Хорижий ва миллий алоқа операторлари: кимда қанақа?

Ҳозирги кунимизни мобиль телефонсиз тасаввур қилиш қийин. Тасаввурга сиғдириш мумкин, аммо энди бунинг учун жуда кеч. Миллиондан бир фоизда ҳар замонда учраб турадиган телефонсиз одам бўлса, у ҳам бунга ё имконсиз, ё истаксиз ҳисобланади. Биз ҳам ҳозир айнан шу телефон ҳақида суҳбатлашамиз.

Йўқ, телефон аппаратлари ва унинг одамзодга таъсири хусусида чайналиб, сизни-да қийнамоқчи эмасмиз. “Чайнашга” бошқа мавзу топдик: телефон алоқа операторларининг иш фаолияти. Қайси компания ҳисобингиздан кунига қанчадан абонент тўлови ечиб олади? Умуман, кунлик абонент тўлови олиши керакми аслида? Дунё тажрибасида бу бўйича қанақа меъёрлар бор? Шу каби саволларга жавоб топишга уринамиз.

Келинг, аввало, хорижий алоқа операторларини олайлик. Россияда энг йирик ҳисобланган компаниялар кўп: “Мегафон”, “Билайн”, “МТС”.

Хорижий алоқа операторлари
alt

Мегафон”нинг “Всё включено S” тарифида ойига 300 рубль, “Всё включено M” тарифида 500 рубль, “Всё включено L” тарифида 800 рубль, “Всё включено XL” 1200 рубль, “Всё включено VIP” тарифида эса 2700 рубль тариф тўловлари белгиланган. Яъни барча абонент тўловлари ойлик тарификация қилинади.

Билайн” ва “МТС” алоқа операторларида ҳам худди шундай, аниқроғи, кунлик абонент тўлови деган нарса йўқ. Ёки Хитойдаги Сhina Mobile, Сhina Telecom, China Unicom мобиль алоқа операторларини олайлик. Уларда ҳам фақат ойлик ёки йиллик абонент тўловлари амал қилади.

Дунёга машҳур Vodafone, Telia, Amazon AirTel, Orange каби операторлар ўз абонентларига сифатли хизматни таклиф этиш мақсадида кунлик тарификацияни тақдим этмайди. Улар фақат сўзлашган мулоқот вақти учун тўлов ундиришади.

Миллий алоқа операторлари

Хўш, бизда қандай? Ойлик тарификация хизмати бизга ҳам аллақачон кириб келган. “Билайн” ва “UMS” компанияларида (“UMS”да фақат битта кунлик абонент тўлови бор тариф мавжуд) барча тарифлар шундай. Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда абонентларга ойлик абонент тўловини жорий этишган. “Perfectum” компаниясида эса кунлик абонент тўлови бор тарифлар талайгина. Масалан, “Удивительный бонус” (кунига 4 цент), “Студент” (кунига 12 цент), “Легкость общения” (кунига 4 цент) тарифлари ўз абонентларидан ҳар куни тўлов ечиб олади.

Кунлик тарификациянинг энг кўп қўлланилгани ўзимизнинг “Ucell” алоқа операторида кузатилади. “Ucell”нинг деярли барча тарифларида кунлик абонент тўлови амалда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, юртимизда ойлик абонент тўлови йўқ компания айнан шу “Ucell”дир.

“Ижобий” тарифида кунлик абонент тўлови 6 цент, “Fresh”да 5 цент, “Кўпроқ”да 5 цент, “ОК”да 8 цент, “Омадли”да 1 доллар, “Қулай интернет”да 8 цен, “Аниқ” тарифида эса кунига 50 цент тўловлар ечиб олинади.

Шу ўринда савол туғилади: кунлик абонент тўлови керакми ўзи? Абонент ўзи мулоқот қилган ёки фойдаланган хизматигагина ҳақ тўлаши керак эмасми? Гаплашса-гаплашмаса, кунига 8 центдан пул чиқим бўлиб турса, бу кимга ҳам ёқади? Тўғри, телефон орқали кўп гаплашамиз, аммо аксинча, кам мулоқот қиладиганлар ҳам улардан қолишмайди.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг “Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғида (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 6-сон, 67-модда) шундай банд мавжуд:

“40. Тариф режаларини шакллантиришда тарификациянинг қуйидаги турлари қўлланилиши мумкин:

а) абонентнинг аниқ (ҳисобот) даври учун тўлов миқдори ҳақиқий олинган мобиль алоқа хизматларининг ҳажмига боғлиқ бўлмаган доимий катталик ҳисобланадиган абонентлик;

б) абонентнинг тўлов миқдори ҳисобот даври давомида тақдим этилган абонентнинг ташаббуси билан амалга оширилган уланишлар давомийлигининг суммасига боғлиқ бўлган вақтбай;

в) тўлов миқдори амалда кўрсатилган мобиль алоқа хизматлари учун аниқланадиган ҳар бир кўрсатилган мобиль алоқа хизмати учун.”


Тўғри, қонунчиликда кунлик абонент тўлови жорий этилмасин, деган қоида йўқ. Аммо миллиондан битта ё иккита оператор шундай ажралиб турса, албатта, камчилик кўпчилик сафига қўшилиши лозим. Бу масалада “Ucell” ва қисман “Perfectum” алоқа операторлари мутасаддилари томонидан ижобий ўзгариш бўлишини кутиб қоламиз.
 
Заҳириддин
02.08.2016 | 1204

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика