Қодирийнинг қадри йўқми ёҳуд 63 йилдан буён музейга айланмаган адиб ховлиси

Абдулла Қодирийдан бизга унинг буюк асарларигина мерос қолган, деб ўйлаган киши янглишади. Қодирийдан бизга яна бир бошқа буюк табаррук қадамжой, ҳовли мерос қолган. У ўз қўли билан яратган боғ, эскизларини Петербургдан келтириб қурдирган уй, шийпон ва бу ҳали яна ҳаммаси эмас. Яна кўп адибни эслатувчи ёдгорликларни чанг бостириб қўйганмиз.

Тошкентнинг Cамарқанд дарвоза маҳалласида ўзбекча, эскича ҳовли бор. Ховли ташқарисида бир туп ёнғоқ бор уни Абдулла Қодирийнинг онаси Жосият ая эккан. Бу ёнғоқ не кунларга гувоҳ бўлмаган. Уни соясида қанча буюк адиблар гурунг қилган Садриддин Айний, Алексей Толстой, Чўлпон.. яна у қанча аччиқ кунларга гувоҳ бўлган Қодирийни кишанлаб олиб кетганларига, Қодирийнинг фарзанди Ҳабибулла қўлига ҳам кишан солганларига, файзли ҳовлини чўчқахонага айлантирганларига жимгина гувоҳ бўлган бу азим ёнғоқ.

Назаримда биз ҳам шу жонсиз дарахтдекмиз жонимиз бор-у тилимиз йўқ. Воқеаларга гувоҳ бўламиз-у бир сўз демаймиз. 1956 йилда Қодирий тикланди, чўчқахона ва файтунлар тураргоҳига айлантирилган ховли Қодирий фарзандларига қайтарилди аммо, унга музей мақоми берилмади.

Нега?

Ана шу нега деган савол ҳаммамизни уятга қолдириши керак. Қодирий авлодларининг бошидан қора булут кетган бўлсада,бу ховлида аввалги қадр, тароват қайта тикланмади. Қодирийни қанчалар билишимизни севишимизни улуғлашимизни баралла айтамиз. Аммо, қани бу гапларнинг исботи?

Қани Қодирийнинг қадри?  
Қодирий уйи аслида музей тугул катта маданий даргоҳга айлантиришга арзисада бу ишларга ҳеч ким бош қўшмади.

Бу ҳақда куни кеча президент Шавкат Мирзиёев ҳам эслатиб ўтди. Президентимиз нутқида Қодирий, Чўлпон каби адибларимизга эътиборни кучайтиришимиз лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
1987 йилда Ҳабибулла Қодирий телевидениеда уйни музей қилиш бўйича Шароф Рашидов, Усмон Хўжаевларга ёзганини айтади ва айни дамдаги ҳукуматдан буни илтимос қилади. Бироқ, яна уй музейга айлантирилмайди.
1989 йил Абдулла Қодирийнинг фарзанди Маъсуд Қодирий отасининг 95 йиллик юбилейида уни ёд этиш учун йиғилган зиёлилардан яна уйни музейга айлантиришни сўраб илтимос қилади яна натижа йўқ.
1994 йилда яна бу иш кўтарилади, аммо бугунги кунда у ерда яшаб келаётган миллат фидойисининг авлодларини бошқа уйга кўчириш масаласи кўндаланг бўлиб, масала яна чала қолади.
Ахир уйни музейга айлантириш учун ундаги адиб авлодларини кўчага ҳайдаш ҳам тўғри бўлмас.
2011 йил бу ҳовлини ёз ойида зиёрат қилганим ёдимда музей масаласига уй эгалари ойдинлик киритишни исташмаган.
2016 йилда яна ҳовлига борганимизда уй эгалари музей масаласи ҳал бўлиши керак аммо, буни келинг танқид қилмайлик, деб яна мавзу очилмади.
Бугун, уй эгалари розилиги билан Қодирий ҳовлисига тегишли баъзи тарихий кадрлар ва адибнинг невараси Хондамир Қодирийнинг интервьюларини ҳукмингизга ҳавола этамиз ва Хондамир Қодирий аканинг боболари уйи борасидаги орзулари рўёбга чиқади деб умид билдириб қоламиз.
манба: dia.uz

13.02.2018 | 92
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика