Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка эркинлик бериш — тараққиёт ва фаровонлик кафолати

Ҳар  қандай  мамлакат  иқтисодиёти ривожланишининг даражаси айни шу мамлакатда  тадбиркорликнинг қай даражада тараққий этганлигидан далолат бериб туради. Сир эмаски, иқтисодиётнинг жадал суратлар билан ривожланиши унинг таркибидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улушининг кўпайиб бориши билан белгиланадиган  бўлса,  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг кундан-кунга кўпайиб бориши эса, ўз навбатида, мамлакатда яратилган ишбилармонлик муҳитига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.  Бугунги  кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши йилдан-йилга  ошиб бормоқда.

Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар амалга оширилиши самарасини биргина 2016 йил 13 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини, 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш натижадорлигини муҳокама қилишга бағишланган мажлисида таъкидланган рақамларда кўриш мумкин.

Мажлисда қайд этилдики, глобал иқтисодиётнинг ривожланиши тобора секинлашиб бораётгани ва жаҳон бозорларидаги ноқулай шарт-шароитларга қарамай, мамлакатни ислоҳ этиш, модернизациялаш ва ривожлантириш стратегиясини мақсадли ва тизимли амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда макроиқтисодий мувозанат ва иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари сақланиб қолмоқда.  Жорий йил 9 ойи якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7,8 фоизни, саноат ўсиши 7,2 фоизни, қурилиш ишлари ҳажми ўсиши 15 фоизни, чакана савдо айланмаси ўсиши 14,2 фоизни, хизматлар кўрсатиш ҳажми ўсиши 12,4 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади. Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш бўйича дастурий чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. 

Замин заҳматкашларининг фидокорона меҳнати ва миришкорлиги туфайли, мураккаб об-ҳаво шароитларига қарамай, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бой ҳосили етиштирилди ва йиғиштириб  фаролинди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 6,4 фоизга ўсиши таъминланди.Албатта бундай кўрсаткичларнинг аксарияти  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига тўғри келаётганлигини ҳеч кимга исботлаш шарт эмас.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган табрикномасида “...биз эришаётган улкан марра ва натижалар кўзлаган мақсадларимизнинг фақат маълум бир қисмини ташкил этади. Ҳозирги вақтда тез суръатлар билан ўзгариб бораётган давр ... барчамиздан, ... эски қараш ва ёндашувлар, иш услубларидан бутунлай воз кечиб, янгича фикрлашни, ишни ташкил қилиш ва бошқарув тизимини замон талаблари даражасига кўтаришни тақозо этмоқда...”, деб белгилаб берган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги  ПФ- 4848-сонли "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони  бу борадаги ислоҳотларни бориши учун ўзига хос тизимли ёндашувнинг  ёрқин ифодаси бўлди. Мазкур  Фармон  мамлакатимизда хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлиб, у республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш мақсадини кўзлаш баробарида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликнинг энг муҳим устувор йўналиш сифатида ўзида мустаҳкамлайди. Бугунги кунда  Фармон талабларидан келиб чиқиб, давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларга  тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилига таянган ҳолда ўз вазифаларини ва ваколатларини танқидий қайта кўриб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талабларига қатъий риоя қилиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш топширилди. Эндиликда  айбдор  ходимларга нисбатан нафақат интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилиши билан бир қаторда  тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни бевосита айнан зарар етказган ходимлардан ундирилишини таъминлаш механизми такомиллаштирилмоқда.  Бундан кўриш мумкинки, Фармонда кўзда тутилган бундай  чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ноқонуний текширишларни ташкил этишга ва уларни ўтказишга, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини асоссиз тўхтатилишига ва уларга зарар етказилишига йўл қўймаслик мақсадини кўзлайди.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишдан ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг қатор  кафолатларини назарда тутади. Чунончи,  2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади ( бундан юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар мустасно), шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. 

Фармон талабига кўра, назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмас. Аммо  фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини таъминлаш мақсадида фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосидагина  қисқа муддатли текширишлар ўтказиш сақланиб қолинади. Лекин бундай текшириш фақат Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин ва текшириш муддати бир иш куни билан чекланади. 

Фармон маъмурий ва жиноят жазоларни либераллаштиришга қаратилган мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни мантиқий давом эттира бориб,  молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта  ҳуқуқбузарликлар  содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини, шу билан бирга  давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган шахслар, агар улар бунинг натижасида етказилган зарарларни қоплаган ва ҳуқуқбузарлик оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирларида уларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилмйди. 

Фармонда назарда тутилган яна бир янгилик шундан иборатки, у ҳам бўлса, бундан буён тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллашга қатъий нуқта қўйилди. 

Албатта, бундай ёндашув ва тартибларни жорий этилишининг мақсади  тадбиркорлик субъектларини икки марта жазолашни истисно этишнигина кўзламайди, балки биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган ва уни оқибатларини бартараф қилган  фуқароларимизга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш имконини беради, бу чора ўз ўзидан уларнинг ишбилармонлик фаоллигини сўндириш ўрнига балки уни рағбатлантиришдек муҳим функцияни бажаради.

Фармонда илгари сурилган ғоялар ва тартиботлар жамланмасини амалга тадбиқ қилиш қатор қонун ҳужжатларига. жумладан, Ўзбекистоннинг  Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Солиқ кодекси кабиларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини ҳам тақазо қилади.

Фармонда мамлакатимизни инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарига беш йил мобайнида улар рўйхатдан ўтказилган санада амалда бўлган солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш ҳуқуқи берилишини назарда тутилиши бу борада, айниқса,  саноат тармоқларини чуқур таркибий ўзгартириш ва модернизациялаш, ривожланган ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмаларни шакллантириш бўйича фаол инвестиция сиёсати амалга оширилаётганлигининг яққол ифодасидир. Бу борада республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида шу йилнинг тўққиз ойида  ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми – 9,4 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар – 11,2 фоизга ўсган.  Йил бошидан буён 2016 йилги Инвестиция дастури доирасида 100 та йирик ишлаб чиқариш объекти ишга туширилиб, йил охиригача  яна 64 та йирик ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топшириш мулжалланган. 

Албатта, Фармонда назарда тутилган бундай имтиёз юқорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ишига ўзининг ижобий таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан Парламент назорати шаклларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш ишини йўлга қўйиш  ҳам Фармоннинг талаби бўлиб ҳисобланади. Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ушбу институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутади.Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Фармон талабларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида тегишли давлат органлари томонидан  чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Фармоннинг яна бир муҳим йўналишни қамраб олганлиги шу билан ифадаланадики, бу йўналиш коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш,  маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумий эътироф этилган халқаро стандартлар асосида  қатор қонунларни, жумладан, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида", "Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида", "Давлат харидлари тўғрисида" ва "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонунларни қабул қилиш лозимлигини  назарда тутади. Албатта, қонундай  жамиятни олдинга қараб етаклаш қудратига эга бўлган кучни топиш қийин. Шу маънода юқорида номлари зикр этилган қонунларни қабул қилиниши  бу борадаги мақсадларимизга етишишнинг муҳим воситаси сифатида хизмат қилишликка йўналтирилган.

Ислоҳотларни амалга оширишнинг бугунги босқичида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш жиноят ишлари бўйича текширишларни тайинлаш ва ўтказиш тартибининг аниқ ҳуқуқий тартиботини белгилаш учун "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги қонунга, Жиноят-процессуал кодексига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини ҳам тақазо қилади.  Бундай ўзгартишлар   тадбиркорлик субъектлари фаолиятига, шу жумладан, жиноят ишлари доирасида тергов қилишни амалга оширишда ноқонуний аралишиш имконини берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилишга йўналтирилади.

Бундан ташқари, Фармон талаблари ўлароқ,  солиққа тортиш тизими ва божхона ишини такомиллаштириш, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ва халқаро рейтингини ошириш соҳасида ҳам қатор ишлар амалга ошириилши кутилмоқда. Чунончи, валютани тартибга солиш ва валюталар курси сиёсатининг илғор бозор механизмларини, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, банк фаолиятини самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ғовларни бартараф этиш, солиқ маъмурчилигининг сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини божхона органларида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги талабни бекор қилиш, аудиторлик ташкилотлари ва солиқ маслаҳатчиларининг хизматлари сифати учун жавобгарлигини ошириш ва улар томонидан тақдим этиладиган хулосаларнинг ишончлилиги юзасидан улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш кабилар шулар жумласидандир. 

Шу билан бирга, бундан буён тадбиркорлик субъектларига ва уларнинг ходимларига нисбатан маъмурий жазоларни қўллаш борасидаги вазифа ва ваколатларни босқичма-босқич суд органларига ўтказиш йўлидан борилади.

Хўжалик судлари тизимига суд мажлисларини аудио ва видео қайд этиш механизмларини жорий этилади, хўжалик судлари томонидан қабул қилинган қарорлар веб-сайтларда эълон қилиниши амалиётига ўтилади, ҳакамлар суди қарорларини мажбурий ижро этишга ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза беришда тадбиркорлик субъектларини давлат божи тўлашдан озод этилади. тадбиркорлик субъектларига  давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар орқали “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтирилади, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда техник талаблар (санитария, экология, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, стандартлаштириш ва бошқалар) каби махсус норматив ҳужжатларни, самарасиз, эскирган ва бозор механизмларининг ўрнини эгаллаб олган нормаларни бекор қилишга янада талаблар кучайтирилади. 

Умуман олганда, дунё мамлакатларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тажрибаси ўрганилганда, турли мамлакатларда бу соҳани  такомиллаштириш борасида турлича механизмлар қўлланилганлигини кўриш мумкин. Масалан,  Иқтисодий Ҳамкоpлик Ташкилоти мамлакатларида “бир дарча” тамойилидан кенг  фойдаланилади.  Францияда эса Бизнес-расмиятчиликлар бўйича  марказлар тармоғи мавжуд бўлиб, мазкур Марказлар маълумотларни рухсатномалар бериш борасида  ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган талабларга кўра тадбиркорларга ва бошқа манфаатдор шахсларга  тақдим этиб боради. Ҳозирда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти давлатларида рухсат бериш билан боғлиқ тартиб- таомилларни янада қисқартириш бўйича Махсус кўрсатма қабул қилинган бўлиб,  рухсат бериш тартиб-таомилларининг 2 та тури, яъни соддалаштирилган ва стандарт турлари фарқланади.

Дунё амалиётида бизнес юритишни соддалаштириш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини ислоҳ қилиш асосан бу ҳужжатларни тақдим этишга қўйиладиган талабларни бирхиллаштиришга қаратилган бўлиб, ислоҳот  ўз-ўзидан бу борадаги қонун ҳужжатларини ҳам бирхиллаштириш мақсадини назарда тутади. Шу билан бир қаторда, соҳада ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, “он-лайн” режими орқали ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этишни жорий қилиш  ва ҳужжатларни фақат суд қарорига асосан чақириб олиш тизимини  йўлга қўйиш назарда тутилган. 

Шунингдек, Хитой, Болгария, Колумбия, Бирлашган Араб Амирликлари, Молдова, Хорватия, Қуния каби мамлакатлар ҳам бу борада ўзига хос йўл тутганликларини  айтиб  ўтиш лозим.  Бу мамлакатларда жуда қисқа вақт мобайнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилганлиги, хусусан рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилганлиги ва қисқартилганлиги натижасида бизнесни ташкил қилишга кетадиган харажатлар ҳамда  вақтни  тежаш  ҳисобига  инвестицияларнинг  кириб келиши осонлашган.  Айниқса, “бир дарча” орқали ҳужжатларни тақдим этиш тамойили асосида ишни ташкил қилиш  сезиларли равишда ижобий натижа берган. 

Биргина мисол келтирадиган бўлсак, бугунги кунда  Нидерландияда тадбиркорлик саҳасидаги ғов тўсиқларни бартараф қилиш,рухсат бериш тартиботининг  қисқартирилиши ва соддалаштирилиши туфайли ҳар йили 2 млрд. АҚШ доллари миқдорида давлат маблағлари иқтисод қилинаётганлиги тўғрисидаги маълумотнинг ўзи  ПФ -4848 сонли Президент Фармонининг нақадар аҳамиятли эканлигини қўрсатади.

Яна бир мисол, Ҳиндистонда кейинги йилларда бу тартиб-таомилларнинг қисқартирилиши натижасида ялпи ички маҳсулот 3,5 % дан 6 – 7 % га ўсган.  Бу борада Жанубий Корея тажрибаси, айниқса, диққатга сазовордир. Бу мамлакатда кейинги ўн йил мобайнида 11 000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризация қилинган ва рухсат бериш тартиб-таомиллари кескин қисқартирилган, натижада ялпи ички маҳсулотда хусусий секторнинг улуши кескин ошган.

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, 2015 йилнинг 23 январида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган 2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида жами қиймати 38 миллиард долларга тенг бўлган 870 та йирик инвестиция лойиҳаси рўйхати шакллантирилганлигини, ушбу лойиҳаларга биноан 415 та янги корхона барпо этиш ҳамда 455 та ишлаб турган корхонани модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш назарда тутилган. Бундан ташқари,  дастурда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш борасида маҳаллий хом ашё ва материалларни чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажмини оптималлаштириш мақсадида 2015 — 2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш дастурига мувофиқ маҳаллий минерал хом ашёни чуқур қайта ишлашни ва талаб юқори бўлган 1225 та маҳсулот турини ишлаб чиқаришни таъминлайдиган 600 та лойиҳани амалга ошириш  назарда тутилган.  Дастурнинг ижроси ҳар йили 3,5 миллиард доллар миқдоридаги импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва 13 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Табиийки, иқтисодиётни  бундай суратлар билан изчил ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлиги ва турмуши сифатини оширишнинг энг муҳим асоси сифатида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш устувор вазифа сифатида қаралишини тақазо қилади.  Шу маънода Фармоннинг бизнес юритиш шарт-шароитларини янада эркинлаштиришни жадаллаштириш, давлат органларининг хусусий бизнесга ноқонуний аралашуви ҳолатларига тўлиқ барҳам бериш, бу йўлдаги барча тўсиқларни ва асоссиз чеклашларни бартараф этиш, кичик бизнеснинг моддий ва хом ашё ресурсларидан, кредит ва молиявий механизмлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилганлиги юқоридаги вазифаларни рўёбга чиқариш борасидаги уни роли ва вазифаси салмоқлилигидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда Фармон тараққиёт ва фаравонликка элтувчи. қолаверса  мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришининг асосий омили сифатида тадбиркорликни ривожлантиришни жадаллаштириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва дахлсизлигини кафолатлаш ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш борасидаги Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳатларнинг узвийлиги ва изчиллигини таъминлашга қаратилган муҳим дастурималдир.
 
Илҳом Насриев,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Юристлар малакасини ошириш Маркази кафедра профессори,
юридик фанлар доктори
24.11.2016 | 381

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика