Болалар спорти: кеча ва бугун

alt
Яқиндагина омонатини топширган режиссёр Мелис Абзаловнинг халқимиз қалбидан жой олган фильмларидан бири – “Келинлар қўзғолони”да саноқли сониялар ичида рўй берадиган кичик бир саҳнаси бор. Бир қарашда мазкур эпизоднинг фильм композициясидаги воқеалар ривожига умуман дахли йўқдек туюлади. Аммо синчиклаб разм солсангиз, мустабид тузум даврида суратга олинган ушбу фильм орқали буюк ижодкор ўша даврнинг оғриқли муаммоларини ҳам бирров тилга олиб ўтгани ойдинлашади. 

Бу каби саҳналарнинг асосий воқеалар ривожидан ташқарида – бир зумда рўй бериши орқали режиссёр кутилмаган кадрларни ўша замон машъум цензурасининг “ўткир” қайчисидан бир амаллаб омон сақлаб қолган бўлса, ажаб эмас. 

Аҳамият берсангиз, фильмда Фармонбибининг уйига йўл олган пойафзал устаси Боқи амаки чанг кўчалар орқали ўтиб борар экан, унинг орқа фонида кўчани тўлдириб ўйнаб юрган болалар тасвирланади. Тор ва чанг кўчада машина ўтиб борар экан, болалар ўйинини бир зумга тўхтатиб, машинага йўл беришади ва девор панасида машинанинг ўтиб кетишини пойлабтуришади. Машина ўтгач, дарров яна кўчани эгаллаб олиб, ўйинларини давом эттиришади.

Хўш, режиссёрга шу саҳна нима учун керак эди? 

Шу биргина кичкина кадр орқали Мелис Абзалов узоқ эмас, яқин ўтмишда, атиги 25 йилнинг нарисида ўзбек боласининг болалиги қандай кечаётганини кўрсатиб беролган буюк ижодкор эди. 

Спорт иншоотлари ва заллари, спорт анжомлари нарида турсин, оёғининг чигилини ёзиб бемалол югурса бўладиган болалар майдончаларининг йўқлигини биргина кичкина кадрда кўрсата олган моҳир топқир эди.
Бугунги болаларга гапириб берсангиз, қулоғига эртакдек туюладиган воқеалар – мактаб болаларининг 3-4-синфдан бошлаб кимёвий заҳарли моддаларга тўйинган пахта далаларига оммавий теримга жалб қилинганини нафақат катта ёшдагилар, балки биз каби ўрта авлод вакиллари ҳам ҳалигача унутганимиз йўқ. Қатъийроқ қилиб айтилса, унутишга ҳаққимиз ҳам йўқ!

Фильм тасвирга олинган йили дунёга келган болалар бугун улғайиб, ҳаётда ўз йўлларини топиб, аллақачон оила тебратиб, юрт корига камарбаста бўлишмоқда.
Ана шундайлардан бири, бухоролик Низомиддин Расулов ҳам болалигида спорт билан шуғулланганини унчалик эслолмайди. Аввалига қишлоғидаги мактабда, сўнгра тумани марказидаги мактаб-интернатда ўқир экан, жисмоний тарбия дарслари деса, фақат синфдошлари билан футбол ўйнагани ёдига тушади, холос. 
Ўқитувчиси, жисмоний тарбия бўйича етук педагог, раҳматли Қудрат Мавлонов ўз билим ва тажрибаларини ёшларга астойдил ўргатишни истар, аммо бунинг учун на спорт зали, на спорт анжомлари бор эди. 

Ҳаво очиқ кунларида-ку мактаб ҳовлисидаги майдон жонларига ора кириб, машғулотлар ташқарида ўтилар, аммо кузнинг ёғин-сочинли, қишнинг эса совуқ кунларида синфхонасига қамалиб олишдан бошқа илож йўқ эди.Шунинг учун ҳам бугун Низомиддин ўзи, ён-атрофидаги тенгдошлари, синфдошлари орасидан биронта ҳам спортчи етишиб чиқмаганини афсус билан тилга олади.

Ҳа, ўша даврда Низомиддин каби юзлаб, минглаб, эҳтимолки миллионлаб болаларнинг тақдирига айни шу қисмат битилган эди. 
Аҳамият берсангиз, жорий йилда Рио олимпиадасидаги оламшумул ютуқларнинг деярли барчасини истиқлол йилларида таваллуд топган ёшларимиз қўлга киритишди. Улардан аввалги авлод вакилларини, улар қўлга киритган ғалабаларни зиғирча камситиш ниятимиз йўғ-у, лекин ҳақиқатни тан олайлик, кейинги авлод биздан кўра минг чандон аъло шароитларда вояга етганини олимпиада натижаларининг ўзи исботлаб берди.

Тўғри-да, кейинги ўн йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 744 миллиард сўмлик маблағи ҳисобидан барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизда 1 минг 700 дан зиёд замонавий спорт иншоотлари бунёд этилди.

Мамлакатимизда охирги ўн йил давомида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси болалар ва ўсмирлар ўртасида 30 фоиздан 57 фоизга, қиз болалар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етган.

2005 йилда фарзандларимиз спортнинг 43 та тури билан шуғулланган бўлса, бугунги кунда бу рақам 59 тани ташкил этмоқда.
Юртимизда болалар спортига қаратилган юксак эътибор шу зайлда давом этар экан, кейинги олимпиадаларда бундан-да катта натижаларни кутишга минг чандон ҳақлимиз. Ҳа-я, эътибор ҳақида сўз кетар экан, бир ҳолатга диққатингизни қаратмоқчиман!
Жорий йилнинг 26-28 май кунлари Фарғона вилоятида бўлиб ўтган “Универсиада-2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўз табригини йўллади. Табрикда бир қатор спортчиларнинг номма-ном тилга олингани шунчаки йўриғида, йўл-йўлалакай айтилган гаплар эмасди. 

Табрикда санаб ўтилган спортчиларнинг Катта Олимпиада совриндорлари орасидан жой олишганини таҳлил қила туриб, чин қалбингдан иқрорбўласан – Биринчи Президентимиз нақадар келажакни кўра олган, истиқболни тўғри белгилай билган мўътабар зот бўлган экан.

Ҳа, Буюк Юртбоши ўз табригида спортчиларимизнинг исмларини тилга олиш орқали ҳар бирининг юрагига ғалабага бўлган улкан иштиёқ чўғини ташлаб қўйган экан, аслида. Бу чўғ орадан икки ой ўтмай, олимпиада машъаласидан оловланди, чақмоқдек аланга олиб, ғалаба маёғини ёқди!

Мана ўша санаб ўтилган исмлар – Руслан Нуриддинов, Ҳасанбой Дўсматов, Бектемир Мелиқўзиев, Ихтиёр Наврўзов, Диёрбек Ўрозбоев... Хуллас, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Ҳа-я, сўзимиз аввалида Низомиддин Расуловни бежиз тилга олмадик. Бугунги мақоламиз қаҳрамони аслида у эмас, балки унинг фарзанди – Аслиддин Салоҳиддиновдир.

Айни пайтда пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 178-ихтисослаштирилган мактабда ўқиётган Аслиддин салкам 2 йилдан бери “Катта танаффус” спорт клубидаги қўл жангги машғулотларига қатнайди.

Спортнинг кикбоксинг, қўл жангги, муайтай каби спорт турлари бўйича моҳир мураббий, кикбоксинг бўйича халқаро тоифадаги ҳакам Фаёзиддин Фазлиддинов Аслиддин каби ўнлаб ёшларга ўз билим ва маҳоратларини ўргатмоқда. Бу эса ўзининг дастлабки натижаларини ҳам бера бошлади.

Аслиддин ўтган гал Тошкент шаҳри миқёсида қўл жангги бўйича ўтказилган турнирда 2-ўринни қўлга киритган бўлса, жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган навбатдаги турнирда пойтахтдаги тенгдошлари орасида тенгсиз эканини исботлаб, шоҳсупа чўққисига кўтарилди.

Энди янада катта марраларни кўзлаган Аслиддин ушбу йилда Бухоро вилоятида ўтказилган шарқ якка кураш тури – пенчак силат бўйича Ўзбекистон чемпионатида ҳам мувафаққиятли иштирок этди. Мазкур спорт турининг тандинг йўналиши бўйича турнирда 7-8 ёшли болалар ўртасида 28 кг. вазн тоифасида Аслиддин фахрли 2 ўринга сазовор бўлди.

Бир сўз билан айтганда, 2007 йилда таваллуд топган жажжи қаҳрамонимиз отасининг ушалмаган орзуларини бирин-кетин ижобат қилмоқда. Ҳа, инсон ўзи ета олмаган орзу-умидларининг рўёбини фарзандида кўриш ҳам аслида улкан бахт.

Ишонамизки, Аслиддин ҳам спортдаги ишончли одимлари билан Мустақил Ўзбекистонимизнинг довруғини дунёга таратишда муносиб ҳисса қўшади!
 
Лобар Тангриева,
«Болалар спорти» газетаси мухбири
16.11.2016 | 641

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика