Ким эдингу ким бўлдинг?

alt
Элимиз санъатни жуда хуш кўради. Хонандаю актёрларимиз қаерга борса, ўзига яраша қадр топади, меҳмон қилинади. Халқ учун улар энг ҳурматли ва қадрли одамлар. Лекин артистларимиз шу эътибор ва эътирофларга лойиқми? Улар давлат тадбирларида ўзларини қандай тутишади? Келинг, бир бор разм солайлик.

Юртимизда давлат тадбирлари кўплаб топилади. Худога шукр, байрамларимиз талайгина. Айниқса, бу йил мустақиллигимизнинг 25 йиллик тантанаси нишонланади. Вилоятлар бўйлаб кино ва театр актёрлари, эстрада хонандаларининг "юриши" бошланади ва бир қанчаси ўтиб ҳам бўлди. Ана шу тадбирларда артистларимиз ўзларини қандай тутишларини биласизми?

Ёш артистларимиз учун ҳамма шароит муҳайё қилиниши шарт! Шундоғам барча шароит бор, ҳар бир вилоят ўзига хос меҳмондўст халқига эга. Масалан, "Биз буюк юрт фарзандларимиз" шиори остидаги ёшлар фестивалини олайлик. 3 кун давом этадиган мазкур фестивалда артистлар ҳар куни биттадан туманга гуруҳларга бўлинган ҳолда тарқаб кетишади. Уларнинг иши ёшларга ҳар томонлама ибрат бўлиш, ҳар хил оқимлар ва гуруҳларга қўшилиб кетмасликлари учун тарғибот ишларида ёрдамлашишдан иборат.

Улар ҳам шу ишни қилишади. Лекин аксарияти кийиниш маданиятига эътибор бермай, ўзи бил(ма)ган ҳолда оммавий маданиятни тарғиб қилиб қўйишади. "Ўзбеккино" МА вa "Ўзбекнаво" ЭБ уларнинг бу қилиғига қандай жим қараб туриши мумкин? Кимдир қалин соқолини кўз-кўз этади, бошқаси турли рангдаги алламбало кийимларни кийиб олади. Сабабини сўрасангиз, "услуб бу, истаганимни кияман", деган жавобни оласиз. Ҳа, тўғри, улар бошқалардан ажралиб туриши керак.

Яна бир мисол: артистларимиз пиёда қолмасликлари учун энг сўнгги русумдаги автоуловлар зарур бўлади. Улар иссиқда юришни хушламайди, кондиционерли машина хизматга шай туриши керак. Мундайроқ автомобиль бўлса, ошкора норозилигини билдириб, истаса, терс бурилиб, салқингина меҳмонхонага кириб кетади. Автобусни умуман гапирмаса ҳам бўлади. Бошқа ёши катта артистларимиз кўпни кўргани учун бу ҳолатга индамайди, ахир у ўзбек, шу қишлоқлардан чиққан (балки улар ҳам шундайдир), офтобсевар юрт фарзанди.

Уларнинг овқатланиши ҳам бир муаммо. Энг зўр ресторан ёки кафеларда энг зўр овқатларни ейишни ёқтиришади. Кенг далада (шунақа жойга бориб қолинса-да), очиқ жойда, хуллас, иссиқда таомланишни хушламайдилар. Гўё уларни кимдир мажбурлаб тадбирга олиб келган ёки уларсиз бу тадбир файзсиз ёки фойдасиздек.

Яқинда бошланган "Ким эдигу ким бўлдик!" акциясини олайлик. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига бағишлаб вилоятлар бўйича ўтказилаётган мазкур тадбирда ҳам шундай ҳолатлар кузатилди.

Уларнинг бу қадар "олифталашиб" кетишига ким ёки нима сабаб? "Ўзбеккино" миллий агентлиги ва "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси уларни йўлга солиб қўёлмайдими? Ёки ўша ёш артистлар шу кунга етгунча, бу машҳурликка чиққунча ким бўлганини унутишдими? Халқ бўлмаса, улар ҳам мавжуд эмас. Халқ қўллаб турмаса, уларга бу машҳурлик татийдими? Аввало ўзига савол берсин улар: "Олдин ким эдигу, ҳозир ким бўлдик?"
 
Заҳириддин
18.07.2016 | 1757

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика