​Давлат статистика қўмитасида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Давлат статистика қўмитасида “Мустақиллик йилларида давлат статистика тизимида илғор халқаро методологияни жорий этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда ДСҚ ахборот хизмати хабар берди.

Республиканинг 25 йил мустақил ривожланиши даврида, тадбиркорлик субъектларини кенг қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муваффақиятли фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратилиши асосида иқтисодиётни ва ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича стратегик вазифаларни амалга оширилиши, халқаро савдо ва глобал молия-иқтисодий бозор соҳасига интеграциялашган самарали миллий иқтисодиётнинг яратилишини таъминлади.

Хусусий тадбиркорликка кенг имкониятлар бериш, мамлакат ҳаётида унинг ролини ошириш бўйича амалга оширилган кенг миқёсли чора-тадбирлар натижасида, юридик мақомга эга бўлган кичик бизнес субъектлари сони 2000 йилдаги 125,6 мингдан 2016 йилда 207,1 мингтага кўпайди.

Иқтисодиётнинг ва аҳоли даромадларининг тобора ўсиб бориши шароитида давлат бошқарувининг энг муҳим инструментларидан бири сифатли ва тезкор маълумотнинг мавжудлиги – ишончли ва долзарб давлат статистикаси ҳисобланади.

Бу жараёнда тадбиркорларга ҳисоботлар, шу жумладан статистик ҳисоботларни топшириш бўйича юкламаларни қисқартириш ҳам муҳим роль ўйнайди. Давлат статистика қўмитаси томонидан, тизим олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларини янада соддалаштириш бўйича сезиларли тадбирлар ўтказилди.

Давлат статистика кузатувлари тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, Давлат статистика қўмитаси томонидан босқичма-босқич, тизимли асосда, жумладан давлат статистика ҳисоботларини қисқартириш йўли билан статистик маълумотларни олиш манбаларини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Бинобарин, 2000 йилда 372 та статистика ҳисоботи шаклларидан фойдаланилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич, статистик маълумотларнинг сифати ва тўлиқлигига таъсир кўрсатмаган ҳолда, деярли 3 баробар қисқарди ва 127 та шаклни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари учун давлат статистика ҳисоботларини тақдим этиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида бепул тақдим этиладиган «eStat 2.0» статистик ҳисоботларни электрон кўринишда йиғишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилди.

Натижада, 2011 йилда респондентларнинг атиги 4 фоизи электрон кўринишда ҳисобот топширган бўлса, 2014 йилга келиб бу рақам 98,4 фоизга етди, 2015 йилдан эса статистика органлари томонидан барча ҳисоботлар фақат электрон кўринишда кабул қилинмоқда.

Шунингдек, статистика органлари томонидан охирги беш йилда 10 та ахборот тизимлари ишга туширилди. Давлат статистика қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари, Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари марказининг расмий сайтлари орқали 6 та асосий ва 4 та қўшимча интерактив давлат хизматлари тақдим этилмоқда.

2016 йилдан бошлаб, давлат статистика органлари томонидан жаҳон амалиётида умумқабул қилинган Ялпи ички маҳсулот тузилмаси ҳисоби услубиётини жорий этиш ва макроиқтисодий кўрсаткичларни Фаолиятнинг халқаро стандарт таснифлагичи асосида шакллантиришни таъминлаш бўйича ишлаб олиб борилмоқда. Бунинг натижасида, тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун макроиқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қилиш ҳамда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг статистик ва таҳлилий кўрсаткичларини таққослаш бўйича енгилликлар яратилади.

Шундай қилиб, агар давлат статистикаси илгари, биринчи навбатда давлат идораларига, илмий изланувчиларга ва талабаларга йўналтирилган бўлса, ҳозирги босқичда статистик маълумотлардан фойдаланувчилар кўлами сезиларли даражада кенгайган. Булар тадбиркорлар, хорижий инвесторлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро иқтисодий ва молиявий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда бошқа фуқаролардир.
28.12.2016 | 213

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика