Кўз юмиш неча пул туради?

Бу блогпостни ёзишга Фейсбукдаги Зафар Пўлатов исмли киши қолдирган маълумот туртки берди. Унинг постида қуйидаги сўзлар бор эди:
“Ҳозиргина йиғилишдан келдим, ён-атрофдаги кичик «свежий мясо» дўкончаларининг йигитлари йиғилиш чақиришган экан. Сабаб – орамиздаги бир дўконда ўлимтик гўшти янги гўшт ҳисобида арзон сотилибди. Бу гўшт нархининг тушишига сабаб бўлиб, бизнинг мижозларни ўзларига қаратиб олишлари мумкин. Йиғилиш бир соат бўлди, мусулмон битта мен эканман, ҳеч ким ўлакса сотишларига қарши бўлмади, деярли фақат нархи ҳақида гапиришди. Фақат битта татар (чўқинган) йигит Фарғонада бўлган экан, ўша бола мени кўриб, Агар Зафарнинг юртида шу қилиқни қилсанглар билиб қолишса, халқ тошбўрон қилиб ўлдиради деди. Унинг гапларини маъқулладиму уялиб кетдим. Ноябрдан то апрелгача Тошкентга камаз-камаз кетаётган»лаҳад гўшт» кўз олдимга келди.

«Чорсу» бозорида қиймага урилаётган бу гўштни илгари зоопаркка топширишар, деб уйлагандим. Йўқ, зоопаркка тирик мол олишаркан — суриштириб билдим. Шунча ўлакса гўшт қийма, колбаса кўринишида ўзбек дастурхонига кираяпти. Тошкетгача бўлган божхоналарда ёки бозорнинг ўзида наҳотки гўштни кўз билан қараб ажратадиган мутаххасис йўқ бўлса? Борлиги аниқ, фақат кўз юмишса керак. Икки-уч йил олдин бир танишим ҳикоя қилувди: меҳмонга борса, уй эгаси гўшт қовуриб келибди. Овқат еб бўлингач, ўша гўштдан, дея ўлакса гўштлигига ишора қилибди, фақат икки марта қайнатиб, кейин қовурибди – тоза бўлганмиш…” (матн имлоси таҳрир қилинди)

Бу каби фикрлар анчадан бери мени ҳам ўйлантириб келаётганди. Бундан бир неча йиллар аввал Қашқадарёдан таксида келган танишим ҳам ўз кўзлари билан кўрган воқеани айтиб берганди. Ўшанда деярли қуртлаб кетган икки халта гўштни Чорсунинг қайсидир бурчагига олиб кириб, маргансовка ва яна алламбало усуллар билан қайта ишлаб, янгидай қилиб, бозорга олиб кириб кетишганини айтган эди.

Ўлимтик гўштлар бозорларимизга кириб кетаётганини оддий одамлар билиб, хабардор бўлиб турганда, бозор маъмурияти, мутасадди ташкилотлар ходимларининг бундан бехабар қолишига мутлақо ишонмайман. Улар орасида бу ишларга кўз юмаётганлар борлиги аниқ ва бу текин турмайди!

Яна бир гап, яқинда Чорсу айланар эканмиз, чойхонамиз учун Чорсунинг мазали сузмасидан сотиб олмоқчи бўлдим. Шунда ҳамроҳим бу сузмалар қайта ишланиб, уларга палма ёғи қўшилишини айтиб қолди. Хуллас, бозорларимизда ёлғон-алдов, ҳаром-хариш ишлар авж олар экан, фақатгина маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати талаб қилинадиган супермаркетларгагина ишониш мумкин бўлиб қолди. Ҳарҳолда улар арзимаган фойдани деб катта хавф келтирадиган ишни амалга оширишмас…
 
Манба: http://sanjarsaid.uz/kuz-yumish-qancha-turadi/

Бўлишиш:

Шарҳлар (1)
 
Dilroza Yusupova
25.11.2015, 13:59
naxot yurtimizdagi go'sht va shunga o'xshash maxsulorlar yaroqsiz bo'lsa biz ish bilan oilada ulgurmaymiz xamma narsani o'zizmiz tayyorlashga xatto bolalarga xam yarim tayyor maxsulot olib isitib yoki qovurib beramiz nega bunday?
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг