Чорвачилик ва паррандачилик юртимизда қай даражада ривожланмоқда?

altДунё аҳолисининг асосий истеъмол товарлари орасида чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари асосий ўринда туради. Бироқ, жаҳонда йил сайин бу турдаги маҳсулотларга бўлган истеъмол талаби ортиб бормоқда. Чунки кўпгина давлатлар аҳолисининг гўшт, сут, тухум каби маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондира олмайди. Ўз навбатида, аҳолининг сони ортиб бориши билан бирга чорвачилик ва паррандачиликка мўлжалланган табиий ер майдонлари қисқариб кетмоқда. Натижада, эса бу турдаги маҳсулотлар четдан импорт қилинади. Хўш, юртимизда бу соҳанинг ривожланиши учун қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?

Ҳеч эътибор қилганмисиз, парранда гўшти ва тухумининг нархи бозор ва дўконларимизда тўрт беш йилдан буён деяли ўзгармайди. Нега? Ахир шу ўтган даврда иқтисодиёт, одамларнинг турмуш тарзи, даромади бир неча баробар ошдику? Ёки давлат бу турдаги маҳсулотларга қатъий нарх белгилаб, уни назорат қилиб боради деб, ўйлайсизми? Йўқ, ундай эмас. Ушбу маҳсулотларнинг нархини ҳам бозор белгилайди.  

Масаланинг асл сабаби ҳақида фикр юритганда, Президентимизнинг 2006 йил 23 мартдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларни кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2008 йил 21 апрелда имзоланган “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг соҳага изчил татбиқ этилаётганини эслаб ўтишимиз лозим.
   
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда юртимизда қорамоллар 121 фоизга, майда шохли моллар 120 фоизга, парранда 1,5 марта кўпайди. Бу гўшт ишлаб чиқариш 130, сут 138 ва тухум етиштириш 162 фоизга ўсишини таъминлади. 2014 йилда ишлаб чиқарилган чорвачилик маҳсулотларини аҳоли жон бошига ҳисобланганда бир йиллик истеъмол миқдори 1990 йилга нисбатан гўшт 1,3, сут 1,6 ва тухум 1,5 марта кўпайди.
Демак, бунинг асл сабабини ушбу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиб бориши билан изоҳлашимиз мумкин. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раиси Содиқжон Турдиевнинг маълумот беришича, биргина ўтган йилининг ўзида 782 та фермер хўжалигида 22925 минг бош парранда боқиш йўлга қўйилди. Жорий йилда бу кўрсаткични махсус дастурга асосан янада ошириш режалаштирилган.  

Юртимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ялпи улушининг 42 фоизи чорвачилик ҳиссасига тўғри келади. Бунга соҳа ходимлари чорва молларини кўпайтириш ва маҳсулдорликни ошириш ҳисобига эришилмоқда. Маълумотларган кўра, 2006-2014 йилларда Украина, Беларусь, Польша, Австрия, Германия, Голландия каби мамлакатлардан 46 мингга яқин юқори маҳсулдор қорамол олиб келинди. Улардан 163 минг бузоқ олинди. Наслчилик хўжаликларида сигирлардан кунига 20-30 килограммдан сут олинмоқда. Бу маҳаллий сигирлар маҳсулдорлигидан анча юқори кўрсаткичдир.  Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига сервис хизматлар тармоғини кенгайтириш мақсадида 2006-2015 йиллар давомида 845 зооветеринария шохобчаси ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 2613 тага етказилди.

- Мамлакатимизда паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳам доимий эътиборда, - дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Собир Мавлонов. – 2015 йил 1 январь ҳолатига 1 минг 280 паррандачилик хўжалиги мавжуд бўлиб, шундан олтмишга яқин йирик хўжаликда 10,5 миллиондан ортиқ парранда парваришланмоқда. Балиқчиликни ривожлантириш мақсадида жорий йилда қўшимча 700 балиқчилик хўжалиги ташкил этиш ҳисобига 2 минг 200 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ҳозир асаларичилик билан шуғулланувчи субъектлар 9 минг 448 тани ташкил этиб, 2011 йилга нисбатан 135 фоизга, асалари оилалари 168,3 фоизга кўпайди.

Дарҳақиқат, юртимизда чорвачиликни янада ривожлантириш, аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудуднинг географик жойлашуви асосида асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик, туячилик, йилқичилик каби тармоқларни кенгайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси рўзғоримиз бутлиги, дастурхонимиз тўкинлигини таъминлайди. 
09.07.2015 | 3119

Бўлишиш:

Поделиться