#Бугун ўша биз севган «Пахтакор» мухлисининг туғилган куни

altМиллионлаб санъатсеварлар қалбидан жой эгаллаган актёр ва режиссёр Эргаш Каримов 1935 йил 26 октябрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент санъат институтини тугатгандан сўнг 1958-59 йилларда Сурхондарё театрида фаолият юритган. 

Эргаш Каримовни халққа машҳур қилган “Ёшлик” телестудиясидаги телеминиатюралар театрида 1959 йилдан режиссёр ассистенти сифатида илк қадамларини ташлаган. У телеминиатюра театрига 1965 йилдан режиссёрлик қилиб келди, 1997 йилда эса бадиий раҳбарлик бўлди.

Эргаш Каримов санъати ўткир сатира ва кўтаринки руҳ билан суғорилган бўлиб, пластик, мимик ҳаракатлар устаси сифатида танилган. У бир спектаклда бир нечта ролларда чиқиши мумкин. Топқирлик, муболаға билан бўрттириб кўрсатиш, ижродаги табиийлик, ҳазил оҳангидаги соддалик Каримов ижодининг асосини ташкил этади. 

Энг яхши роллари: совчи (С.Аҳмад, “Олиқ-солиқ”), Ғизғизон (Алп Жамол, “Ғизғизон”), синовчи-ичувчи (С.Аҳмад, “Синовчи-ичувчи”), директор (С.Аҳмад, “Лампашиша”), Муқимжон (С.Аҳмад “Биринчи муҳаббат”), Ишқибоз (Алп Жамол, “Пахтакор ютганда ва ютқазганда”), талаба (Э.Мусаев, “Н 2 О”), Қиёмов (Алп Жамол, “Тўзғиган пат”), Соттивой (Алп Жамол, “Ёзаман”), мудир (Алп Жамол, “Ношуд мудир”) ва бошқалар. Унинг 1972 йилда суратга олинган “Учрашув” телеминиатюралар тўпламида ижро этган роллари эл орасида жуда машҳурдир.

Устоз санъаткорнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари эътироф этилиб, Ўзбекистон халқ артисти ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

Санъаткор 2009 йил 4 августда вафот этган.
26.10.2017 | 822
Энг сўнгги янгиликлар биринчи бўлиб Телеграмдаги каналимизда!
@telegrafuz

Бўлишиш:

Шарҳлар (0)
 
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг
Инфографика