Силикон водийсида “Uzbekistan Work Space” ҳудуди очилади

Энди АҚШнинг “Openbuck” компанияси асосчиси Марк Рочман Силикон водийсида мамлакатимиз ахборот технологиялари манфаатларини ҳимоя қилади. Америкалик бизнесмен, электрон тижорат соҳаси экспертининг юртимизга 9 кунлик ташрифи давомида ушбу масала бўйича келишувга эришилди. Марк Рочманга махсус сертификат билан тасдиқланган Силикон водийси ва жаҳон ахборот технологиялари ҳамжамиятида “MUIC” элчиси мақоми берилди. Бу ҳақда ЎзА агентлиги хабар берди.


Ташриф давомида мутахассис Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази, давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор, Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази ҳамда қатор маҳаллий компанияларда бўлди. Мамлакатимиз мутахассислари билан суҳбатда эксперт ахборот технологиялари соҳасини янада тараққий эттириш бўйича юртимизда мавжуд имкониятлардан фойдаланишга доир шахсий тажрибаси, кузатувлари ва ғоялари билан ўртоқлашди. 

“Silikon Valley Talks” лойиҳаси доирасида Марк Рочман Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг Самарқанддаги филиали талабаларига маърузалар ўқиди. Юртимиздаги юзлаб бўлажак IT-соҳаси мутахассислари хорижлик экспертга ўзларини қизиқтирган саволларни бериш ва инновацион ғояларини амалга оширишга оид фикрини билиш имкониятига эга бўлди. 

Шунингдек, меҳмон Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация марказининг Силикон водийси ва жаҳон IT-ҳамжамиятидаги элчиси сифатида “MUIC” вакилларини АҚШда қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Тез орада компаниянинг Калифорниядаги офисида “Uzbekistan Work Space” ҳудуди иш бошлайди, ўзбекистонлик мутахассислар Силикон водийсига хизмат сафари доирасида бу ерда ишлаш имкониятига ҳам эга бўлади. Шунингдек, бизнесмен “Openbuck” компанияси ҳамкорлари ва мижозларидан иборат хорижий компанияларни мамлакатимизда ишлашга жалб қилиш, юртимизни халқаро тўлов тизимлари ва савдо майдончаларининг рухсат этилган рўйхатига киритишда ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. 
28.03.2018 | 123
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика