Ашхобод Эронга «мовий ёқилғи» етказишни тўхтатди

“Ашхобод Эронга мовий ёқилғи етказишни тўхтатди” номли таҳлилий мақолада Теҳроннинг туркман “мовий ёқилғиси” учун қарздор бўлиб қолиши натижасида Туркманистон Эронга газ етказиб беришни тўхтатгани хусусида сўз бормоқда.

Теҳрон ўз қўшнисининг ушбу ҳаракатини газ келишуви бўйича “очиқдан-очиқ бузилиш ҳолати” деб баҳолади. 2016 йил ёзининг охирида Ашхобод 2012 йилда Эронга санкциялар эълон қилинганидан сўнг етказиб берилган туркман гази учун тахминан 2 млрд. доллар тўламагани борасида хабар берган. Ўтган йилнинг август ойида ЭИР нефть жабҳаси вазирининг ўринбосари А.Заманиниа Эрон газ учун Туркманистондан қарздор бўлиши мумкинлиги хусусида ахборот берган. Унинг тахминига кўра, газ учун бўлган қарз 600 млн. доллардан 1,5 млрд. долларга тенг қийматга эга, бироқ туркман расмий вакиллари билан ўтган учрашувдан кейин аниқ рақамлар пайдо бўлади, деб маълумот берган.

Жаҳон бозорида нефть ва газ нархи тушиб кетган даврда, асосий даромад манбаи энергия манбаларини ташкил этувчи Туркманистон иш ҳақи ойликларининг кечикиши, товар танқислиги, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган нарх-навонинг ошиб кетиши, шунингдек, “қора бозорда” туркман манати қийматининг тушиб кетиши каби иқтисодий муаммоларга дуч келди.

Энергетика хавфсизлиги бўйича мутахассис Ж.Робертс фикрича, айнан шу муаммолар сабабли Туркманистон ҳозирда газ борасидаги мавжуд қарздорлик хусусида гап очмоқда. Унинг сўзларига қараганда, “бугунги кунга келиб, республикадаги газ етказиб бериш бўйича иқтисодий вазият ўта мушкул аҳволга келиб қолган. Туркманистон ҳукумати расмий маълумотларни тақдим этаётгани йўқ, аммо ХВФ маълумотларига кўра, гарчи Туркманистон 2014 йилда энергия манбалари экспортидан 20 млрд. доллар даромад олган бўлса, 2016 йилга келиб, рақамлар 10 млрд. долларга ҳам етмайди. Бу эса сўнгги икки йил мобайнида даромад манбаи 50%га қисқарганидан далолат беради. Чунончи, бу республика учун асосий даромад манбаи ҳасиобланади”.

2015 йилнинг март ойидан 2016 йилнинг март ойигача Эрон Ислом Республикаси 9 млрд. кубометр ҳажмга тенг бўлган туркман газини импорт қилган. Бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан икки баробар кўп демакдир. Бироқ 2016 йилнинг биринчи ярмида туркман гази импорт ҳажми 2015 йилга нисбатан 25%га қисқарган.
06.01.2017 | 248

Бўлишиш:

Поделиться

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика