Қирғизистонда Чингиз Айтматов номидаги орден таъсис этишни таклиф қилишмоқда

Бир қатор парламент депутатлари адабиёт, кинематография ва бошқа санъатлар соҳасидаги кўзга кўринарли ютуқлар учун Қирғизистонда “Чингиз Айтматов” ордени таъсис этишни таклиф қилишди.

Мукофот сермаҳсул ижодий фаолият, гуманизм ғояларини илгари суриш, тинчликни мустаҳкамлаш ва инсониятнинг маънавий тараққиёти учун чет эллик фуқароларга ҳам топширилиши мумкин.

Ташаббусчилар Чингиз Айтматов замонамизнинг машҳур ёзувчиси ва файласуфи, шунингдек, қирғиз адабиёти ва ижодининг рамзи эканлигини таъкидллашмоқда. Ўзининг ижоди ва халқаро жамоатчилик фаолияти билан ёзувчи жаҳон адабиёти ва санъатининг ривожига ҳисса қўшган. Бундан ташқари, янги давлат мукофотининг таъсис этилиши 2018 йилда Чингиз Айтматовнинг 90 йиллик юбилейи нишонланишига тўғри келмоқда.

Қонун лойиҳаси Жўқорғу Кенешга кўриб чиқиш учун ҳавола қилинган. Бугунги кунда Қирғизистон давлат мукофотлари рўйхатида 6 та орден бор бўлиб, булар — I, II, III даражали «Манас», «Қурбонжон додҳо», «Данакер», «Данк», «Дўстуқ» ва «Ботир она» орденларидир.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, Айтматов бугунги куннинг энг кўп ўқилаётган муаллифларидан бири. Унинг асарлари 176 дан ортиқ тилларга таржима қилинган ва 100 млн.дан ортиқ нусхада дунёнинг 128 мамлакатида нашр қилинган. Айтматов асарлари кўплаб мамлакатларнинг мактаб дастурлари ва олий ўқув юртлари дастурларига кирган.

10.04.2018 | 62
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика