Ички ишлар органлари ходимлари туну-кун ҳушёр туришибди

altХалқимиз ва давлатимизнинг ички ишлар органлари ходимларидан кутаётган натижаларга эришиш учун, яъни барқарор тинчлик, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун соҳа вакиллари, аввало, юксак маънавий фазилатларга эга бўлмоғи даркор. Сабр эса фазилатларнинг энг аълосидир. Инчунун, юксак ахлоқ, маданият соҳибларигина сабр қилишни, мақсади йўлида тоқат билан жон чекишни билади

Тан олиш керак, ички ишлар органи ходимлари биз хотиржам яшаётган жамият барқарорлиги, осмонимиз осудалиги учун кўпинча тунни тонгга уйғоқ ҳолда улайди. Бу машаққатли меҳнат халқимиз қадрлайдиган юксак фазилатлар билан уйғунлашса, у чин маънода қадр топади. 

Президентимизнинг соҳа ходимлари билан учрашувидан сўнг нафақат фаолиятимиз, балки ҳар бир хатти-ҳаракатимизни қайта кўриб чиқдик, десам муболаға бўлмайди, – дейди Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи Элбек Хайруллаев. – Энди соҳамизда фақат чинакам ватанпарвар, халқпарвар ходимларгина ишлаши мумкин. Барча ходимларнинг ҳар кунлик фаолияти ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқилмоқда. Ўз ҳудудидаги аҳоли билан ишлашни талаб даражасида олиб бориш, у ердаги одамларни яхши билиш ҳар бир профилактик инспектори учун муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз бош Қомуси, халқ депутатлари туман Кенгаши сайловлари, Янги йил байрамлари олдидан туманда тинчлик-осойишталикни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилган. Пойтахтимизда «Тозалаш-Антитеррор» махсус профилактик тадбири бўлиб ўтаётгани муносабати билан ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла посбон сардорлари ҳамда жамоатчилик вакиллари туну кун ҳушёрликда ҳар бир маҳалла, кўча, хонадондаги вазиятдан хабардор бўлишга ҳаракат қилаётир.  

Туманда айрим жиноят ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар қилмишлари муҳокама этилмоқда ва судда кўриб чиқилмоқда. 

Ҳар бир фуқаро жамиятимизда соғлом фикрлайдиган, тўғри йўлни биладиган бўлиши керак. Шунинг учун кўпроқ жамиятга қўшилмайдиган, қонун-қоидаларга беписанд қарайдиган, турли қалтис ҳаракатлари билан ҳисобда турадиган шахслар, ёшлар кўпроқ жалб этилса, ва улар бу каби мулоҳазаларни ўз қулоғи билан эшитса, яхши сабоқ, яхши натижа бўлиши тайин. 

Фикримизча, жиноятчини аслида ўзи яшайдиган уй олдида муҳокама қилинса, унинг қилмишидан қўни-қўшниси хабардор бўлса, бунинг таъсирчанлиги янада ортган бўларди. 

Юқорида билдирилганидек, юксак инсоний фазилатлар билан бирга ишга виждонан ёндашиш, масъулиятли бўлишни ҳар бир соҳа ходими кундалик фаолиятига айлантириши шартлигини бугунги кун тақозо этади.
altaltalt
02.12.2017 | 267
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика