​«Президентимизнинг ташаббуслари илм-фан ривожини янги босқичга олиб чиқади»

Янги йил арафасида — 2016 йилнинг 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашди. Ушбу тадбирда, шунингдек, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этди.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда янги тарихий давр бошланди. Бу эса жамиятимизнинг барча жабҳасида, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий-гуманитар йўналишлари ва албатта, илм-фанда жадал ривожланишни талаб этаяпти. Чунки илм-фан ҳамда ҳаёт ўртасида шундай узвий боғлиқлик мавжудки, агар у турмушимизга қанча кўп хизмат қилса, ҳаётимиз ҳам илм-фанни бундан-да кўпроқ бойитади. Президентимиз билдирилган устувор вазифалардан шуни чуқур ҳис этиш, англаш мумкинки, илм-фан ва у билан мунтазам шуғулланаётганлар давлатимизнинг доимо эътиборидадир. Учрашувда қатнашган Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Эдвард Ртвеладзе билан суҳбатимиз илм-фанимизнинг келгусидаги ривожланиши истиқболлари ҳақида бўлди. 

— Эдвард Васильевич, давлатимиз раҳбари илм-фан намояндалари билан учрашувда бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилаётгани, бинобарин, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийинлигини алоҳида таъкидлади. Илм-фан ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу юксак эътибор Янги йил арафасида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонида ҳам ўз ифодасини топган. Бу ташаббус илм аҳли томонидан қандай кутиб олинди?

— Аввало, давлатимиз раҳбарига республикамизда илм-фан ривожига, академикларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратаётган юксак ғамхўрлиги учун чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. Президентимизнинг ушбу ташаббуси мамлакатимизнинг барча илм-фан аҳли вакиллари томонидан тўла қўллаб-қувватланиб, катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Фармонга мувофиқ, юртмиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар рўёбга чиқарилади. Алоҳида қайд этилганидек, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бугун жаҳоннинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ва Фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Хорижнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида таълим ва илмий даража олган юртдошларимиз учун мамлакатимизда қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни рағбатлантириш чораларини кўриш кераклиги жуда тўғри вазифа, деб ҳисоблаймиз.

— Президентимиз билан мулоқот давомида мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўплиги, улар ўз мактабларини яратиши, шогирдлар тарбиялаши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

— Дарҳақиқат, Ўзбекистон илм-фани ҳақида гап кетганда, тасаввуримизда ўзининг юксак илмий салоҳияти ва халқаро миқёсдаги нуфузи билан ном қозонган Ғуломов, Массон ва Пугаченкова томонидан яратилган тарихчилар, археологлар, санъатшунослар мактаби гавдаланади. Мустақиллик йилларида бу ишлар нафақат давом эттирилди, балки янги илмий мавзулар билан бойитилди. Албатта, улар илгари ҳам ишлаб чиқилган бўлса-да, бирмунча саёз ва юзаки ўрганилган эди. Ўзбекистон тарихий илм-фаниниг юксак ютуқлари сифатида мен тарих институтлари ва мамлакатимизнинг бошқа илмий муассасалари олимлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва чоп этилган давлатчилик тарихини таъкидлаган бўлардим. Улар орасида “Ўзбекистон давлатчилиги тарихи бўйича очерклар”, “Ўзбекистон давлатчилик тарихи”нинг биринчи жилди, “Ўзбекистон давлатчилиги тарихида Хоразм” китоблари алоҳида ўрин олган. Истиқлол шарофати билан биринчи бор “Ўзбекистон тарихи. Амир Темур ва Темурийлар даври” фундаментал иши яратилди. Унда ўша пайтдаги сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаёт ҳамда Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги роли холисона тасниф этилган.

— Учрашувда кўтарилган масалалардан бири жаҳоннинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ва Фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилди. Бу жабҳада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ахир Ўзбекистон археологлари эришган ютуқлар нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тарихи фондига қўшилган улкан хисса ҳисобланади.

— Ўзбек олимлари жудаям катта илмий захира тўплаганлар, уни ривожлантириш лозим. Юқори салоҳиятга эга кадрлар тайёрлаш масаласини такомиллаштириш, илмий кадрлар ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёни узлуксизлигини таъминлаш, дунё даражасидаги янги олимлар авлодини тарбиялаш зарур.  Оби-раҳмат қояларидаги қазилмалар, юқори палеолит давридаги Жарқўтон қадимги манзилгоҳи, Искандар Зулқарнайн томонидан бунёд этилган Кампиртепа қалъаси, Узундара қадимги қўрғони, Қоратепа ва Фаёзтепадаги буддавийлар ёдгорликлари,  Акшихан-қалъа портрет галереяси ва бошқа кўплаб тадқиқотлар аллақачон бутунжаҳон илм-фанининг олтин фондига кириб улгурди. Шу боис ҳам АҚШ, Австралия, Польша, Чехия, Франция,  Япония ва  россиялик олимлар бу изланишларда бевосита қатнашиш истагини билдирмоқда. Улар орасида яқиндагина вафот этган, Ўзбекистоннинг самимий дўсти ҳисобланган Кюдзо Катони алоҳида таъкидлаган бўлардим. Тарихий илм-фан ва у билан боғлиқ бўлган соҳаларнинг натижалари салмоқли. Мустақиллик йилларида бадиий маданият ва замонавий санъат тарихи яратилишида санъатшунослик фани алоҳида аҳамият касб этди. Шу билан бирга, бундан кейин умумлаштирувчи ишларни яратишни давом эттириш, хусусан, давлатчилик тарихидан бошлаб, шаҳарлар, трансконтинентал йўллар, бадиий маданият ва санъат, археология, тарихшуносликни дунёнинг етакчи тилларига таржима қилиш лозим. Бу эса хорижлик олимлар ва кенг ўқувчилар оммаси учун улардан эркин фойдаланиш имкониятини беради. 

— Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимиз ва жамиятимизнинг замон талаблари даражасида ривожланишини илм-фансиз тасаввур қилиш қийин. Илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади ва назариялар шакллантирилади, келгуси амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилади. Фикрингизча, мазкур йўналиш бўйича келгусидаги вазифалар қандай? 

— Мамлакат раҳбарияти томонидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиши жуда муҳим саналади. Зеро, давлатнинг қўллаб-қувватлашисиз илм-фанни ривожлантириб бўлмайди. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, мазкур омилни энг асосийси, деб биламан. Бугунги кунда қатор давлатларда академик институтлар бюджет асосида фаолият юритади, ажратилаётган грантлар эса қўшимча молиявий манба ҳисобланиб, лаборатория ва табиий шароитларда ўтказиладиган тадқиқотларга йўналтирилади. Мавжуд масалалар эса давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ижроси асносида ўз ечимини топади. 

— Илм-фан иқтисодиётнинг барча тармоқлари тараққиётида катта ўрин тутади. Давлат эса бу йўлда, аввало, олимларга суянади. Бугун илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция ҳар қачонгидан ҳам кўра долзарб аҳамиятга эга. Мазкур жараённи янада кучайтириш учун нималар зарур деб ўйлайсиз?

— Фахрланарли жиҳати, айни пайтда республикамизда ана шу интеграциялашув жараёнлари учун барча шароит мавжуд. Бинобарин, Президентимизнинг турли жабҳалар мутахассислари, олимлар, экспертлар жамоатчилиги ва бошқа манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жуда муҳимдир. Бундай тажриба  хориж мамлакатларида ҳам қабул қилинган. Кези келганда айтиш жоизки, юртимизда ҳам мазкур амалиёт изчил қўлланилаяпти. Аниқ мисол келтираман. Тошкентда “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида” номли улкан лойиҳа амалга оширилмоқда. Эътироф этиш лозимки, у Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқининг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини кўз-қорачиғидек асраб-авайлаш ҳамда кўпайтириш, шунингдек, ёш авлодни умуминсоний ва миллий анъаналар ҳамда қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратаётгани туфайли   рўёбга чиқарилмоқда. Таъкидлаш керакки, мазкур масала давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан у келгуси беш йилга мўлжалланган Ўзбекистоннинг янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига киритилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

— Мазкур лойиҳанинг ноёблиги нимада? 

— Шарқ давлат музейи, Россия этнографик музейи, Третьяковский давлат галереяси ва Россия миллий кутубхонасидаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда бугунги Ўзбекистон ҳудудидан топилган, айни пайтда турли музейлар ҳамда шахсий коллекцияларда сақланаётган буюмларнинг ранг-баранг расмлари ва суратлари билан безатилган тўрт томли китоб-альбом тайёрланди. Қадимги ва бугунги усталар томонидан ясалган дурдона асарлар диёримизнинг ноёб моддий ҳамда бадиий маданиятини ўзида ифода этган. Нашр нафақат илмий тадқиқот доиралари вакиллари учун, балки мамлакатимиз ва хориждаги кенг аудитория, Ўзбекистоннинг бой маданий меросига қизиқадиган ёшларга мўлжалланган. Ўқувчилар альбом билан бирга тақдим этиладиган дискдаги ҳужжатли фильмни томоша қилиб, юртимизнинг бой маданияти ҳамда санъати ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиришлари мумкин. Келгусида Россия, АҚШ, Англия, Германия, Швеция, Франция давлатларидаги музейлар тўпламларидан турли сабаблар билан жой олган бебаҳо тарихий-маданий мерос буюмлари тасвирларини ҳам нашр этиш режалаштирилаяпти. Албатта, мазкур лойиҳа катта аҳамиятга эга. Зеро, у мамлакатимизда тарих фанларини ривожлантиришга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади, бой миллий маданий-тарихий меросимизни янада оммалаштиришга хизмат қилади. 

Ҳеч шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари Ўзбекистонда илм-фан ривожини янги босқичга олиб чиқади.

Екатерина СОБОЛЕВА суҳбатлашди.
09.01.2017 | 664
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика