли ғоя ва мафкуралар кураши, одамлар, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган бугунги кунда энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак, деб алоҳида таъкидлади. 

Хўш, давлат раҳбари томонидан кино санъати ва саноатини ривожлантиришга қаратилаётган бундай эътибор, белгилаб берилган вазифалар ижроси жойларда қандай кечмоқда? Кинотеатрлар фаолиятида жонланиш кузатилдими? 

–Албатта, Президентимизнинг қарори ва билдирган фикрларидан сўнг, аввало, тизимга бўлган муносабат ўзгарди, – дейди “Ўзбеккино” миллий агентлиги Самарқанд ҳудудий бўлими бошлиғи Ф.Розиқов. – Самарқанд вилояти ҳокимининг 2017 йил 12 августдаги қарори билан “Ўзбеккино” миллий агентлиги вилоят бўлимининг моддий-техник базасини ривожлантириш дастури тасдиқланди. Дастурга асосан, бўлимга 30 миллион сўм маблағ ажратилди. 2018 йилда бўлим биносини ва Самарқанд шаҳридаги “Шарқ юлдузи" кинотеатри, “Жомбой кино” ва “Қўшработ кино” давлат унитар корхоналарини замонавий ускуналар билан таъминлаш ҳамда кинозалларни таъмирлаш белгиланди. 

Жойларда кенг халқ оммаси учун кино намойишларини мунтазам йўлга қўйиш мақсадида шаҳар, туманлардаги 29 касб-ҳунар коллежининг фаоллар зали кинозалга мослаштирилмоқда. Туман марказлари ва қишлоқлардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларида ҳам кино намойиш этиш учун имконият яратилмоқда. 

Бундан ташқари, жорий йилда Миллий банк кредити асосида вилоятимиз шаҳар ва туманларида 1 та икки қаватли, 3 та бир қаватли, 2 та ёзги кинотеатр қурилиши ҳамда 3 та кинотеатрни реконструкция қилиш режалаштирилган. 

Ҳудудий бўлимнинг кино тарғиботи борасидаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида агентлик томонидан “Damas” автомашинаси берилди. Шунингдек, 50 миллион сўмликдан ортиқ жиҳозлар ажратилди. 

Умуман, олдимизга қўйилган вазифаларни тўлақонли бажаришимиз учун зарур шароит ҳам, имконият ҳам яратилмоқда. Гап ана шу имкониятлардан фойдаланиб, ишни тўғри ташкил қилишимизда, одамларни кинотеатрларга қайтара олишимизда. Бу борадаги амалий ишларга киришиб, Самарқанд шаҳридаги “Шарқ юлдузи” кинотеатрида ретро фильмлари намойишини йўлга қўйдик. Шунингдек, шаҳримизга келаётган чет эллик сайёҳлар учун рус, инглиз тилларида фильмлар намойиши ҳам ташкил этилди. Лекин бу олдимизда турган улкан вазифаларни бажариш йўлидаги дастлабки ҳаракатлардир. 

Ҳа, шаҳардаги кинотеатрларда намойиш этилаётган янги фильмлар, премьералар, актёрлар билан учрашувлар орқали миллий кино санъатимиздаги янгилик ва ўзгаришларни халқимизга етказиш, уларнинг бу борадаги тушунчаларини кенгайтириш мушкул. Қачонки, нафақат шаҳардаги, балки олис қишлоқлардаги давраларда, хотин-қизлар, ёшларнинг ўзаро суҳбатларида ҳам ўзлигимизга хос бўлмаган хорижий сериаллар ҳақидаги суҳбатлар ўрнини ўзимизнинг миллий кино ва спектакллар ҳақидаги баҳс-мунозаралар эгалласа, миллий кино санъатимизнинг таъсири ва тарбиявий аҳамияти сезилаётгани тўғрисида гапирсак, ярашади. Акс ҳолда, ҳамма гапларимиз раҳбарлар учун ёзилган ва фақат қоғозда қолиб кетадиган шунчаки ҳисобот бўлиб қолаверади. 
24.01.2018 | 154
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика