“Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этилди

Ушбу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 декабрдаги ПФ-5273-сон фармони қабул қилинди. 
 
Унга кўра, Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, замонавий инфратузилмани жадал ривожлантиришни таъминлаш, кўрсатилаётган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматларини кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида: 
Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси чегараси доирасида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси; 
эркин туристик зона ҳудудида замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар қуриш, шунингдек, замонавий муҳандислик инфратузилмаси объектларини ташкил этилади.
Фармонда ваколатли вазирлик ва идораларга эркин туристик зонани ривожлантириш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган бир қатор топшириқлар назарда тутилган: 
эркин туристик зона ҳудудида хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини, шу жумладан, интеллектуал транспорт, геоахборот тизими ва бошқаларни жорий этиш бўйича таклифларни киритиш; 
эркин туристик зонани тиббиёт муассасалари билан таъминлашга, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини муассасалари, уларнинг замонавий жиҳозлар ва юқори малакали кадрлар билан таъминланганлигига асосий эътибор қаратган ҳолда туристларга сифатли тиббий хизмат, шу жумладан, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш; 
Тошкент – Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси маршрути (ва ортга) бўйича комбинациялашган йўловчи ташув тизимини янада ривожлантириш, зарурат бўлганда янги қулай йўналишларни жорий этиш бўйича таклифларни киритиш; 
эркин туристик зона ҳудудидан маиший чиқиндиларни тизимли асосда уларни қайта ишлайдиган яқин корхоналарга олиб чиқиб кетиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш; 
“Чорвоқ” эркин туристик зонасини янада ривожлантириш Концепцияси лойиҳасини, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини киритиш. 
Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири унинг эркин иқтисодий зона ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилганлиги ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига кредит ва фоизларни узишнинг қулай шартларини тақдим этишни ўз ичига олувчи 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит линиялари очишни таъминлаш топширилган. 
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асака” АТБга: 
эркин иқтисодий зона ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларида банкларнинг, шу жумладан банкларнинг тегишли инвестиция компаниялари орқали 100 фоизгача иштирок этиш; 
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда халқаро молия институтлари, хорижий банклар ва бошқа инвесторларнинг – юридик ва жисмоний шахсларнинг (шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг), давлат ва нодавлат фондларнинг, корхона ва ташкилотларнинг грантлари, кредит линиялари ва инвестициялари, беғараз молиявий ёрдамларини, шунингдек, амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банкларининг кредитларини жалб этиш ҳуқуқи берилмоқда. 
Фармоннинг қабул қилиниши замонавий инфратузилмани изчил ривожлантириш, тақдим этиладиган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматлари сифатини ҳамда Чимён-Чорвоқ рекреация ҳудудига ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий туристлар учун хизматлар даражасини яхшилаш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича масалаларни ҳал этишни тезлаштиришга имкон беради. 
06.12.2017 | 70
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика