Интернетдан ёр излаб…

altҲафиза, сенмисан?

Саида дугонасининг унга ҳайрон бўлиб, қараб турганини кўриб, кулимсиради.

– Мен Саидаман, дугон. Танимадингми?

– Вой-бу намунча озиб кетдинг, ўртоқ. Тинчликми? 

Ҳафиза инс­ти­тутда 5 йил бирга ўқиб, қадрдон бўлиб кетган дугонаси билан қу­чоқ очиб кўришар экан, қўярда-қўймай уни йўл чеккасидаги кафега суд­ради.

– Юр, бироз ўтирайлик. Уйда уришадиган эринг бўлмаса? Кўр­ма­га­нимга ҳам уч йил бўлибди-я!

Саида анчадан буён дийдорлашмаган ўртоғига дардини ёрди. Бун­дан бир неча йил аввал ажрашган турмуш ўртоғининг уйланганини эши­тиб, адойи тамом бўлганини айтди. Турмушлари давомида феъл-атворлари бир-бирига тўғри келмаганлиги учун ажралишган бўлишса-да, уни ҳамон севишини ана шу шум хабарни эшитиб англаган эди. Саи­данинг гапларини эшитар экан, табиатан қувноқ Ҳафиза хохолаб кулиб юборди.

– Сени қара-ю, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Эрим уйланди, деб аза очиб юраверасанми? Қара, атрофда эркак дегани тиқилиб ётибди. Қадди-қоматинг жойида бўлса, сулувликда унча-мунча аёл ол­дингдан ўтолмайди. Ўзи нега ҳалигача эрга тегманингга ҳам ҳай­рон­ман. Намунча сиқиласан, ўртоқ? Эринг уйланган бўлса, сени ўзингни осишинг керакми? Ундан кўра, сен ҳам бирортасига тегволсанг бўла­ди-ку.

– Қизиқсан-ей, Ҳафиза. Бола билан кимга ҳам керакман. Қизимга бошқа эркак оталик қила оладими? Энди уни деб яшайман, ахир.

– Жинни бўп қопсан? Эртага қизингни турмушга берсанг, сўппайиб ўзинг ўтирасанми? Ҳали ёшсан.

– Мени эрга олинглар, деб кўчага чиқиб бақирайми, бўлмаса. Ўзи кун тартибим бир хил – уйдан ишга, ишдан уйга. Биров билан тани­шиш учун ҳам вақт йўқ.

– Э, ишинг ҳам қурсин. Онангнинг айтгани тўғри ўзи. Ўша ишингга эрга теккансан, сен. Кўчада танишишга вақтинг бўлмаса интернетдаги “зна­комства”га кир. Билсанг агар, бир ўртоғим ўша ерда бойвачча, фирмаси бор эркак билан танишиб, ҳозир унга турмушга ҳам чиққан. Мазза қилиб яшаяпти.

Орадан бир ҳафта ўтиб, иш билан интернетга кирган Саида Ҳафи­за­нинг айтганини эслади. Таваккал қилиб, исмини ўзгартириб ёзди-да, “танишув” сайтида рўйхатдан ўтди. Чиройлироқ расмини жой­лаш­тиришни ҳам унутмади.  Орадан беш дақиқа вақт ўтар-ўтмас унинг номига олтита хабар келганини кўриб, қувониб кетди.  Хабарларнинг бар­часи эркаклардан эди. Ёшига мос келадиганини танлаб, унинг сертакаллуфлик ила шеърлар билан ёзган мактубига жавоб битди. Кунлар кетидан кунлар ўтар Саида номига келаётган хабарларнинг сони кўпайганда-кўпайиб борарди. Аммо уларнинг орасида  бахаё­лар­ча таклифларнинг ҳам тез-тез учраётганлиги Саиданинг тобора асабига тега бошлади. Ҳануз фақатгина ҳол-аҳвол сўраб, ўзини кам­тарона тутаётган уч нафар  виртуал танишлари билан ёзишиб, қол­ган­ларига мутлақо жавоб бермай қўйди. Айниқса унга ўзини Санжар деб таништирган одам жуда ҳам ёқарди. Ёши 45 да. Ҳар доим танишув сайтига кириб, ундан келган хабарни очганида, суратдан  ёқимтой, кўриниши  қайсидир хорижий актёрни эслатувчи эркак кулиб қараб турарди. Саида  бир ой ичида янги танишига шунчалик боғланиб қолдики, ҳар куни ундан хабарни интиқиб кутарди. Санжарга бир-ик­ки маротаба учрашишни таклиф қилиб, ёзмоқчи бўлди-ю, ғурури йўл қўймади. Бугун эрталабдан танишув сайтига кириб, келган хабар­ларни эринчоқлик билан текшириб кўрар экан, Санжарнинг суратини кў­риб ўзида йўқ қувонди.

“Салом, Саидахон. Ҳақиқий исмингиз жуда ҳам чиройли экан. Сиз­ни билмадим-у, аммо мен ҳар куни сиздан хабар кутаман. Теле­фо­нингизни ҳам бермадингиз. Шундай латофатли аёлнинг албатта ово­зи ҳам ширали бўлса керак. Бугун кечки овқатни бирга қилмай­миз­ми? Қаерга келиб туришни айтсангиз, етиб бораман. Фақат бир-биримизни топишимиз учун қўл телефонингиз рақамини беринг. Ме­ни­ки 392........”

Саида орзиқиб кутган дамлар ниҳоят келган эди. Шоша-пиша рози бўлиб, жавоб ёзди. Тақдир-тақозоси билан фарзанд доғида куйиб  ои­ласидан  ажрашган,  боласи бўлса ҳам ўзига меҳрибон, тушунадиган аёл қидираётганлигини, атрофдаги танишлари ҳеч ҳам унинг дидига ўтиришмаслигини хабарларида билдирган Санжар билан келгуси ши­рин турмушини тасаввур қилар экан, Саида сабрсизлик билан кечки 18.00 бўлишини кутарди.

Белгиланган жойга етиб келганида соат 18.40 бўлган эди. Кели­шил­ган пайт эса 18.30 эди. 10 дақиқага кеч қолибди. Саида бежирим қўл соатига назар ташлаб, атрофга аланглади. Сал нарироқда турган оқ “Nexia”дан тушган эркакка бефарқ назар ташлади-да, яна йўлга кўз тикди. Сўнг сабрсизлик билан Санжарнинг телефон рақамини тер­­ди. Машина олдида турган эркакнинг телефонинга қараётганини кў­риб, ажабланди

– Сиз Саидахонмисиз? Мен Санжарман.

Саида олдида ёши 60 ларга яқинлашиб қолган, паст бўйли, қорин­дор эркакка ажабланиб қаради.

– Аммо... Мен..

– Ҳа, биламан. Сиз бошқа одамни кутгансиз. Мен ҳақиқатдан ҳам Сан­жарман. Аёллар чиройли эркакларга ошиқ бўлишади. Суратим ўр­нига  бир чет эл актёрини расмини қўювдим, бунинг учун албатта узр сўрайман. Шаҳарда кўпчилик мени танийди, ортиқча гап-сўз бўл­масин, дедим-да. Қолган гапни бир пиёла чой устида давом этти­рар­миз, марҳамат.

Орзиқиб кутган танишувининг ёлғон билан бошланишини кутмаган Саида иккиланиб қолди, Санжарнинг “Қани, марҳамат” дея машина эши­гини очиб турганини кўргач, ноилож олдинга юрди. Машинада яна бир эркак ўтирарди. Уни Шароф  ака, ўртоғим деб, таништиргач, Санжар машинани юргизди.

– Аслида, Шароф акани уйлантирмоқчимиз, – деди Санжар жим­ликда танновул қилинган овқат устида. – Бечора, хотини уйдан ҳай­да­гач, қаерга боришини билмай юрибди. Мардлик қилиб, борини ои­ласига ташлаб чиқиб кетган. Рози бўлсангиз, никоҳ ўқитиб, бирга яша­сангиз. Ойим бор девдингиз. Вақтинчалик қизингизга ойингиз қа­раб турса. Чиқишиб кетсангиз, мен ҳам савобга қолардим. Шароф ака хотинли, қизингиз отали бўларди.

Шу пайтгаача умидлари чил-парчин бўлиб, ўзини зўрға тутиб турган Саида, кесатиб деди.

– Шароф акамиз, анча қари кўринадилар, ёшлари нечада, ўзи? 

– Э, эркак одамнинг ёшини сўраб нима қиласиз. Ҳали Шарофбой ака куч-қувватга тўла. Худо хоҳласа ўғил туғдиришга қодир. А Шароф­бой ака, нима дедингиз?

Шу пайтгача ўзини сипо тутиб, гапга қўшилмай ўтирган Шароф пиёладаги тани­шув учун қўйилган ароқни бир кўтаришда сипқирди-да, анчадан буён совун кўрмаган рўмолчаси билан ёғли лабларини арт­ди.

– Мани учта ўғлим бор. Тақдир экан, хотин билан келишолмай қол­дик. Шу ёшда кўчада қолишни ўзи бўлмайди. Худо хоҳласа сизга тоғдай суянчиқ бўлишга ҳали қувватим бор.

Саида жаҳлини аранг босди:

– Иссиқ жой қидириб юрибман, денг. Демак, сизни кир-чирингизни ювиб, сидқидилдан хизматкорлик қилсам, кўнглингизни хушласам бир йилдан кейин уйланасиз. Бўлмаса бошқа жой қидирасиз, шун­дай­ми?

– Албатта, аввал бир-биримизни синашимиз керак. Турмуш қуриш­нинг ўзи бўлмайди. Менга жуда ёқиб қолдингиз, – деди Шароф  чай­­налиб.

– Сиз нотўғри тушундингиз, Саидахон. “Синалмаган отнинг сир­ти­дан ўтма“ деганла­ри­дек, аввал бир-бирларингга кўникинглар де­моқ­чимиз. Ўртада Шароф акада законний аж­рашишига ҳам вақт бў­ла­ди.

Санжар гапини тугатишга улгурмай, Саида уни бўлди:

– Ўзингиз ёшингизни 45 да деб ёзиб, камида 60 ни уриб қўйгансиз, шекилли. Бунинг устига одамлар тақдири ўртасида даллолман денг.  Дал­лоллигингиз учун қанча ҳақ оласиз?

Санжарнинг юзи қизариб, пешонасини реза тер қоплади. Аввалги сертакаллуфлигидан асар ҳам қолмади.

– Намунча, нозланасиз? Ёш қиз бўлмасангиз. Хотинлик қил­гингиз келмаса, балки бир кечага келишармиз.

– Сиз... сиз. Мени ким деб ўйлаяпсиз?

Жаҳли чиққан Саида шахд билан ўрнидан туриб, пальто­сини кия бош­лади.

– Ўзингизни босинг. Кимлигингиз аён. Ўзингизни хаёли, иболи аёл қилиб кўрсатмай қўяқолинг. Бундай бўлганида, эрсираб, танишув сайтидан эр қидириб юрмаган бўлардингиз.

Санжарнинг сўнгги сўзлари Саиданинг қулоғига кирмади. Ҳислари топталган, ҳақоратланган аёл тамаддихонадан югурганича чиқиб кетар экан, юзини юваётган кўз ёшлари ёғаётган совуқ ёмғир билан қўшилиб оқарди.

Ҳуқуқшунос маслаҳати:

Ҳаётимизга интернетнинг кириб келиши натижасида жа­ми­­­ятимиз аъзолари кўпроқ ахборот олиш имконига эга бўл­ди­лар. Интернетнинг ижобий ва салбий томонлари хусусида ба­таф­сил тўхталиб ўтирмай, фақатгина танишув сайтларига эъ­тиборингизни қаратмоқчиман. Ке­йин­ги пайтлари ҳар куни сони кўпайиб бораётган мазкур танишув сайт­­ларида эркак ва аёлларнинг асосий қисми бошқа ном билан рўйхатдан ўтишади. Ўзларининг яширин, яқинлари ва  танишларига ай­та олмайдиган фикрларини интернет орқали виртуал таниш­ларига тўкиб солиб, қайсидир жиҳатдан кўнгилларини бўшатишади. Тўкис ои­ласи бўла туриб, четдан бир-икки кунлик кўнгилхушлик истаганлар учун ҳам ҳозир бу сайтлар жуда қўл келмоқда. Энг ачинарлиси, қаҳрамонимиз Саидахонга ўхшаб, яхши ният билан унга кирганлар кам­дан-кам учрайди. Шунингдек, узоқроқ шаҳардан бошқа ном, бошқа одамнинг сурати билан танишиб, “учрашувга бориш” учун янги та­ни­шидан йўл пули ундираётган фирибгарлар ҳам оз эмас. Шунинг учун танишув сайтларидан ўзингизга дўст ёки турмуш ўртоғи изла­моқчи бўлсангиз, албатта қуйидаги қоидаларга риоя қилинг:

– Виртуал танишингиз фирибгар, сиз билан кўнгилхушлик учун та­нишиш ниятида эмаслигига ишонч ҳосил қилмагунингизгача тел­е­фо­нингиз, уй манзилингизни берманг;

– Россия, Корея давлатларида меҳнат қилаётган аксарият юртош­ла­римиз асосан зерикканларидан, Ўзбекистонни соғиниб, бўш вақтла­рини ўтказиш мақсадидагина танишув сайтига киришларини унутманг;

 –Аксарият вилоятдаги эркаклар пойтахтдан бошпана топиш ва рўй­хатдандан ўтиш ниятида танишишга ошиқадилар;

– Виртуал танишингиз бошқа шаҳардан бўлиб, учра­шиш­га ке­лиш учун йўл пули сўраб юракни ларзага келтирувчи хабар жўнатса, ҳеч қачон унга пул юбора кўрманг. Балки ило­жини қилиб келиши, сўнг унинг йўл билан боғлиқ муам­мо­ларини биргаликда ҳал қили­шингиз ҳақида ёзиб юборинг;

– Учрашувга таклиф қилинсангиз,  одамлар гавжум, нейтрал жой­ни тан­ланг. Чунки унинг уйи ёки офисига борсангиз, ҳолат­нинг хўжайини вир­туал танишингиз бўлиб қолади, зеро ҳар бир инсон ўз ҳудудида ўзини эркин сезади;

– Сиздан банкдаги ҳисоб рақамингизни сўраб, унга катта пул жўна­тиш ниятида  бўлган виртуал танишларингизга ишон­манг. Бу ноқо­ну­ний йўл билан топилган пулни “ювиш”нинг бир усули, бўлиши мумкин.

Бўлишиш:

Шарҳлар (1)
 
Dilroza Yusupova
25.11.2015, 13:32
Xa aynan tanishuv saytlarining birida shunga o'xshash xolatga tushgandim eslayman bir qadirdon vertual do'stim rasmimni skachat qib olib men bilan oshiq mashuq bo'lmasang rasmingni fotoshop qilib tarqtaman degandi o'shanda lekin unaqa do'st va tanishuv saytidan bira to'la kechib qo'ygandim o'shanda.
Фикр қолдириш учун сайтга Киринг