​“Паспорт стол”даги “олди-сотди” (фельетон)

Блогер ўз блогида Тошкент шаҳри, Миробод тумани ИИБ паспорт бўлимидаги коррупция ва таъмагирлик ҳақида фельетон ёзди. Биз ушбу фельетонни блогда қандай келтирилган бўлса, шундайлигича ҳавола этамиз.

"Тошкент шаҳридан уй сотиб олиш учун пойтахтда доимий прописка талаб этилади. Маълум бир бандлар орқали рўйхатга ўтганлар учун эса уй олди-сотди қилиш ҳуқуқига эга, деган бир парча маълумотнома керак. Масалан, кимдир иккинчи (яқин қариндошлари орқали), бешинчи (никоҳ орқали) ва ўн биринчи (иш жойи орқали) бандлар билан пропискага кириб, шу ерда яшаётганига уч йил тўлгач, мол-мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Нотариус фақатгина уй “олди-сотди”сига пропискага уч йил тўлганини исботловчи ана ўша маълумотномани сўрайди.

Хуллас, бу савдо менинг ҳам бошимга тушди. Пропискага кирганимга уч йил тўлган, лекин илк марта рўйхатдан ўтган жойим Миробод ТИИБ бўлса, ҳозир Мирзо Улуғбек тумани ИИБда прописка қилинганман. Қоидага кўра, маълумотнома доимий прописка бўйича манзилдан олинади. Унинг учун ТСЖдан қарзи йўқлигини билдирувчи 16 ва 17-шаклдаги формалар талаб этилади.

Ҳужжатларни тайёрлаб, Мирзо Улуғбек ТИИБ паспорт бўлимига бордим. Керакли хонага навбат билан кириб, муаммони айтдим ва маълумотномани сўрадим. У ердагилар биринчи марта пропискага кирган жойимга сўров юборишларини, уёқдан ушбу сўровни ёпиб келишим лозимлигини айтишди. Аслида буни қанчадир муддатда ўзлари тайёр қилиб беради, лекин меники шошилинч бўлгани учун ўзим югурдим. Демак, сўровни кўтариб, Миробод ТИИБ паспорт бўлимига учдим. Мурожаат қилишим керак бўлган ойнача олдида ҳеч ким йўқ, навбатда туришдан қутулдим. Бир ўрис аёл (ёши 55–60 атрофида) ўтирган экан. Унга сўровни узатдим, паспортлар ва яна уй ҳужжатларини бердим. У ҳам бир парча қоғозга муҳр босиши керак, тамом. Аммо Гуля (исми ўзгартирилган) деганлари барча ҳужжатларни бир четга суриб, эртага кел, деди. Қарасам, ҳазиллашмаяпти. Кўнмадим. Менга бугун керак, илтимос, ҳал қилиб беринг, ҳар қанақа ишга розиман — ишим тезроқ битиши учун айтилди бу гап. Шундай деганимдан кейин кўзимга тикилиб қолди.

— Ҳамма нарсага тайёрмисан? (Готов на все?)

Тасдиқ жавобини олгач, ўрнидан қўзғалиб, қоғозларимни кўтарганча бошқа хонага кириб кетди. Ўн беш дақиқача кутдим. Ёнимга бошқа мижоз келди. Жойида йўқлигини билиб, бидирлади:

— Ҳеч жойида ўтирмайди бу ўзи. Юровради, дарди пул. Жа кўп ишим тушган-да буларга. Буниси “нагли” сўрайди. Шунинг учун “графжданский” кийимда, формада эмас. Инсоф ҳам қолмаган…

Мен “ҳа”, дедим-да, ортиқча сўз айтмадим. Унчаликмасдир, деб ўйладим. Гуля бир парча маълумотнома билан қайтди. Имзо ва муҳр босилган. Ойначадан мўралаб, ўнг чўнтагимдан пул олиб бердим.

— Сколько здесь? — деди бақрайиб.

— Не знаю, не считал.

— Зато я считаю.

Одамлар кўрмаслиги учун яширинча узатганимни хотиржам санаб чиқди. Саккиз минг сўм экан. Яна қўш, деди. Қанчалигини сўрадим.

— Еще пять.

Тағин беш минг бердим. Ишим битганига хурсанд бўлиб, Мирзо Улуғбек ТИИБга келдим. Маълумотнома ёзиб тутқазишди…

Биз ишимиз битишини истаб, бу ҳолларга ўрганиб қолганмиз. Биз ишимиз битишини хоҳлаб, уларни шунга ўргатиб қўйганмиз. Қарс икки қўлдан чиқади. Мен ошкора (ва яширинини ҳам, албатта) таъмагирликни қоралайман.
 
Заҳириддин"
12.05.2016 | 1140
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика