Террорчининг миллати бор

Стокгольмдаги, Санкт Петербургдаги, ундан аввалроқ, Истамбулдаги террорчилик актларда, минг афсуски, ижрочилар ўзбек миллатига оид бўлиб чиқди. Демак, террорчининг миллати бор экан-да…

Қобил Ҳобилни ўлдириб, Ер юзидаги илк мудҳиш жиноятни содир этганидан то бугунги кунга қадар кўп сувлар оқиб ўтди. Ўтган бу даврлар мобайнида Одам Ато фарзандларининг бир-бирларига нисбатан душманлиги вақт сайин янги номлар билан аталаверди. Манфаатлар ва мақсадлар учун истилолар, салиб юришлари, инқилоблар қилиниб қонлар тўкилди. Ўтган асрларда уюштирилган, инсониятга қарши қаратилган жиноятларда қарама-қарши томонлар кундек равшан эди. Аммо бизнинг асримизга келиб бу ҳолат ўта мураккаб тус олди.
alt

Тинч-осойишта шаҳарда кутилмаганда бомба портлайди ва бир лаҳзада бари кулга айланади. Бу ҳодиса яшин тезлигида ОАВнинг бош мавзуси — янада аниқроқ қилиб айтганда, «нонига» айланади. Уларнинг хабарлари одатда «яна бир террорчилик акт содир этилди» деб бошланади. Ҳа, бугун Одам болаларининг тилида энг кўп айтилаётган сўзлар «террор», «терроризм», «террорчи» кабилардир.
 
Бу мақоладан мақсад террорчиларнинг миллати бўлмайди деб томоқ йиртиб, ўзимиздан чиққан балодан воз кечиб қолиш, миллат номидан оқ қилдим, кўк қилдим каби иддаоларини такрорлаш эмасдир. Аксинча, Одам алайҳиссалом авлодларининг нега бу қадар худкушлик, манфурлик, шафқатсизлик ва жоҳиллик йўлини била туриб танлаётгани ҳамда бу танловни вужудга келтиришга сабаб бўлаётган омиллар таҳлилига бағишланади.

Бошидан бир нарсани эслатиб ўтсам: мақоладаги фикрлар тамоман шахсий қарашлардир.
alt

Мамлакатимизда терроризмга қарши кураш борасида давлат хизматлари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўз моҳиятига кўра махсус хизматлар, ички ишлар органлари, прокуратура ва бошқа куч ишлатар тизимлар гарданига тушганини аъло даражада бажаришаяпти. Террорчилар аниқланаяпти, террактлар олди олинаяпти, судлар керакли жазо қўллаяпти. Албатта, террор профилактикаси билан хам шуғулланилаяпти. Бир қарашда ҳаммаси аълодек. Аммо! Масаланинг нозик бир нуқтаси бор. Ҳаммаси жойида бўлса, нега террорчилар пайдо бўлаяпти? Радикал кучлар қаердан ўртага чиқаяпти? Бунга махсус ва куч ишлатар тизимлар айбдорми?
 
Келинг, чиройли гаплар ва терроризм шаънига тавқи лаънатлар ёғдиришдан, Ватан хоинлари деб ҳукм чиқариш каби умумий гапларни четга суриб қўйсак-да, террорчиларни вужудга келтираетган, террор дарахтининг илдизини сугораетган омилларни таҳлил қилиб кўрсак.

«Герострат синдроми» ёхуд шамол тегирмонларига қарши кураш
alt

Ўтган йили ўз ишининг профессионаллари ва айни замонда миллатпарвар бўлган Адбукарим Мирзаев, Бахтиёр Каримов, Дилмурод Масаидов, Хуршид Далиевлар билан биргаликда «Оқ ва Қора» телелойиҳасини тайёрлаган эдик. Мавзу ҳудкушликнинг келиб чиқиш моҳиятларига бағишланганди.
 
Шу кўрсатувда биз ўша машҳур Герострат тарихига тўхталган ва ҳудкушлик, террорни амалга ошираётган ижрочиларга нисбатан «герострат синдроми»га чалинганлар иборасини қўллаган эдик. Бутун дунё Геростратлар яъни террорчиларга қарши курашиб келади. Террорчими, демак, устидан ҳукм ўқилади — ё осилади ёки отилади. Агар у топилмаса, жилла қурса, телеканаллар орқали ота-онаси чиқиб, боласини оқ қилгани ҳақида маълум қилади. Кўзимиз фақат Геростратларни кўрар экан биз бу муаммони енга олмаймиз! Балки фақат унинг сояларига қарши курашамиз холос. Бу Дон Кихотнинг шамол тегирмонларига қарши курашига ўхшайди асли.

Қиморда ўйнаган эмас, ўйнатган ютади!

Террорнинг кўпчиликнинг диққат-марказидан қочган муҳим жиҳати бор. Маълумки, аксарият мамлакатларда биржа савдолари ўша мамлакат иқтисодида энг муҳим ўрин тутади. Худди шунингдек, халқаро биржалардаги савдолар натижалари мамлакатлар иқтисодини ё у ёқли, ёки бу ёқли қилиш кучига эгадир.

Исталган худуддаги рўй берган террорчиик актлар, дарҳол жаҳон биржаларидаги олди-сотдига таъсир кўрсатади. Ҳаттоки, қайсидир мамлакат давлат раҳбарининг чиқиши ҳам, яхши ёки ёмон таъсири акс этади биржаларда. Триллионлаб сармоялар айланадиган халқаро биржаларда, нархнинг бир тушиб, қайта чиқиши бир неча соат ичида компанияларни (давлат ёки хусусий манфаатларни тамсил этаётган компанияларни) миллиардлаб ишлаб олишига ёки касодга учрашига олиб келиши мумкин.
 alt

Бу «холис» биржалар гўёки бир қимор. Унда қайси давлат компаниялари ёки хусусий концернлар ўйнашидан қатъий назар, ютади ҳам, ютқизади ҳам. Аммо ютқизмайдиган ягона тараф бу — биржаларнинг ортида турганлар — трансмилиий корпорациялардир.

Билишимиз керак бўлган нуқта шуки, агар террорчиик ташкилотлар катта сиёсий манфаатларга хизмат қилмаганида, Покистонда, Афгонистонда, Сурияда ёки Сомалида жанг қилаётган террорчилар қўлида замонавий қуроллар — замонавий автоматлар, ҳаво ҳужумига қарши ишлатиладиган зенит техникалари, юқори технологиялар маҳсули бўлган танклар зирхини тешадиган пулемётлар, сунъий йўлдош орқали ишлайдиган алоқа воситалари, замонавий эпикировкалар, тоғларда юришга мўлжалланган оёқ кийимлар бўлмас эди. Буларнинг барчаси жуда катта маблағ эвазига қўлга киритилади. Тоғу-тош орасидаги террорчи қаердан топсин шунча пулни?

Кимдир, масалан, Афғонистонда террорчилар наркотрафик орқали мўмай даромад топади деб айтар. Эътироз билдираман бу даъвога. Биринчидан наркотрафик сўзидаги асосий сўз «нарко» эмас, балки «трафик» дир. Яъни наркотикларни керакли нуқталарга етказиш трафиги. Ҳар қалай террорчиик ташкилотлар грамлаб ёки килолаб наркотик савдоси билан шуғулланмаслиги аниқ. Тонналаб етказиш учун эса самолётлар, бутун бошли логистика керак. Бу эса катта кучларнинг кичик ёрдамисиз амалга ошмайди.
 
Иккинчидан, наркотикка бозор керак, мижоз керак. Наркотикларнинг асосий катта бозори ривожланган мамлакатларда эканини ҳисобга олсак, яна керакли хулоса келиб чиқаверади. Хақиқат шуки, катта ёки кичик террор ташкилотларининг ортида, қудратли ёки қудратсиз мамлакат ёхуд коорпорацияларнинг катта ёки кичик манфаатлари ётади.

Таёқнинг учинчи учи…

Дунёда икки тоифа бор. Бири террорни инсониятга қартилган ёвузлик сифатида баҳолаб унга қарши курашади. Иккинчи тоифа — террорни ўзига касб қилган томон. Уларга кўра, уларнинг бу ҳаракатлари эзгу мақсад ва ғоя учун хизмат қилади. Албатта, таёқнинг иккита учи ёки танганинг икки томони бўлади. Дунё ҳам шунга ўхшайди — бир томонда эзгулик, бир томонда ёвузлик. Улар ўртасидаги жанг қиёматгача давом этади. Буни тан оламиз. Аммо террорчилик муаммосининг моҳиятни англашга ҳаракат қилар эканмиз, қадимгилар айтганидек, қарама-қарши томонлар ўртасидаги зиддиятларни келтириб чиқарувчи — учинчи томонни кўриб лол қоламиз.

Ҳаётим давомида террорчи сифатида эълон қилинган, қамалиб чиққан, мамлакатимизда қидирув эълон қилиниб, чет элларда сарсону-саргардон юрган кўп одамлар билан кўришганман (махсус хизматлар ходимлари эртага суҳбатга чақириб қолишмайди деган умиддаман) ва суҳбатлашганман. Ожиз тафаккурим доирасида уларни тушунишга (уларни оқлаш маъносида эмас, балки уларни бу нуқтага келишга сабаб бўлган омилларни), ўрганишга ҳаракат қилганман. Уларнинг орасида содда алданганлари каби бу йўлга ўз хоҳишлари билан кирган мутаассиблари ҳам бор.
alt

Айниқса, мутаассиблари билан гаплашиш бефойда ва хавфли эканига тан берганман. Агар фиқҳ (ислом ҳуқуқи), тафсир (қуръон оятларининг маъноси), ҳадис ва тасаввуф бўйича етарли билимга эга бўлмасангиз, тўғри йўлга соламан, тушунтираман деб киришган суҳбатингиздан энг камида муваффақият қозонмай чиқасиз. Ҳаттоки ўзингизнинг қарашларингизга нисбатан ўзингизда шубҳа уйғониб қолади.
 
 Маълум бўладигани шуки, қаршингиздаги одам жуда кучли мафкуравий ишлов берилган, тайёрлантирилган. Яъни унинг келтираётган иқтибослари, «илмий» қарашлари, ўзини тутиши, гапириш оҳанги, кўз билан манипуляция қила олиш қобилиятлари унда пайдо бўлган табиий жиҳатлар эмас. Унга бу «илмлар» ўргатилган, суҳбатдошни манипуляция қилиш йўллари қайта ва қайта шуғуллантирилиб мукаммаллаштирилган.

Энди сизга савол. Хўш, биз террорчи деганда одам ўлдирганида ҳам, қўрққанида ҳам, қувонганида ҳам, ўзини портлатаётганида ҳам «Аллоҳу Акбар!» деб бақиришга ўрганган, телевизорда кўрганимиз дала даштлару, тоғларда қурол кўтариб юрган одамларни кўз ўнгимизга келтирганимиз — террорчилар — тоғда, чўлда бу илмларни кашф этишибдими? Мукаммаллаштиришибдими? Асло!

Ислом аҳкомларига асосланган янглиш қарашлар, нигоҳ технологиялари, овоз тембри орқали руҳий таъсир кўрсатиш имкониятлари, террорчилар лагерлари жойлашган тоғу-тошлардан минглаб километрлар узоқликларда, балки уммонлар ортларидаги демократик давлатларнинг илмий тадқиқот институтларида ишлаб чиқилган, синовдан ўтган, мукаммаллаштирилган. Айнан бу «устозлар» таёқнинг кўринмас учинчи учидир. Шундай экан, учинчи томонлар қўллаётган технологияларга қарши биз ҳам ўз методларимизни татбиқ қила олаяпмизми? Афсуски, бу саволга йўқ, дейишдан ўзга чорамиз йўқ.
 
Аммо булар бир ватандошимизнинг террорчига айланишига сабаб эмас. Ҳар қалай ақлли одам «Кел, пул берамиз, жаннатга тушасан! «Отвечаю!» каби сохта даъватларга учиб, бола-чақасини ташлаб, ота-онасига оқ бўлиб, Ватанига хиёнат қилиш кўчасига кириб кетмайди. Терроризм моҳиятини очиб бераётган шунча тарғибот ишлари (қанчалик самарасиз ёки самаралилиги ҳақида сал кейинроқ тўхталамиз) олиб борилаётган, телевидение орқали кўрсатувлар бериб турилган бугунги кунларда, ватандошимиз факат сохта даъватларга эргашиб кетаётганига шахсан мен ишонмайман. Бунинг бошқа бир сабаблари бор.

Шахсий тажрибамдан ва тан олинган террологлар (терроризмнинг руҳий-ижтимоий келиб чиқишини ўрганувчилар) фикрларидан келиб чиқиб, шуни аниқ айтишим мумкинки, террорчилар сафларига қўшилаетганлар шахс сифатида бахтсиз инсонлардир. Деярли бундай йулни танлаганларнинг барчаси, жамият ижтимоий ҳаётида ўз ўрнини тополмаган ёхуд ўз ички потенциалини рўёбга чиқариш имкониятидан маҳрум бўлганлардир. Қисқаси ўзини бахтли ҳис этиш имкониятидан маҳрум бўлган ёки маҳрум этилган инсонлардир. Экстремистик оқим аъзоси бўлиш учун инсонда, аввало, экстремистик кайфият пайдо бўлиши керак.
 
Радикал қарашлар радикал кайфиятдан келиб чиқади. Бу бир онда рўй берадиган ҳодиса эмас. Йиллар давомида шаклланадиган жараёндир. Чуқурроқ айтадиган бўлсак, болангизга ўз вақтида берилмаётган тарбия, эътибор, меҳр, сўраган саволига берилмаган жавоб, кўрсатилмаган руҳий далда, андиша қилиб айтилмаган, тушунтириб берилмаган нозик масалалар, эътиборсиз қолдирилган ахлоқсиз бир қадами, ёнингиздаги ейишга нони бўлмаган қўшнингизнинг ҳолини била туриб, дабдабали ўтказган маъракангиз, давлат маъмури сифатида қилинган таъмагирлик, ўз ишингизга профессионал ёндашмаслик ёки ўз профессионаллигингиз устида ишламаганингиз (кейинчалик хато қилиш эҳтимоли), ўз хаққи булган нафақасини олиш учун кунлаб навбатда туриш, ортиқча бюрократия, диний соҳа вакилларининг ўзи қилган даъватга ўзи амал қилмаслиги каби ҳолатларнинг барчаси терроризмни — экстремистик радикал кайфиятларни келтириб чиқарадиган омиллардир.

Ижтимоий адолатсизлик, ахлоқсизлик терроризм тегирмонига сув қўйишдан ўзга нарса эмас. Чунки болангизнинг саволига Сиз бермаган жавобни берадиганлар, Сиз андиша қилиб тушунтириб бермаган нозик масалаларни тушунтириб берувчилар, Сиз адолатсизлик қилган ватандошингиз кўнглида жамиятга нисбатан нафрат уйғотадиганлар, Сиз кўрсатмаган марҳаматни кўрсатадиганлар, қисқаси, бўш қолган басиратимиз косасини истагани билан тўлдирадиганлар ҳамиша топилади.

Радикализмга қарши радикализм билан эмас

Террорнинг миллати бўлмаслиги ҳақ гап. Аммо террорчининг миллати бор. Агар унинг томирларида миллатимиз қони оқаётган бўлса, унинг террорчига айланиш қарорини қабул килишида бизнинг, жамиятнинг ҳам айби бор. Дунёда оқ қилдим, кўк қилдим деб миллатнинг осий фарзандларидан воз кечиш ва ўзимиздан соқит қилишдан осонроқ иш йўқ. Бундай қилиш ўзини алдаш, масъулиятдан ўзини олиб қочишдан бошқа нарса эмас. Ўзини алдамаслик ҳақиқатни қабул қилишдир. Ўз хато ва камчиликларимизни мард бўлиб, тан олиб, уларни тузатсаккина, дарддан халос бўламиз.
 
Юқорида биз махсус ва куч ишлатар тизимлар ҳақида савол бердик. Улар айбдорми дея. Улар ўз ишини, ўз бурчини, елкасига тушганини бажараяпти. Террорчиларни аниқлаяпти, аниқланганлари қўлга олиниб жазосини олаяпти. Аммо бу хавфни вужудга келтираётган асл омиллар билан курашиш жамоатчилик, яъни сиз ва бизнинг ишимиздир.
 
Терроризмга қарши кураш концепцияси, усули, умуман масалага ендашув ўзгартирилмас экан, ижобий натижага эришиб бўлмайди. Фикримча, терроризмга қарши курашиш ва унинг профилактикаси ишига фуқаролик жамияти институтлари — нодавлат ташкилотлар секторини фаол жалб этиш вақти келди. Албатта, терроризмга қарши курашиш бу мутлақо давлат куч ишлатар тизимларининг иши. Аммо уни профилактика қилиш нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамиятлари институтлари, жамоатчилик фаоллари зиммасига юкланиши керак.

Афсуски, ҳозирги ҳолатда терроризм ғояларига карши кураш кўпкарига ўхшаб қолган. Ҳамма тарғиботчи ташкилотлар, нодавлат ташкилотлар ўз билганича от чоптиради, ҳамма улоқни ўзи илиб кетгиси келади. Надоматки, терроризм ғояларига қарши сифатли ва илмий асосли, уюшган ҳолда курашиш кераклиги вақти аллақачон келган, биз эса кеч қолаяпмиз.

Биз медиа технологиялар даврида яшаяпмиз. Шундай экан, радикал кайфият уйғотувчи примитив ток шоулардан воз кечиб бугунги кун талабига мос ва сифатли (пиар ва руҳий манипуляция технологиялари усуллари орқали) медиамаҳсулотлар яратишга эътибор қаратишимиз керак. Қолаверса, глобал ахборот воситаси ҳисобланган интернет тармоғи бўйича стратегик фильтр дастурини ишлаб чиқиш ҳам куннинг энг долзарб масаласилигича қолмокда.

Биргина мисол — бугун интернет тармоғида юқорида тилга олганимиз учинчи томонлар (чет эл хавфсизлик ташкилотлари ёхуд уларга хизмат қиладиган ёпиқ илмий марказлар) томонидан мукаммал ишлаб чиқилган ўзбек тилида фаолият юритадиган сайтлар бор. Улар террорчилик ёки империалистик ғояларни тарғиб-ташвиқ қилмоқда. Бу сайтларни ўрганар эканмиз беихтиёр даҳшатга тушамиз. Уларнинг мақсади инсон, хусусан, ёшлар онгига қандай психологик таъсир кўрсатиб, ёшларни ўз ота-онасига ва Ватанига қарши қурол кўтаришга қодир манқуртлар тайёрлашдан ўзга максади йўқлигига амин бўламиз.
 
Фикримнинг исботи сифатида бу каби сайтлардан бирида «Онанинг ўғилга мактуби» номли саҳифада она ўз ўғилни жиҳодга чорлаётганини келтиришим мумкин. Мактубда она ўз жигарбандини бегуноҳ инсонлар қонини тўкишга ундамоқда. Қайси она бундай қила олади? Албатта, бу оналарга хос эмас. Аммо сайтнинг ортида турганлар «она» мотиви воситасида ёшларнинг онгига жуда кучли таъсир кўрсатиш йўлидан борганлар.

Шундай экан, асосий фаолияти терроризм ғояларига қарши информацион курашишга қаратилган Ўзбекистон Президенти ҳузурида Республика антитеррор жамоатчилик кенгашини тузиш эҳтиёжи аллақачон бугунги куннинг талабига айланиб улгурди. Бу кенгаш таркибини турли нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари, жамоат арбоблари, фан ва маданият намоёндалари, пиартехнологлар, политтехнологлар, юқори малакали психологлардан шакллантирилишигина кўзланган мақсадга эришиш кафолати бўла олади. Ушбу кенгаш турли усуллар орқали терроризмга қарши олиб борилаётган ахборот курашлари, тарғибот ишларини мувофиқлаштириши керак. Биринчидан, бир-бирини такрорлаётган тадбирларнинг сони камайиб сифати ошади. Иккинчидан, аниқ бир мувофиқлаштирилган ҳаракат давлат маблағларини тежайди, жамоатчилик вақтини сифатсиз, тарғибот номи билан ўтказиладиган мажлисларга сарф этишдан озод этади. Айнан кенгаш тавсияси ва хулосасига кўра терроризм ҳақида фильмлар олинса, машҳур режиссёрларимиз кимўзарга шошқалоқлик билан радикал кайфиятда олинаётган (баъзи ҳолларда нафақат сифатсиз кино олиш, балки қарши курашаман деб реклама қилиб қўяётган) фильмлар пайдо бўлишининг олди олинарди. Энг асосийси, терроризмга қарши курашга жамоатчилик вакилларини ваколатлантириш, жалб этиш, бу балога қарши факат давлат эмас, ҳар бир фуқаро ҳар куни курашиши кераклигини англаш ва ҳаракат қилиш, масъулиятли бўлиш имконини яратади.

Энди ваъда килганимдек, икки оғиз бугунги тарғибот ишлари ҳақида

ИШИД (Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган экстремистик ташкилот) бир неча йил аввал тўртта медиа марказга эга эди. «DABIQ» номли глянц қоғозда рангли журналлар чикарарди. Иккита ўзбек тилида роликлар тайёрловчи студияси бўлгани маълум. Сохта даъватлари бир тийинга қиммат бўлса-да, техник жиҳатдан видеомаҳсулотлари юқори савияда эди. Кунда ўнлаб видеороликлар тайёрлаб, интернетга жойлаштириб келишарди.

Бизда-чи? Атом бомбаси билан чумчук ови…

Бундай ғояларга қарши курашиш ваколати ва мажбурияти бўлган бир Республика нодавлат нотижорат ташкилотида эса (номини атай келтирмадимки, мен ҳурмат қиладиган ташкилот раҳбарияти гап тегишидан жуда қўрқади) на битта камера, на бирорта чироқ ва на микрофони бор ҳанузгача. Мустақил тарғибот материали тайерлаш учун телевидениедан камера ва чироқларни олиш — деярли имконсиз. Югур-югур ва коғозбозликнинг ўзига тўрт-беш кун вақт кетади. Ахборот асрида эса вақтинг кетди — ҳамма нарсанг кетди дегани аслида. «Ўзбеккино»га мурожаат қилишга уяласан киши, чунки ўзлари сифатли камераларни ижарага олишади… Аммо талаб катта, бажариш керак. Чорасизликдан яна ўша самарсиз мажлисбозлик қолипидаги тарғибот тадбирлари уюштирилаверади.

Тарғиботчига кўмак рукни остида (яна бир худди шундай илмий-амалий марказлардан бири томонидан) давлатнинг миллионлари ҳисобига, илмий асосланган, аммо мураккаб илмий тилда ёзилган рисолалар чоп этилади. Улар тарғиботчиларга тарқатилади. Аксарият маъруза қилувчилар уни очиб ҳам кўрмайди. Кўрганлари тушунмайди, тушунадиганлари эса халқ бу рисолалардаги баландпарвоз гапларга ишонмаслигини, омма бу гапларни «ҳазм қилмаслигини» тушунади.

Бунинг ўрнига халқона тилда, ёшлар ҳам, кексалар ҳам тушунадиган кичкина флаер ёхуд 5 дақиқалик ролик (замонавий онгга таъсир этувчи илмий технологияларга асосланган ҳолда!) тайёрланса, жамиятга анча кучли таъсир этиши мумкинлигини тан олинмайди. Минг афсус!

Ҳисоботда эса ҳаммаси зўр: ташкилотлар ўз вазифасини бажарди — ажратилган пулларга рисола ва китоблар чиқарилди, эгасига етказилди, мажлис қилиб гапириб берилди! Шунча (қанчадир сон ёзилади) аҳоли қамраб олинди!

Натижа-чи? Тадбирда қатнашганларнинг қанчаси моҳиятни англаб етди? Қанчаси изтиробига малҳам топди, саволига жавоб топди? Афсуски, бу мезонларни ўлчайдиган, баҳолайдиган замонавий усуллар ҳали бизда йўқ. Натижа «гап деса қоп-қоп, самарани излаб топ» бўлаяпти. Афсус.
 
МТРК томонидан тайёрланаетган — «айтиб қилдирилаётган» ҳужжатли фильмлар эса журналистларнинг уқувсизлигими ёки бошқа сабабми, кутилган натижани бермайди. Зеро, айтиб қилдирилган ишнинг савоби бўлмайди деганлари бежиз бўлмаса керак. Чунки айтиб қилдирилган иш ҳамиша юзаки бўлади. Қўлида шунча имконият бўлган медиатузилмаларимиз гўёки атом куроли билан чумчуқ отаётганга ўхшайди.

Биз шуни англаб етишимиз керакки, бугун терроризмни келтириб чиқараётган минглаб кўзга кўринмас сабаблар бор. Ўша сабабларни билиб-билмай ўзимиз вужудга келтирмокдамиз.
Нима қилмоқ керак?

Биринчидан, жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуаролик жамиятининг бошқа институтларига терроризмга қарши информацион кураш, радикал ва экстремистик ғоялар профилактикаси ишида аниқ ваколатлар берилмас экан (юқоридаги кенгаш таклифи) биз террорнинг аянчли натижалари билан курашишда давом этаверамиз. Асло сабаблар билан эмас.

Иккинчидан, диний соҳа вакилларимиз жамиятимиз аъзоларни мутаассиб бўлиб қолишига қарши сифатли, илмий асосланган тарғибот олиб боришлари, халқни чин маърифат — кайси динга, миллатга оид булишига карамай Одам ато фарзандларини севиш кераклигини, илм ҳам катта ибодат эканини, астойдил меҳнат қилиш, унинг ортидан бойишга ҳаракат қилиш суннат эканини, инсонларимиз тоби қочса, қушночга ёки муллага дам солдиргани эмас, аввал докторга бориши кераклигини айтиши, тушунтириши, ўзлари орасида «сварка» деб айтадиган «соққа» эвазига норасмий иккинчи ёки учинчи никоҳларни ими-жимида ўқиб қўйишдан тийилиши керак (юқоридаги ҳолатларда муҳтарам дин вакилларимизнинг барчаси шундай деган фикрдан йироқдаман. Зотан, виждони пок домлаларимиз бу гаплардан оғринмайдилар, гапимиз тегиб кетадиганларига эса Худодан инсоф тилаб қоламиз!).

Учинчидан, давлат бюджетидан маърифий-маънавий, тарбиявий ишларга маблағ ажратилаетган бўлса, бу ишларнинг ўтказилганлиги, қанча одам қамраб олингани эмас, эришилган натижасини баҳолаш тизимини яратишгина сарфланган маблағларнинг нечоғлик ўринли ҳамда самарали ишлатилганини билиш имконини яратади (замонавий менежмент тамойили).

Тўртинчидан, бу балолардан нажот фақат илмда, тафаккур ривожида эканини фақатгина англаш эмас, ҳис қилишимиз керак. Ҳар биримиз.

Бешинчидан (бу энг асосийси): терроризм, радикал экстремистик ғояларга қарши курашнинг энг самарали усули бу — инсонларга бахтли бўлишлари учун шароит яратиш (фақатгина севган кизига уйлантириб қўйиш эмас), бахтли бўлишни ўргатиш (оилада, ижтимоий ҳаетда бахтли бўлишни), ҳар бир ватандошимиз нафақат бахтли инсон, балки бахтли фуқаро этиб ўзини ҳис қилиши учун ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун ижтимоий адолат ва озгина меҳр, ёнимиздагиларга озгина эътиборимиз лозим.

P.S. Аччиқ ҳақиқат шуки, террорчининг миллати бор. У қайси миллатдан бўлса, террорчилиги маълум бўлса, ўша миллат номига тош отилади. Ҳеч кимга билдирмай террорчилик қилиб, секингина ортига қайтса, барибир орамизга қайтади. У ҳеч қачон биз аввал билган инсон бўлиб қайтмайди, жаллод бўлиб қайтади. Бизни жазолантиради. Дейликки, омади келиб, ҳатто кўрсатган «кароматлари» сирлигича қолди. Ҳеч ким билмади деб хурсанд бўлманг! Хато учун хақиқий жазо тупроққа кирганимиздан сўнг келади. Ундан эса асло қочиб қутулолмаймиз.
 
Саид Абдулазиз Юсупов,
Ўзбекистон фуқароси
02.11.2017 | 1040
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика