«Ўзбекинвест» компанияси ҳудудларда семинарлар ташкил этмоқда

«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги суғурта маҳсулотлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатилётган суғурта хизматлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ҳудудларда ташкил этилётган туркум семинарларнинг навбатдагиси 2016 йилнинг 7 декабрь куни Самарқанд вилоятида ўтказилди. Унда Компания мижозлари, тадбиркорлик субъектлари, хусусан экспортёр ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи корхоналар вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожланитиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада суғурта ҳимояси муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳат эътиборга олиниб, ўтган давр мобайнида «Ўзбекинвест» компанияси томонидан соҳа вакиллари бўлган тадбиркорлар, ҳунармандлар, якка тартибдаги тадбиркорлар, фермерлар фаолияти ва уларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилган.

Айни пайтда компания ушбу йўналишдаги фаолиятини янада такомиллаштириб, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулайлик яратиш мақсада, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори асосида тадбиркорларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш борасида янги суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқди.

Шулардан бири қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг ўз маҳсулотларини харидорга етказишдаги қалтисликларини суғурталаш мақсадида «Мева-сабзавот, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини ташишни суғурталаш» суғурта маҳсулоти ҳисобланади. Мева-сабзавот, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш билан шуғулланувчи жисмоний ёки юридик шахс ўз маҳсулотларини ҳимоя қилишда ушбу янги суғурта хизматидан фойдаланиши мумкин. Ушбу суғурта маҳсулоти бўйича шартнома тузувчилар табиий офатлар, юк ташиш воситасининг йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида, юкларни ортиш ва тушириш вақтида етказилган зарарларнинг қоплаб берилиш кўзда тутилган.

«Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг тадбиркорлик қалтисликларини суғурталаш» суғурта маҳсулоти қишлоқ хўжалиги соҳасида ва ушбу соҳада фаолият юритувчи юридик шахс ёки якка тадбиркорнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилади. Бунда суғурталанувчига унинг ҳамкори ўз мажбуриятларини бажармаслиги, яъни тўловни амалга оширмаслик, маҳсулотларни етказиб бермаслик, сифатсиз маҳсулотларни етказиш ва шу кабилар натижасида етказиладиган зарарлар қоплаб берилади.

Тадбиркорлар талаб ва эҳтиёжларидан келиб ишлаб чиқилган яна бир «Музлатгич камерада сақланаётган мол-мулкни суғурталаш» суғурта маҳсулоти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари музлатгич камераларида сақланиш даврида уларга зарар етиши оқибатида мулкдорларга етказилган зарарнинг қоплаб берилишини кўзда тутади.

Янги суғурта маҳсулотларидан яна бири – «Автоташувчиларнинг касбий жавобгарлигини суғурталаш» қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш билан шуғулланувчи юридик шахсларга суғурта ҳимоясини тақдим этиб, автотранспортда Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисидаги Конвенция (ЮТК) да белгиланган шароитларда суғурталанувчининг мулкий мафаатларига етказилган зарарни қоплаб бериш назарда тутади.

Шунингдек, семинарда Компания томонидан кўрсатилётган хизматлар, бошқа суғурта маҳсулотлари, суғуртанинг тадбиркорлик фаолияти ва одамлар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, унинг мажбурий ва ихтиёрий турлари, суғурта шартномаси ва унинг шартлари, суғурта ҳодисаси юз берганда зарарни қоплаб бериш тартиби каби масалалар ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати
09.12.2016 | 260

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика