«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг халқаро рейтинги тасдиқланди

2016 йилнинг ноябрь ойида «Moody’s Investors Service Ltd.» халқаро рейтинг агентлиги (Буюк Британия) «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг халқаро молиявий рейтингини «барқарор» прогнози билан Ba3 га баҳолади. Бу ҳақда «Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу нуфузли ташкилот томонидан компания рейтинги илк марта 2009 йилда В1га баҳоланган эди ва компаниянинг ўтган йиллар давомидаги фаолиятида эришилган ижобий натижалари ушбу рейтингни Ва3га кўтарилишига хизмат қилди.

Рейтинг агентлиги таҳлилчиларининг фикрича, компания кўрсаткичларининг доимий ўсиши, хусусан суғурта мукофотларини йиғиш, ўз фаолиятини диверсификациялаш бўйича барқарор ўсиш кўрсаткичлари, шунингдек, суғурта портфели капитализациясининг юқори даражаси, миллий суғурта бозоридаги кучли ўрни, компания улушида давлатнинг иштироки ва шу каби бошқа омиллар «Ўзбекинвест» компаниясининг халқаро рейтинги барқарорлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Республика иқтисодий дастурларининг энг муҳим устувор йўналишларини амалга ошириш юзасидан Ҳукуматимиз томонидан Компанияга юклатилган вазифалар бажарилиши таъминлаш бўйича олиб бораётган фаолият туфайли бугунги кунда «Ўзбекинвест» компанияси Ўзбекистон Республикаси молия бозорида «Moody’s» агентлигининг энг юқори халқаро рейтингини қўлга киритган ягона ташкилот ҳисобланади.
17.11.2016 | 356

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика