Дилбар шахс эди

Худо раҳматли Абдулла ака Орипов Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга бағишланган шеърини “Ёнимиздан ўтди мангулик”, деб тугатганди. Дарҳақиқат, бу гапни унинг ўзи ва Эркин Воҳидов ҳақида ҳам айтиш мумкин.

Биз устоз Эркин Воҳидовнинг шеърларини ўқиб, улғайган авлодмиз. Эҳтимол шу сабаблими, 1994 йили Андижон вилояти, Избоскан тумани “Пахтакор” газетаси қошида Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар клубини ташкил қилиб, у кишига сим қоқишга журъат этгандирман. Устоз хабаримни эшитиб, хурсанд бўлди ва албатта, клубга келишини, ёш қаламкашлар билан учрашишини билдирди.

Мустақиллигимизнинг илк йиллари — оғир даврлар эди. Буни билган билади. Хуллас, ўша йилнинг ёзида Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида ишловчи “адабиётпараст мелиса” Муҳаммадрасул ака Кимсанбоев сим қоқиб, Эркин Воҳидов Избосканга келаётганини маълум қилди. Чиндан ҳам устоз икки ҳамроҳи билан таҳририятга қадам ранжида этди. Туман ҳокимлиги вакиллари, журналистлар, ёш ижодкорлар биргалашиб кутиб олдик. Бу биз учун чинакам байрам эди — тирик Эркин Воҳидов билан кўришиб турганимизга ишонмасдик. У бағоят синиқ, камтар, мулойим одам экан. Худди шеърларига ўхшайди.

Эркин ака биз билан самимий суҳбат қилди. Барча саволларимизга эринмай жавоб берди. Биз шеър ўқидик, у киши ҳам ўқиди. Охирида ҳаммамиз бирга суратга тушдик. Афсуски, оқ-қора сурат анча хира чиққан, сайтингизни “безолмайди”. Акс ҳолда, йўллаган бўлардим.

Кейин устоз билан кўп бор кўришдик, гаплашдик, дуоларини олдик. 2004 йилда вилоят ҳокимлиги рухсати билан Муҳаммад Юсуф номида ҳам ана шундай клуб ташкил этдим. Устоз буни эшитиб, хурсанд бўлди. Клубда кўплаб ёшлар адабиёт борасидаги илк сабоқларини олиб, катта ҳаёт сари парвоз қилдилар. Бу эзгу иш мудом давом этмоқда.

Экрин Воҳидов том маънодаги зиёли, маданиятли инсон, дилбар шахс эди. Ўзига ҳеч қачон “эрк бермасди”, аммо қалбан дарвеш бўлгани рост. Навоий ва Фузулийларни Эркин устоз тимсолида тасаввур қилиш мумкин. Мен бу сифатни дуогўй устозим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировда ҳам кўрганман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Эркин Воҳидовнинг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори бутун халқимизни мамнун этди. Чунки бу улуғ шоир ўзидан ўлмас адабий мерос қолдира олди. Дунё адабиёти нодир дурдонаси “Фауст”нинг ўзбек тилида қойилмақом жаранглаши, олам ошиқларининг севимли шоири Сергей Есениннинг она тилимизда қалбимизга кириб келиши адибнинг таржимончиликда ҳам беқиёс мактаб яратганидан далолатдир.

Шоир ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш тўғрисидаги гап — айни муддао. Фақат унда кўпроқ оддий халқ — мухлислар фикрини бериш мақсадга мувофиқдир.

Асарларини нафақат қорaқалпоқ, инглиз тилларига, балки рус, фаранг ва форс тилларига ҳам ўгириш керак. Ёдгорлик монументини Тошкентда ва туғилиб ўсган маскани Олтиариқда ўрнатиш лозим.

Қисқаси, қутлуғ ва тарихий қарорнинг ижросини таъминлаш барчамизнинг виждонли бурчимиздир. Чунки устоз Эркин Воҳидов каби ижодкорлар миллатимизнинг юз-кўзидирлар ва халқимизни асрлар оша мадҳ этиб, олам аҳлига кўз-кўз қилгувчи инсонлардир.
 
Наби Жалолиддин,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати
20.12.2016 | 560

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг