Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси: миллий манфаатлар ва азалий қадриятлар уйғунлиги

Давлатимизнинг ташқи сиёсат ва дипломатия сохасидаги фаолиятининг концептуал асослари асрлар оша шаклланиб, бугунги истиқлол даврида тобора сайқал топиб келмокда. «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси»нинг яратилиши ва амалиётга жорий этилиши мана шу изчил жараённинг мухим бўғинларидан биридир.
 
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг концептуал асослари мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Президент Ислом Каримовнинг мамлакатимизда янги - озод ва обод Ватан қуриш борасидаги қарашларида, стратегик дастурларида ишлаб чиқилган ва фундаментал асарларида атрофлича асослаб берилган. Бу қарашлар, айтиш мумкинки, халқимизнинг асрий қадриятларини хозирги замон халқаро муносабатлар тизимида юз бераётган жараёнлар ва мустақил Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари билан уйғунлаштириш асносида шаклланган.
 
Давлат мустақиллиги ва суверенитетининг, унинг ҳудудий яхлитлигининг дахлсизлиги, миллий манфаатларнинг устуворлиги, прагматизм ғояларига асосланган фаол ва изчил ташқи сиёсат юритиш, умуминсоний кадриятларга таяниш, халкаро майдонда тинчлик ва хавфсизликни мустахкамлаш, ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлилик, манфаатлар муштараклиги, давлатлараро муносабатларда мафкурадан ҳолилик, ички ишларга аралашмаслик каби тамойиллар мамлакатимизнинг шу кунгача олиб борган ташқи сиёсати ва дипломатиясининг асосий концептуал илдизини ташкил этиб келган. Истиқлолнинг ўтган 20 йилдан ошиқроқ даври мобайнида мана шу тамойиллар негизида шаклланган ташқи сиёсат ва дипломатия Ўзбекистон халкаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида қад ростлашини ва мамлакатимизнинг дунё харитасидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлади, шунингдек, давлатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини хам мустаҳкамлади.
 
Ҳозирги даврга келиб эса, Ўзбеки­стон мустақил тараққиёт йўлида янги босқичга кўтарилмокда: истиқлолнинг учинчи ўн йиллиги бошланди. Янги босқичда янги марраларни эгаллаш вазифаси мамлакатимизда ва халқаро май­донда юз бераётган туб ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, давлатимиз ташқи сиёсатининг концептуал асосларини янада такомиллаштириш масаласини кун тартибига қўйди.
 
Шуларни инобатга олган ҳолда, 2012 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов XXI асрнинг халқаро жараёнлар тинимсиз ўзгариб бораётган шароитида мувозанатли ва, айни вақтда, фаол, хамда собитқадам ташқи сиёсат стратегиясини амалга ошириш бўйича доктринал ҳужжат ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Президент ташаббуси ва раҳнамолиги остида «Ўзбекис­тон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси» (кейинги ўринларда Концепция) ишлаб чиқилди.

Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида тегишли давлат органлари, вазирлик ва идоралар, академик ва илмий-тадқиқот марказларининг вакиллари ҳамда мутахассислари иштирок этдилар. Ҳужжатни тайёрлашда ташқи сиёсий фаолият соҳасидаги назарий билимлар ва амалий тажриба умумлаштирилди. Халқимизнинг ташқи алоқалар соҳасида асрлар мобайнида шаклланган қадриятлари хамда ривожланган хорижий давлатларнинг амалий ва на­зарий тажрибаси инобатга олинди. Мамлакатимизнинг халқаро муносабатларга оид қонунлари ва бошка меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари яна бир бор қайта кўриб чиқилди. Халқаро майдонда ва минтақамизда вужудга келаётган вазият, мамлакатимиз ён атрофида шаклланаётган мураккаб геосиёсий шарт-шароитларнинг ўзига хос ҳусусиятлари ҳамда Марказий Осиёнинг хавфсизлик ва барқарор ривожланишини таъминлаш каби долзарб масалалар таҳлил қилинди, Ўзбекистон миллий манфаатлари нуқтаи-назаридан экспертизадан ўтказилди.
 
Концепцияда Истиқлолнинг илк йилларидан бери мамлакатимизнинг халқаро муносабатларида амал қилиб келаётган асосий тамойиллар мустаҳкамланди ва уларга қўшимча тарзда ташқи сиёсий фаолиятга оид янги принципиал қоидалар ҳам белгилаб олинди. Бу янги жихатлар ўтган 20 йилдан ошиқроқ давр мобайнида тўпланган тажрибага таяниб, бугунги дунёда юз бераётган шиддатли жараёнларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
 
Натижада, давлат ташқи сиёсатининг фундаментал принциплари ва стратегик устувор йўналишлари, халқаро майдондаги максад ва вазифалари, миллий манфаатлари ва уларни илгари суриш механизмларини белги­лаб берувчи ўрта ва узоқ истиқболга мзлжалланган қарашларнинг яхлит тизимини ўзида мужассам қилган янги ҳужжат - «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси» тайёрланди.
 
Ушбу ҳужжатга қонуний куч бериш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси­нинг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва дав­лат раҳбари томонидан қонунчилик ташаббуси сифатида мамлакат парламентига тақдим этилди.
 
Концепциянинг асосий ғоялари оммавий ахборот воситаларида чоп этилди, сиёсий партияларнинг парламентдаги фракцияларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тегишли қўмиталарида муҳокамадан ўтка­зилди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида маъқулланди ва Сенатда тасдиқланди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Кари­мов томонидан 2012 йилнинг 10 сентябрида «№ ЎРҚ-330» рақами остида қонун сифатида имзоланди.
 
Концепция мазмунан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва миллий қонунчилигига, «Мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»га асосланади, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва бошқа тегишли халқаро ҳужжатларга мос келади.
 
Концепцияда дунёдаги халқаро муносабатларнинг бугунги аҳволига, жаҳон аренасида кузатилаётган мега трендлар ва туб ўзгаришларга кенг қамровли тавсиф берилган. Жумладан, глобаллашув жараёни изчил ва орқага қайтариб бўлмас ҳусусият касб этгани таъкидланар экан, унинг, бир томондан, давлатларнинг ривожланиши учун қулай имкониятлар очиб бериш, иккинчи томондан эса, иқтисодиёт, энергетика, экология, озиқ-овкат билан таъминлаш, ахборот алмашиш, гуманитар хавфсизлик соҳаларида турли хавф-хатарлар туғдираётгани эътироф этилган.
 
Дунё иқтисодиётида ва сиёсий аре­насида Осиё давлатларининг ўрни ва роли ўсиб бораётгани эътиборга олинган. Иқдисодий масалалар, модернизация жараёнлари бутун жахонда устувор аҳамият касб этаётгани таъкидлаб ўтилган. Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий хавфсизликка раҳна солаётган анъанавий ва ноанъанавий тахдидларнинг турлари кенгайиб бораётгани, Ўзбекистон чегаралари яқинида кескинлик ва танглик ўчоқларининг сақланиб қолаётгани, дунёнинг бизга якин бўлган муҳим минтақаларида янги қуролли можаролар ва қирғинбарот низоларга олиб келувчи вазиятларнинг кўпайиб бориши каби салбий омиллари мавжудлиги таъкидлаб ўтилган.
 
Концепцияда Марказий Осиё минтақасига алоҳида эътибор қаратилган ва биринчи бор бундай доктринал ҳужжатда «Ўзбекистоннинг ҳаётий муҳим манфаатлари шу минтақа билан боғлиқ» эканлиги белгилаб қўйилган. Марказий Осиё ўзининг муҳим геосиёсий жойлашуви ва минерал-ҳомашё ресурсларининг улкан заҳираларига эга эканлиги туфайли жахон миқёсида кучли эътибор объектига хамда йирик давлатларнинг стратегик манфаатлари тўқнашадиган ҳудудга айланиб бораётгани таъкидлаб ўтилган. Йирик давлатлар Марказий Осиё давлатларининг ўз ривожланиш модели ва сиёсий йўлини белгилашига таъсир ўтказишга уринаётгани, минтақада ўз мақсадларини кўзлаётган та­шқи кучларнинг узаро рақобати кучайиб бораётгани кўрсатилган. Концепци­яда дунёнинг йирик давлатлари томонидан минтақада олиб борилаётган ўзаро геополитик рақобат инобатга олиниб, «Марказий Осиё муаммолари ташқи кучларнинг аралашувисиз, минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан ечилмоғи зарур», деган позиция баён этилган.
 
Ҳужжатда минтақадаги трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммоси ҳамон ҳал этилмай келаётганига алоҳида урғу берилган. Миллионлаб кишиларнинг соғлиғига, аҳоли генофондига оғир зиён етказаётган мураккаб экологик муаммолар, хусусан, Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатлари, катта корхоналарнинг саноат оқавалари ва чиқиндилари трансчегаравий сув ресурсларини ифлослантириши ва атроф-муҳитни заҳарлаши – буларнинг бари Марказий Осиёнинг фаровонлиги ва барқарор тараққий этиши учун тобора хавфли омил тусини олиб бораётгани алохида таъкидланган.
 
Бундан ташқари, минтакада очиқ денгиз ҳавзаларига чиқишга имкон берувчи транспорт-коммуникация инфратузилмасининг чекланганлиги ва уни таркибида бир-бирининг ўрнини боса олувчи муқобил йўналишлар тизими йўқлиги Марказий Осиё давлатларининг барқарор иқтисодий ўсиш истиқболларига салбий таъсир ўтказаётганига жиддий эътибор каратилган.
 
Қўшни мамлакатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш жараёнлари ҳали ҳам тугалланмагани Марказий Осиёдаги вазиятнинг мураккаблашувига олиб келаётгани ҳамда чегарадош давлатлар орасида айрим масалаларни, жумладан, уларнинг хўжалик субъектлари ўртасидаги долзарб муаммоларни ҳал этиш борасида қийинчиликлар туғдираётгани эътироф этилган.
 
Концепцияда Мустақил давлатлар ҳамдустлиги минтақасида давлатлараро супранационал иттифоқлар тузишга, хусусан, давлатлар суверенитетининг маълум қисмини интеграцион тузилмалар қўлига ўтказишга қаратилган ҳаракатлар фаол тус олаётгани қайд этилган. Мазкур «интеграцион» ташкилотлар иқтисодий манфаатлар доирасидан чиқиб кетиши, баробарида ҳамда сиёсий тус ва мазмун касб этиб бориши, оқибатда эса, шу кунгача карор топган савдо-иқтисодий алоқаларга ҳамда ушбу жараёнларда катнашаётган давлатларнинг учинчи давлатлар билан ҳамкорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.
 
Ҳужжатда алоҳида қайд этилишига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлатнинг ва халқнинг олий манфаатларига, фаровонлиги ва хавфсизлигига, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги мил-лий конунчилик хамда кабул килинган халкаро мажбуриятларга амал килган ҳолда, иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
 
Концепцияда мамлакатимизнинг ёнгинасида ва дунёнинг бошқа қисмларида юз бераётган қуролли можароларга ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш борасидаги долзарб масалалар қаторида Афғонистонда сақланиб колаётган оғир ва мураккаб шароитга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур мамлакатда вазиятнинг барқарорлашувига ва бардавом тинчлик ўрнатилишига эришмасдан туриб, халқаро коалиция кучларининг 2014 йили олиб чиқиб кетилиши кенг минтақада олдиндан кўра билиш қийин бўлган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги қайд этилган. Концепцияда Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистонга нисбатан тутган позицияси аниқ белгилаб берилган.
 
Хусусан, ҳужжатда қуйидаги муҳим қарашлар таъкидланади:
1) Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли барқарорлик, тинчлик ва осойишталик қарор топишининг тарафдоридир;
2) Биз ушбу мамлакат билан ўз муносабатларимизни тарихий тажриба, анъанавий дўстона ва яҳши қўшничилик алоқаларига таяниб, ички ишларга аралашмаслик тамойилига амал қилган ҳолда олиб борамиз;
3) Ўзбекистон Афғонистон билан ўз муносабатларини икки томонлама асосда, ҳар иккала давлатнинг миллий манфаатлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ шаклда, афғон халқи ўз мамлакати учун танлаган йўлни ҳурмат қилган ҳолда кўради.
 
Концепцияда Яқин ва Ўрта Шарқ минтақаларида юз бераётган кескин ўзгаришлар ҳам эътибордан четда қолдирилмаган. Ўзбекистон, бу минтақалардаги давлатлар билан анъанавий тарихий-маданий алоқалар ҳамда дунёнинг бу қисмида рўй бераётган изчил ўзгаришларнинг келгусидаги ҳусусиятини инобатга олган ҳолда, ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашни давом эттириши таъкидланган.
 
Мамлакатимиз ташқи сиёсати ва дипломатиясининг ушбу хужжатда бел­гилаб қўйилган бошқа муҳим жиҳатлари қаторида қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин:
 
Биринчидан, Ўзбекистон халқаро муносабатлар тизимининг тўлақонли субъекти сифатида фаол ва изчил ташқи сиёсат стратегиясини олиб боради. Бунда миллий манфаатларни собитқадамлик билан илгари суриш, давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакатда амалга оширилаётган модернизация жараёнлари учун қулай бўлган ташқи муҳитни шакллантириш каби мақсад ва вазифалар устувор аҳамият касб этади.
 
Иккинчидан, Ўзбекистон дунёдаги етакчи давлатлар билан стратегик шерикчилик муносабатларининг мувозанатли ва кўп қиррали тизимини шакллантиришда давом этади; минтақада геосиёсий мувозанатни сақлаш; сиёсий, иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт ва бошка соҳалардаги халқаро алоқаларни кенг диверсификация қилиш йўлидан боради.
 
Учинчидан, мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар билан бўлган алоқаларига ҳам алоҳида урғу берилади. Бу борада, авваламбор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан ҳамкорлик устувор аҳамиятга эга экани баён қилинган. Шанхай хамкорлик ташкило­ти, Мустакил давлатлар ҳамдўстлиги ва бошка қатор халқаро институтлар билан алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган. Ўзбекистон халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида қарорлар қабул қилиш жараёнида консенсус принципи ва ўзаро ишонч, тенглик ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш қоидаларига қатъий риоя этиш тарафдори эканлиги қайд қилинган.
 
Тўртинчидан, Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди. Хар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Ўзбекистон ўзининг қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга тортилишининг олдини олиш мақсадида тегишли чораларни кўради; ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иш­тирок этмайди.
 
Кузатишлар шуни кўрсатадики, инсонийлик, тинчликсеварлик ғояларига асосланган ушбу концептуал хужжат тадқиқотчилар ва жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Айниқса, ушбу ҳужжатда акс этган, ҳар бир инсоннинг қалби тубидан жой олган ғоя - яъни, ўз фарзандини ўзга юртлардаги қуролли-қонли можаролардан асраш ғояси алоҳида аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган бу крида нафақат ота-оналарга, балки аскарлик бурчини ўтаётган ёки ўташга тайёрланаётган ёшларнинг оила аъзоларига, уларнинг ёру-биродарларига ҳам мақбул келди. Ушбу ғоянинг концептуал ва қонуний жиҳатдан муҳрлаб қўйилиши Ўзбекистонда «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилинган 2012 йилда юз бергани бу масалага чуқур мулоҳаза билан комплекс нуқтаи назардан ёндашилганидан далолат бериб турибди.
 
Концепцияда, мамлакат ташқи сиёсий фаолиятини амалга ошириш учун халқаро майдонда сиёсий, дипломатик, шартномавий-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий ҳамда бошқа механизмлар, усул ва услублар, шакл ва воситалар мажмуасидан самарали фойдаланишни кўзда тутадиган, кенг кўламли ягона ва яхлит давлат сиёсатини олиб боришга асос­ланган ёндашув талаб этилади. Ташқи сиёсатни амалга оширишда иштирок этувчи ва бу борада алоҳида масъул булган давлат органлари тизимида – Ташқи ишлар вазирлиги марказий бўғим вазифасини бажариши ва бу борада умумий фаолиятни мувофиқлаштирувчи сифатида алоҳида ўрин тутиши белгилаб қўйилган.
 
Шуни таъкидлаш керакки, Концепциянинг аҳамияти унинг ташқи сиёсат соҳасидаги муҳим ҳужжат эканлиги билангина чекланиб қолмайди. Ташқи сиёсат соҳасидаги амалий жиҳатидан ташқари, бу ҳужжатнинг сиёсий, ҳуқуқий ва тарихий аҳамияти хам каттадир.
 
Концепциянинг парламентда халқ вакиллари томонидан маъкулланиши ва қонун билан тасдиқланиши унга нафақат тегишли қонуний, балки олий маънавий куч хам бахш этади. Ушбу ҳуж­жатнинг қонун билан қабул қилинганлиги уни нафақат ташқи алоқалар билан боғлиқ бўлган идоралар ва шахсларга, балки Ўзбекистон Республикасида яшаб истиқомат қилаётган барча аҳоли учун бир хил булган қонун даражасига кўтаради. Жумладан, Концепцияни тасдиқлаш тўғрисидаги Қонуннинг 3-бандида «Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат Қарорларини ушбу қонун билан мувофиқлаштириши» лозим эканлиги бел­гилаб қўйилган.
Концепциянинг узига хос ҳусусиятларидан яна бири шундан иборатки, у оддий ва тушунарли тилда ёзилган. Унда мураккаб назарий ва ортиқча терминологик иборалар қўлланилмаган. Ҳужжат матни ихчам ва аутентик характерга эга. Ҳужжат мазмуни Ўзбекистон миллий манфаатларини таъминлашга каратилган ва максимал тарзда аниқ мақсад ва вазифаларга йўналтирилган бўлиб, умуман паллиатив вақтинчалик мазмундаги матндан халос этилган. Концепция прагматик руҳда баён этилган ва у турли догматик карашлар ҳамда мафкуравий ишланмалардан ҳоли. Яна бир муҳим жиҳати - Концепцияни тайёрлашда кенг камровли (мультидисциплинар) ёндашув услуби қўлланилган. Унда нафақат ташқи сиёсат ва дипломатия борасидаги, балки иқтисодий, ҳарбий, маданий ва гума­нитар соҳалардаги ташқи алоқаларга тегишли вазифалар, шунингдек, уларни амалга ошириш воситалари ҳам ўз аксини топган.
 
Қолаверса, Концепция ташқи сиёсат ва дипломатия соҳасини ўрганишда илмий-назарий, ўқув-услубий, дидактик қўлланма сифатида, шунингдек, илмий тадқиқотлар учун тадқиқот объекти ва манбаи сифатида ҳам хизмат қилиши мумкин. Мисол учун, бу ҳужжатда, илгари амалиётда ўз аксини топган бўлса-да, миллий қонунчилигимизда ҳали қўлланилмаган айрим янги ибора ва тушунчалар мавжуд. Айтиш жоизки, «Марказий Осиё-Ўзбекистон учун ҳаётий манфаатлар ҳудуди» деган маънодаги тушунча биринчи бор бундай расмий даражада эълон қилинган. Давлатнинг «ҳаётий манфаатлари» деган тушунчанинг ўзи ҳам илгари миллий қонунчилигимизда қўлланилмаган. Концепцияда, шунингдек, «превентив дипломатия», «халқ дипломатияси» каби тушунчалар ҳам учрайдики, улар гарчи амалиётда қўлланилган бўлса-да, миллий қонунчилигимизда жуда кам ишлатилган эди.
 
Бу ҳужжатнинг назарий ва амалий аҳамияти ҳақида бошқа қатор мисолларни ҳам келтириш мумкин. Жумладан, ҳужжатнинг методологик жиҳатлари ҳақида қисқача тўхталиб, унда азалий қадриятларимиз ва ҳозирги замон талабларини уйғун тарзда омухталаштиришнинг самарадор модели қўлланилганини ҳам эътироф этса бўлади.
 
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳозирги замон ўзбек дипломатия мактабининг ғоявий илдизлари халқимизнинг кўп минг йиллик давлатчилик тарихига бориб тақалади. Бундан бир неча асрлар муқаддам ёзилган Низомулмулкнинг «Сиёсатнома»си, Фаробийнинг «Фозил кишилар шаҳри» хақидаги рисоласи, Самандар Термизийнинг «Дастур ул-мулк» асари, Абу Райҳон Берунийнинг кенг маънодаги жуғрофий ишланмалари, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билик» асари, қолаверса, «Амир Темур тузуклари», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурномаси» ва бошқа қатор тафаккур маҳсули бўлиши ўтмиш дурдоналари бугун ҳам мозийдан зиё таратиб турибди, давлатчилигимизда, жумладан, ташқи сиёсат ва дипломатия соҳасида халқимиз учун катта мактаб, билимларнинг олтин хазинаси сифатида хизмат қилиб келмоқда. Уларда узоқ, ва яқин қўшнилар билан муносабатлар олиб бориш, халқаро савдо-сотиқ асослари, давлатни идора қилиш-да ташқи алоқалар аҳамияти, жумладан, элчилар, тилмочларнинг функциялари ва уларни тайинлаш мезонларига тегишли қатор қимматли фикр-мулоҳазалар мавжуд.
 
Бу билимларнинг кўпчилик қисми бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Масалан, маълумки, кўп замонавий олимлар давлатнинг «кучи», «қудрати» тушунчаларини турлича талқин қиладилар. Мисол учун, таниқли америкалик олим Ханс Моргентау ўз тадқиқотларида «power» (қудрат, куч) тушунчасига алоҳида эътибор қаратган бўлса, бошқа бир машҳур тадқиқотчи Жозеф Най эса, фанга «soft power» («юмшоқ қудрат», ноҳарбий куч) тушун-часини олиб кирди. Бу ва шу каби бошқа тушунчаларнинг ҳар бири ўзига яраша чуқур маъно касб этади, албатта. Аммо, буюк давлат арбоби, машҳур ҳукмдор, бобоколонимиз АмирТемурнинг «Куч - адолатдадир» деган ғояси ҳақиқий куч-қудратнинг асл манбаи ҳақидаги саволга энг қисқа ва лўнда жавоб бера олади десак, ҳақиқатдан йироқ бўлмайди.
 
Замонавий миллий манфаатлар ва азалий қадриятларимизни бирлаштирган Концепцияда ҳам адолат ғоясига алоҳида урғу берилган. Айтайлик, «адолат» тушунчаси, авваламбор, икки мезонга асосланади: биринчиси - тенглик, иккинчиси - қонун устуворлиги. Мана шу иккала мезон ҳам Концепцияда ўз аксини топган. Бу ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларда «ўзаро тенг хуқуқлилик тамойили»га амал қилиши ва ўз ташқи сиёсатида «халқаро хуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва меъёрларига содиқ қолиш»и белгилаб қўйилган. Концепциянинг «мувозанатли ташқи сиёсат олиб бориш», давлатлараро масалаларда вужудга келиши мумкин бўлган «низоларни куч ишлатмасдан, ўзаро муроса, тенглик принциплари асосида», «оқилона ёндашув» билан ҳал этишни кузда тутувчи бандлари ҳам, айтиш мумкинки, «Куч – адолатдадир» деган ғояга жуда мос келади.
 
Хулоса тариқасида, умумлаштирган ҳолда таъкидлаш мумкинки, «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси» бугунги кун амалиёти ва азалий қадриятларимизни ўзида мужассам қилган ҳужжат бўлиб, у ўсиб келаётган авлод учун, рамзий маънода, қадимги таъбир билан айтганда, ўзига хос «тузук», ташқи сиё­сат ва дипломатия соҳасидаги замонавий «рисола» бўлиб хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.
 
Ш.М.Йигиталиев 
22.10.2015 | 4027

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг