Россия Грузияни босиб олмоқда

altҚисқача маълумот

Россия ёрдамида Жанубий Осетиянинг мунозарали ҳудуди янада чуқурроқ Грузия томон силжимоқда, бироқ бу экспансиянинг жиддий низога айланиши эҳтимолдан йироқ. 10 июль куни Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган Жанубий Осетия қўшинлари бир томонлама тартибда Грузиянинг Цителубани ва Орчосани қишлоқлари яқинида чегара белгиларини ўрнатдилар. Янги босиб олинган ҳудуд ичига «Боку-Супса» қувур ўтказгичининг (оператори ВР компанияси) узунлиги 1605 метрга тенг бўлаги ҳам кириб қолди. Ушбу кучнинг рамзий намойиши муҳим бўлиб, ўз ҳолича у умумий тенденция натижаларидан бири ҳисобланади: сўнгги бир неча йил давомида Жанубий Осетия аста-секин ўз чегараларини жанубга Грузия ҳудуди томон суриб келмоқда. Бундай қатъий ҳаракатларни бир нечта омил билан изоҳлаш мумкин – жумладан, Қора денгиз ҳудудида Ғарбнинг ҳарбий ҳаракатлари фаоллашуви билан боғлиқ таҳдидлар ва чекланган ҳудуд шароитида Жанубий Осетиядаги Россия армиясининг беқарор позициялари. Бироқ, Грузия ҳудудига асталик билан силжиб боришга қарамай, Россиянинг яқин орада бу ерда кенг кўламли ҳарбий кампанияни амалга ошириши эҳтимолдан йироқ.

Таҳлил

1992 йилда Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан Грузия ва Россия кўмагидан фойдаланувчи Жанубий Осетия ўртасидаги уруш тугаганидан буён, бир томондан Тбилиси, бошқа томондан – сепаратистлар назорати остида бўлган ҳудудлар ўртасида аниқ чегара чизиғи бўлмаган. Урушдан сўнг Грузия совет вақтида Жанубий Осетия автоном вилояти ҳудудининг бўлаклари ҳисобланган катта ер майдонларига, жумладан стратегик аҳамиятга эга Ахалгор ҳудудига эгалик қилди. Чегара чизиғи яқинида вақти-вақти билан кичик сафлар ўртасида тўқнашувлар юз бериб туришига қарамай, улар Россия-Грузия уруши бошланган 2008 йилгача жиддий низоларга етиб бормаган. Шундан буён жанубий осетияликлар Россия кўмагида Грузия томонидан қуролли ҳужум эҳтимолини бартараф этиш учун мудофаа инфратузилмасини ташкил этмоқда.
2008 йилдаги урушдан сўнг Россия қўшинлари Грузия ҳудудини куч билан эмас, аста-секин ичкарига кириш орқали қўлга кирита бошлади. 2010 йилда пайдо бўлган хабарларга кўра, Россия чегарачилари гўёки Ахалгор туманидаги чегарани 2 км. жанубга сурган. Ҳукумат дарҳол бу хабарларни рад этди, Тбилиси эса 2008 йилдан кейин чегара чиндан ҳам Грузия ҳудуди ичига, жумладан Жанубий Осетиянинг шарқий қисмидаги Переви қишлоғи ҳудудида сурилганини тан олишга мажбур бўлди. 2013 йилнинг мартида Россия ва Жанубий Осетия чегарачилари умумий майдони 100 гектарга тенг ҳудуддаги бешта қишлоқни тўсиқлар билан ўради. Сўнгра – шу йилнинг майида ва сентябрида – улар янада жанубга сурилиб, асосан грузин аҳолиси яшайдиган Дици ва Двани қишлоқларини эгаллади. Фақатгина Двани қишлоғининг ўзида чегара тахминан 600 метрга сурилди. Лекин, бу сурилишларнинг барчаси 10 июль куни амалга оширилган Грузия ҳудудидаги Цителубани ва Орчосани қишлоқларининг босиб олиниши олдида сезиларсиз ҳолат бўлиб қолди.
Россиянинг стратегик мақсадлари

2008 йилдаги уруш чоғида Россия Грузия устидан ҳарбий устунликка эга бўлган. Бироқ, кейинроқ Россия армияси олдида мураккаб стратегик вазифа кўндаланг бўлди: бошқа ажралиб чиққан ҳудуд – Абхазиядан фарқли ўлароқ, Россия билан умумий чегарага эга бўлмаган Жанубий Осетияни қай тариқа ҳимоя қилиш керак. Аслида, Жанубий Осетия деярли тўлиқ Грузия ҳудуди билан ўралган. Жанубий Осетиянинг пойтахти ва магистралда жойлашган ҳамда шимолдаги асосий Кавказ йўлаги, Джава қишлоғига олиб борадиган Цхинвал стратегик муҳим шаҳри Грузия билан чегарага жуда яқин жойлашган. Бу ҳолат Россия қўшинларига ҳудуд ичкарисига кириш, маневрлар учун майдонни таъминлаш ва қулай мудофаа ҳолатини эгаллашга ҳалақит беради.

Бундан ташқари, Грузия ва сепаратистлар ҳудудлари туташган чизиқ бўйлаб на йирик дарёлар, на тоғ ҳудудлари бор. Бу ерда то мамлакат марказидаги стратегик аҳамиятга эга аҳоли пункти ҳисобланган Горигача деярли табиий чегаралар мавжуд эмас. Россия қўшинлари жануб томон сурилиш ҳисобига маневрлар учун зарур майдонни таъминлайди ва бу мудофаа инфратузилмаси билан бирга қуролли низо янгиланган тақдирда вақтдан ютиш имконини беради. Шунга қарамай, агар иш маневрли ҳарбий ҳаракатларгача етиб борса, табиий чегаларнинг йўқлиги барибир руслар учун маълум муаммоларни юзага келтиради.

Шу билан бирга, Россия ва Ғарб ўртасидаги жиддий қарама-қаршилик шароитида ўзгариб бораётган сиёсий вазият ва Жанубий Кавказда Ғарб ҳарбий таъсирининг ортиши ҳисобига Грузия ҳудудига янада ичкари кириш учун танланган вақт ҳам қизиқиш уйғотади. Грузия томонидан Европа иттифоқига кириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар Россия учун жиддий муаммодир. Шунингдек, Москва Грузия, Озарбайжон ва Туркия ҳарбий ҳамкорлигининг мустаҳкамланиши, мудофаа вазирларининг мунтазам учрашувлари ва қўшма ҳарбий машғулотлардан хавотирда. Ушбу машғулотларнинг мақсади мазкур учта давлат ҳудудларида жойлашган йирик инфратузилмавий объектларни муҳофаза қилишдан иборат.

Қайд этиш керакки, сўнгги бир неча ой ичида Грузия армиясининг АҚШ ва НАТО давлатлари қуролли кучлари ҳамкорлигидаги ҳарбий ўқувларда тобора кўпроқ иштирок этаётгани ҳам Россияни ташвишлантирмоқда. Гап шундаки, Россиянинг жануб сари сурилиш бўйича аввалги уринишларининг аксарияти Тбилисининг Европа иттифоқи ва НАТОга киришга оид жиддий қадамларига қараб амалга оширилган. Шу боис, Россиянинг энг сўнгги ҳаракатлари ҳозирда НАТО шаъфелигида Грузияда ўтказилаётган Agile Spirit ҳарбий машғулотлари билан бир вақтга тўғри келиб қолганига ҳайрон қолиш керак эмас.

Сиёсий жавоб чораси тариқасида чегараларнинг тактик кўчирилиши ноодатий бўлиб кўринса-да, Шимолий Осетиядаги Россия армиясининг мудофаа қобилиятини таъминлаш билан боғлиқ ҳолда, улар катта аҳамият касб этади. Йил охирида Грузияда НАТО ўқув марказини очиш режалаштирилмоқда. Унинг очилиши Тбилиси ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва Грузия ҳудудида Ғарбнинг ҳарбий мавжудлигини ошириш имконини беради. Айни шу маънода, Россия ҳам минтақадаги имкониятларини кенгайтиришга уринмоқда. Унинг барча амалий қадамлари ва фаоллигининг ўсиши Россия томонидан минтақа учун ишлаб чиқилган умумий стратегияга киради: жорий йил бошида Кремль Шимолий Осетия, Абхазия ва Арманистондаги базаларини мустаҳкамлашини маълум қилди. Бундан ташқари, Россия яқинда Арманистонга қурол сотиб олиш учун 200 млн. доллар кредит тақдим қилди.
Грузияни шартли равишда икки қисмга – фақат «Шарқ-Ғарб» трассаси билан боғланган шарқий ва ғарбий ҳудудларга бўлиш мумкин. ВР компанияси қувурининг яқинда босиб олинган ҳудудда жойлашган қисми Россияни қизиқтираётган бўлиши мумкин. Бироқ, Озарбайжондан Қора денгиз портлари ва Туркияга ер усти ташувлари учун муҳим савдо йўли ҳисобланган ушбу автомагистраль ҳам юқори аҳамиятга эга. Мазкур магистраль бўйлаб ВР компаниясининг иккита қувури - «Боку-Супса» ва «Боку-Тбилиси-Жейхан» ўтгани туфайли Россиянинг бу ҳудуддаги намойишкорона ҳаракатлари бу ердан туриб Россия Каспий минтақаси ва Европа ўртасидаги энергетика оқимлари ва савдо операцияларини назорат қилиши ҳақида Ғарбга яққол белги берилишини англатади. «Боку-Супса» қувури бўйича нефт таъминотлари узлуксиз амалга оширилса-да, ВР компаниясининг раҳбарияти ва Ғарб давлатларининг ҳукуматлари нисбатан тинч ҳолатда. Россия жануб томон силжиш билан ўзига минтақавий ҳукуматлар ва Жанубий Кавказдаги ВР раҳбариятига таъсир ўтказишнинг қўшимча имкониятларини таъминлади.

Шу тариқа, яқинда Жанубий Осетияда Россияда амалга оширилган ҳаракатлар стратегик хусусиятга эга хавотирлар ҳамда мазкур ҳудуддаги хавфсизлик муаммолари билан асосланган бўлиб, Жанубий Кавказдаги умумий ҳарбий стратегиянинг бир қисми саналади. Ҳозирда Россия томонидан Грузияда кенг кўламли ҳарбий операция ўтказилишининг эҳтимоли кам бўлса-да, ҳам Грузия, ҳам Жанубий Осетия Россиянинг кўмаги билан мавжуд чекловлар доирасида ўз позицияларини кучайтиришга уринаётгани кўриниб турибди. Грузия НАТО ва Ғарбдаги иттифоқдошлари билан алоқаларини қўллаб-қувватлаш билан бирга, ҳарбий салоҳиятини оширишни кўзламоқда. Жанубий Осетия, бошқа томондан, Россия билан бирга ҳаракат қилиб, хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, Цхинвал яхшироқ ҳимоялана олиши учун чегараларини кенгайтириш ва ҳудудини катталаштиришга уринмоқда. 
10.08.2015 | 2847

Бўлишиш:

Поделиться

Инфографика